«Ниҳоятда кучли эскалация»: экспертлар Қорабоғдаги ҳолат ва унинг келажаги ҳақида
Қорабоғ ҳудудида аввалги жанговар ҳаракатлар тўлқини якунланганига уч йилча бўляпти. Янги тўқнашувлар нега бошланди ва у нима билан тугаши мумкин? BBC экспертларга шу саволни берди.
2020 йилги 44 кунлик уруш якунларига кўра Озарбойжон Қорабоғнинг бир қисми ва унга ёндош туманларни қайтариб олган эди. Қорабоғга Озарбойжон, Арманистон ва Россия раҳбарларининг келишувига кўра россиялик тинчликпарвар кучлар киритилганди. Улар арманлар истиқомат қиладиган ҳудудни назорат қилиб, уларнинг хавфсизлигини таъминлаши кўзда тутилган.
Арманистон Бокунинг деярли барча талабларига рози бўлган, эвазига Қорабоғда истиқомат қилувчи арманларнинг хавфсизлигига кафолат ва Хонканди билан тўлақонли музокаралар талаб қилган. Қорабоғнинг ўзида эса бир неча ойдирки ҳуманитар кризис давом этмоқда — 2020 йил декабридан буён ҳудудни Арманистон билан боғловчи Лочин йўлаги тўсиб қўйилган.
Қорабоғда нималар бўляпти?
«Жанговар ҳаракатларнинг бошланишига ўтган оқшом мина портлаши натижасида олти нафар озарбойжонлик ҳарбийлар ҳалок бўлгани бевосита сабаб бўлган. Бироқ, жанглар бошланиши учун қулай фон Озарбойжон томонининг арманлар ўт очиш режимини бузаётгани, арман кучлари томонидан янги позицияларда хандақлар қазилаётгани тўғрисидаги хабарлар билан бойитиб турилди», — деб ёзади Жанубий Кавказдаги можаролар бўйича тадқиқотчи Лоренс Броерс.
«Қорабоғни тобора «кулранг зона» деб атаётган, у ерда қуролланган гуруҳлар мавжудлигига тоқат қилиб бўлмаслигини таъкидлаётган, бу ердаги айирмачиларнинг барча тузилмаларини тарқатиб юборишга чорлаётган Озарбойжоннинг риторикаси унинг мотивлари тўғрисида аниқ белги бериб турган эди», — деб ёзган Броерс X (собиқ Twitter) тармоғида ва сешанба куни бошланган жанговар ҳаракатлардан сўнг постлар сериясини эълон қилган.
У сўнгги бир неча ҳафта ичида Қорабоғ яқинида Озарбойжон қўшинлари тўпланаётгани ҳақидаги хабарлар кенг тарқалганини қайд этган. Шунингдек, Исроилдан Озарбойжонга янги қурол-яроғлар партияси жўнатилган ва бу ҳам ҳарбий ҳаракатларга тайёргарлик кўрилаётганидан нишона бўлган.
Озарбойжон, афтидан, бу операцияни қиш келгунча якунлашга қарор қилган, чунки қор ёғиши билан тоғларда ҳарбий ҳаракатлар олиб бориш қийинлашади. Боз устига, Қорабоғ атрофидаги вазият тинчликпарвар кучлар мавжудлигига таянарди, бироқ Россия Украинага ҳужум қилиши ҳамоно уларнинг мулоқот ўрнатишдаги роли йўққа чиқди.
«Бугун арманлар ва озарбойжонлар ҳар икки халқ ўзи учун яратиб олган турлича параллел реалликларда яшашмоқда. Арманларнинг реаллигида Озарбойжон ва Туркия арман ҳалқига нисбатан янги геноцид уюштирмоқчи ва шу сабабли «муносиб жавоб қайтариш керак». Озарбойжонликлар эса 30 йиллик хўрланишлардан сўнг «адолатли қасос» фурсати етиб келган, деб ҳисоблайди. Ҳар икки реалликда иккинчи томоннинг оғриқлари ва орзуларига ўрин қолдирилмаган. Этник тозалашлар айнан шундай бошланади», — дейди BBC муҳаррири Фамил Исмоилов.
