Ўзбекистон | 09:30 / 26.09.2023
44382
4 дақиқада ўқилади

Ота-онасига президентдан раҳмат олиб берган йигит. Ҳарвард университетининг оқдарёлик талабаси ҳақида

Оқдарёлик Шодиёрхон Абдивойитов дунёнинг кучли бешталигига кирувчи Ҳарвард университети талабаси. У Америкада қолиши ёки Тошкентдаги нуфузли компанияларда ҳам ишлаши мумкин эди. Аммо Шодиёрхон олган билимлари ва моддий имкониятини ўзи туғилиб ўсган оқдарёлик ёшларнинг илм олишига шароит яратиш учун йўналтирди.

Президент Шавкат Мирзиёев Самарқандга ташрифи доирасида бир гуруҳ оқдарёлик фаоллар билан учрашди. Улар орасида “Joy akademy” ўқув маркази асосчиси, Ҳарвард университети талабаси Шодиёрхон Абдивойитов ҳам бор.

Шодиёрхон президент билан учрашиш ҳақида ўйлаганмиди? Президент унга нима деди? Бу учрашув ёш йигитга нима беради? Нега у отасининг тадбиркорлигини давом эттирмади ва илм олди?

Шодиёрхон ва унинг ота-онаси билан суҳбатимиз шу каби саволлар атрофида кечди.

Шодиёрхон Абдувойитов ўзининг бугунги муваффақияти замирида оила, боғча, мактаб таъсири катта бўлганини айтди.

“Оқдарё туманидаги 52-ИДУМда таҳсил олдим. Ўқитувчиларимизга раҳмат айтаман, эрта тонгдан кун ботгунча биз билан ишлашарди. Ўша меҳнатлар самараси билан Сингапур менежментни ривожлантириш институтига ўқишга кирдим. Ўқишим давомида турли жойларда ишладим, халқаро компаниялар билан ҳам онлайн ишлаб кўрдим. Буларнинг ҳаммаси мен учун тажриба бўлди.

Менда пойтахтда қолиб ишлаш имконияти ҳамиша бўлган. Бироқ ўзим туғилиб ўсган Оқдарёнинг Пичоқчи маҳалласида ўқув марказимни ташкил қилдим. Шу чекка жойлардаги тенгдошларим, яқинларим аввало илм ўргансин, салоҳияти ошсин, дедим. Шукур, мана, иккита ҳудудда филиалларимизни ташкил қилиш арафасида турибмиз. Одатда бундай марказлар пойтахтда ташкил қилиниб, кейинчалик ҳудудларда очилади. Бизда тескариси бўлди. Барча ҳудудларда “Joy akademy” ўқув маркази филиалларини ташкил қилмоқчиман.

Насиб қилган экан, Ҳарвард университети талабаси бўлдим. Мен дунёнинг энг нуфузли университетида таҳсил олиб, ватанимга қайтмоқчиман. Ўрганганларим, бор салоҳиятимни юртимиз равнақи учун тикишни ният қиляпман.

Шунчаки, хорижда яшаш ниятим йўқ. Бир кишининг бой бўлиши, яхши яшаши билан бахтга эришиб бўлмайди”, – дейди Шодиёрхон.

“Ўғлим президент билан учрашди. Давлат раҳбари ўғлимга алоҳида таъкидлабди: ота-онангга, сенга тарбия берганларга раҳматимни, саломимни етказиб қўй, дебди. Бу сўзлардан бошим осмонга етди, ниҳоятда фахрландим”, – дейди Толибхон Абдижалилов.

Толибхон аканинг қўшимча қилишича, фарзандларида дастлаб ўзининг орзуларини кўришни истаган. Замонавий билим олиб, хорижий тилларни ўрганса, ўзининг ёнига кириб тадбиркорлик қилишидан умид қилган. Бироқ фарзандлари кўпроқ илм йўлини танламоқда. Шундай бўлса-да, фарзандларининг қароридан қувонгани, фарзанд келажаги учун тикилган сармоя энг яхши сармоя эканини билдирди.

Шодиёрхон давлат раҳбари билан учрашувини изоҳлар экан, бу мулоқот унга шунчаки фахр берибгина қолмай, келгусида янада яхши натижаларга етаклаши, катта руҳий рағбат эканини маълум қилди. 

Мавзуга оид