Жаҳон | 23:34 / 27.09.2023
10130
2 дақиқада ўқилади

Ҳиллари Клинтон НАТО кенгайиши Путин сиёсатининг натижаси эканини айтди 

«Афсуски, Владимир, бу ўзингни сиёсатинг», деди Клинтон. 

Фото: Getty Images

АҚШ собиқ давлат котиби Ҳиллари Клинтон НАТО кенгайишига Россия президенти Владимир Путин айбдор, деди. Унинг сўзларидан Reuters иқтибос келтирди. 

«Афсуски, Владимир, бу ўзингни сиёсатинг», деди Клинтон. Унинг қўшимча қилишича, «ҳеч ким НАТО аъзоси бўлишга мажбур эмас» ва бу ҳақда ҳар бир давлат мустақил равишда қарор қабул қилади. 

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Клинтонга жавоб бериб, у «ҳамма нарсанинг «оёғини осмондан келтириш» ва тушунчаларни алмаштиришга уринишлари билан танилганини» айтди. 

«Клинтон хонимга эслатиб қўядиган бўлсак, НАТО кенгайишининг кўплаб тўлқинлари ва алянс ҳарбий инфратузилмаси чегараларимизга яқинлашаётган пайтда Путин Ғарб давлатларига ушбу вазиятни муҳокама қилиш бўйича қатъий таклиф берди. Ва лойиҳаси Россия томони томонидан тайёрланган маълум бир ҳужжатни (хавфсизлик кафолатлари тўғрисида) имзолашни сўради. Бироқ, Ғарб давлатлари буни муҳокама қилишни қатъий рад этди. Ва бунда Украинада давом этаётган ҳарбий амалиёт нимага бошлангани мутлақо аниқ бўлади», деди Песков. 

Россия қўшинларининг Украинага кенг кўламли бостириб киришидан кейин йиллар давомида нейтрал бўлиб келган Финляндия ва Швеция НАТО аъзоси бўлиш учун ариза берди. 2023 йил апрел ойида Финляндия алянсга аъзо бўлди ва Россиянинг НАТО билан қуруқликдаги чегараси икки баравар кўпайди.

Мавзуга оид