Бу Озарбойжоннинг «якуний сапчиши» бўла оладими?
Еревандаги Кавказ институти директори Александр Искандарян BBC билан суҳбатда эскалация нима билан тугаши тўғрисида хулоса қилишга ҳали тайёр эмаслигини айтди.
«Қорабоғнинг ҳаво ҳужумига қарши имкониятларини йўқ қилиш ва ўчиришга бўлган уринишлар бу жуда кескин эскалация эканидан далолат бериб турибди. Кейинчалик йўлак очилиши, одамларга Қорабоғни тарк этиш имкони яратилиши ҳам мумкин. Бу қанчалик имконли ва реал эканини айтиш қийин, лекин бу эскалация планкасининг жуда юқорига кўтарилишидир», — деган Искандарян.
Жойлардан келаётган видеокадрлар ва хабарларга кўра, Озарбойжон армияси чиндан ҳам жанговар ҳаракатларнинг дастлабки босқичида ер усти операцияларига эмас, душманнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини йўқ қилишга қаттиқ эътибор бермоқда, — дейди BBC ҳарбий шарҳловчиси Илья Абишев.
Зарбалар биринчи навбатда зенит-ракета мажмуаларига — радиолокаторлар, учириш қурилмалари, шунингдек, радиоэлектрон кураш тизимларига берилмоқда. Бу вазифани амалга ошириш учун Бокуда улкан арсенал бор.
Арман кучларининг советлар даврида ишлаб чиқарилган эски ҲҲМ тизимларини ишдан чиқариш Озарбойжон учун ҳавода тўлиқ устунликни қўлга киритишни англатади. Бу ҳолатда кейинги босқичда авиация қийинчиликсиз душманнинг барча ҳарбий инфратузилмасини вайрон қилиб, уни иложсиз вазиятга солиб қўяди. Якуний босқичда ер усти операцияси ўтказилади ва унинг натижаси олдиндан маълум бўлади.
Арманларнинг Қорабоғда иҳоталангани, Озарбойжоннинг ҳарбий ташаббуси юқорилиги инобатга олинса, бу босқичларнинг барчаси тез-тез якунланиши мумкин. Гап Озарбойжон раҳбарияти жорий ҳарбий операцияда қандай режаларни кўзлаганида.
«Агар қуруқликдан операция ўтказилиб ўрмонлар ва тоғлардан иборат массивни тўлиқ тозалаш мақсад қилинган бўлса — бу узоқ давом этади. Бироқ Қорабоғда мавжуд бўлиб турган қуролланган ноқонуний гуруҳлар қуролларини тушириб, Келбажар ва Ағдамдан чиққани каби Озарбойжон ҳудудини тарк этадиган бўлса, кейинчалик Қорабоғдаги арман жамоатчилигининг етакчилари билан интеграция, фуқароликни тан олиш ва ҳ.к. музокаралар йўлга қўйилади», — деб ҳисоблайди ҳарбий эксперт Озод Исозода.
Россия тинчликпарвар кучлари нима қилади?
Россия тинчликпарвар кучлари Қорабоғда 2020 йил ноябрида — Алиев, Путин ва Пашинян Иккинчи Қорабоғ урушига нуқта қўйган баёнотни имзолашганидан сўнг жойлаштирилган.
Айнан ўша баёнотда Россия тинчликпарвар контингенти «ўт очишни тўхтатиш устидан назорат қилиш» учун жойлаштирилиши қайд этилган ва барча томонлар бу шартга рози бўлган.
Мана, ўт очилмоқда. Нега тинчликпарвар кучлар жим туришибди?
Кремлдагилар ҳарбийлар «арман ва озарбойжон томони билан контактда» эканини таъкидлашмоқда. Давлат думасининг мудофаа қўмитаси раиси Андрей Картаполов эса токи тинчликпарварларга таҳдид йўқ экан, улар қуролдан фойдаланишга ҳақли эмаслигини таъкидлади.
Аслида ҳам шундайми?
Шу йил феврал ойида «Радио Азатутюн» (RFE/RL’нинг арман тилида чиқадиган бўлими) «Қорабоғ можароси ҳудудида тинчликпарвар операциялар ўтказишга мандат тўғрисида»ги расмий сўровига Арманистон ва Россия мудофаа вазирлари имзо қўйган жавобни олган. Унда фуқаролардан иборат аҳолининг ҳаёти ва саломатлигига таҳдид юзага келганида тинчликпарвар кучлар қурол ишлатишга ҳақли экани қайд этилган.
Муаммо шундаки, Озарбойжон бу ҳужжат остига имзо қўймаган. Бироқ Пашинян ҳужжат учтомонлама баёнотнинг давоми эканига, шу сабабли Бокунинг имзосисиз ҳам амал қилишиша ишонтирмоқчи бўлган, бироқ юридик жиҳатдан олиб қаралса бундай деб бўлмайди.
Россиялик тинчликпарвар кучларда «тинчликка мажбурлаш», яъни куч ишлатишга изн берувчи БМТ мандати ҳам йўқ. Тўғри, Россия ТИВ бу мандат аслида шарт ҳам эмаслиги, Боку ва Ереван тинчликпарвар кучларнинг «иш юритиш усулига рози» эканини қайд этишган.
19 сентябр куни кечга яқин Россия мудофаа вазирлиги ниҳоят баёнот билан чиқди. Вазирлик версиясига кўра, россиялик тинчликпарвар кучлар «ўт очиш режимини тўхтатишга амал қилмасликнинг кўплаб фактларини қайд этишган» ва «кун бўйи вазиятни мониторинг қилишмоқда».
Тинчликпарвар кучлар яна тинч аҳолини эвакуация қилиш билан ҳам шуғулланмоқда. Арманистоннинг собиқ омбудсмани Арман Татоян бу хабарни тасдиқлаб, қўшимча қилди: «фуқаролик шахслари, жумладан болалар россиялик тинчликпарвар кучлар томонидан чегараолди ҳудудларидан Қорабоғ ҳудудининг ичкарисига эвакуация қилинмоқда».
Тинчликпарвар кучлар орасида ярадорлар ва ўлганлар ҳақида хабар чиқмаяпти. Тадқиқотчи Лоренс Броерснинг ҳисоблашича, россияликлар орасида йўқотишлар йўқлигига сабаб – уларни «огоҳлантиришган».
Сулҳ музокаралари нима бўляпти?
Сешанба куни кечқурун Озарбойжон Қорабоғдаги арман аҳолиси вакиллари билан Евлах шаҳрида баъзи бир қатор шартлар бажарилганидан сўнг учрашишга тайёр эканини маълум қилди.
«Аксилтеррорчилик операцияси тугатилиши учун қуролланган ноқонуний арман бўлинмалари оқ байроқни кўтариб, барча қурол-яроғларни топшириб, Қорабоғдаги ноқонуний режим эса ўзини ўзи тарқатиши керак», — дейишган Алиев маъмуриятидагилар.
Акс ҳолда «аксилтеррорчилик чоралари» «охиригача» ўтказилади, дейилган баёнотда.
Арманистон собиқ омбудсмани Татоян Боку томонидан илгари сурилган шартларни «барча нарсани йўқотиш» деб атаган.
«Агар қандайлир институционал асосга эга бўлган барча органлар тарқатиб юборилса, ташкилий функцияга эга бўлган қандайдир зарра ҳам қолмайди. Бу эса функциялар тўлиқ Озарбойжонга ўтишини билдиради. Озарбойжон у ерда нимаики мавжуд бўлса ҳаммасини бошқаради. Бу — фожиа дегани.
Мен улкан репрессиялар бошланишидан қўрқаман. Моҳиятан бу Озарбойжон учун Қорабоғ ҳудудига бемалол кириб келишни англатади, у ерда эса ўн минглаб одамлар яшашади... Озарбойжон тинмасдан ён беришни талаб қилиб келмоқда. Қорабоғдаги арманлар эса: аввал жанговар ҳаракатларни тўхтатиб, музокаралар столига ўтирайлик ва шартларингизни муҳокама қилайлик, дейишмоқда», — деган Татоян.
2020 йилги Қорабоғ уришидан сўнг Ереван ва Боку сулҳ шартномасини имзолаш ҳақида гапириб қолишганди. Арманистон бош вазири Никол Пашинян ва Озарбойжон президенти Илҳом Алиев ва уларнинг дипломатлари Москвада, Брюсселда, Вашингтонда учрашишди. Озарбойжон сулҳ шартномаси имзоланиши учун аввалроқ Арманистонга беш пунктдан иборат шартларини тақдим этганди: бу — чегараларни ўзаро тан олиш, ҳудудий даъволарга эга бўлмаслик, ҳарбий куч ва куч таҳдидларини қўллашдан воз кечиш, чегараларни демаркация қилиш ва транспорт коммуникацияларини очиш.
Арман томони ҳамма шартга рози бўлган. Пашинян Қорабоғни Озарбойжоннинг бир қисми деб тан олган. Бироқ арман томони ҳам ўз шартини қўймоқда — қорабоғлик арманларнинг хавфсизлигига кафолат бериш ва бу кафолатларни таъминлаш учун халқаро механизмларни яратиш.
«Озарбойжон Хонканди билан яхши музокара олиб бора олмади. Мулоқот вариантлари тақдим этилди, бироқ уларнинг барчаси можарони авторитар ечиш ирмоғида бўлди, яъни Хонкандининг объективлиги умуман ҳисобга олинмади, яъни уларнинг мавжуд давлатчилик анъаналари, уларнинг ўз ҳокимият тузилмаси борлигига инкор этилди», — дейди социолог Беҳрўз Самадов.
Эксперт фикрича, Боку тан олинмаган республикадан ўзини ўзи бошқарув органларини йўқ қилишни талаб қилмоқда. Лекин шунга қарамасдан, Озарбойжон уларга аниқ интеграция сиёсати таклиф этмаяпти, дейди Самедов.
«Интеграция уларнинг тилларида, ҳеч қандай интеграция сиёсати ёки арманларни интеграция қилиш нарративи йўқ. Арманлар доминант коллектив хаёлида «бегона»лигича қолмоқда ва буни ўзгартириш учун ҳеч қандай чора кўрилмаган», — дейди социолог.
2020 йилги урушгача Қорабоғда 120 минг арман миллатига мансуб аҳоли яшаган. Айни пайтда қанча арман яшаётгани — номаълум.
Арманлар (айниқса Қорабоғда яшайдиганлари) ва озарбойжонлар ўртасида ўттиз йил ичида сиёсат ва жароҳатловчи тажрибага асосланган ўзаро ишончсизлик шаклланган. Арманлар Сумгаитни эслашади, озарбойжонлар Хўжалини: можаро авжига чиққан паллада бу жойларда тинч аҳоли вакиллари ўлдирилган — арманлар ҳам, озарбойжонлар ҳам.
СССР парчаланганидан сўнг рўй берган бошқа можароларга солиштирилса, бу ерда миллий омил жуда кучли. Тбилисида абхазлар жамоаси яшашади, Абхазияда эса гуржилар, Днестрбўйида молодванлар бор, Молдовада эса руслар. Бироқ, озарбойжонлар энди Арманистонда яшашмайди, арманлар эса Озарбойжонда. Ўзини «мустақил» деб эълон қилган ва тан олинмаган ТҚРда ҳам озарбойжонлар йўқ.
Экспертлар фикрича, бу ва бошқа омиллар томонлар ўртасида ишонч пастлигига олиб келади ҳамда Боку, Ереван ва тан олинмаган ТҚР вакиллари ўртасидаги музокараларни мураккаблаштиради.
Мавзуга оид
10:44 / 14.12.2024
ГФРда ХДИ/ХСИнинг икки аъзоси Озарбойжонга пора эвазига ёрдам берганликда айбланмоқда
14:22 / 08.12.2024
Озарбойжонда мушкул вазиятда қолган Ўзбекистон фуқароси ватанга қайтарилди
09:23 / 05.12.2024
Пашинян: Арманистон КХШТ билан муносабатларда ҳал қилувчи нуқтадан ўтди
00:59 / 21.11.2024