Жамият | 15:37 / 30.09.2023
30380
7 дақиқада ўқилади

Милтиқдан ўқ еб омон қолган 5 ёшли болакай – ўзи нима бўлганди?

Фарғонанинг Қўштепа туманида вояга етмаган шахс пневматик қуролдан 5 ёшли болани бехос отиб қўйди. Ўқ болакайнинг ўпкасини ёриб ўтиб, юрагининг чап қоринчасига кириб қолган. 5 соат давом этган мураккаб жарроҳлик амалиётида шифокорлар юракни тўлиқ тўхтатиб, ўқни олиб ташлаган. Kun.uz мухбири билан суҳбатлашган шифокорлар вақт йўқотилганда бола ҳалок бўлиши мумкинлигини айтди.

Мўъжиза туфайли тирик қолган болакай шифокорлар назоратида бўлиб муолажани уйида давом эттиряпти.

Ўқ ўпкани тешиб ўтиб юракнинг чап қоринчасига қадалиб қолган эди

“Шифохонага 11 сентябр куни 5 яшар Абдуллоҳ Қодиров ўқ еган ҳолатда оғир аҳволда олиб келинди. Болакайнинг қон босими ва юрак уришлари нотекис эди. Зудлик билан уни жарроҳлик столига олдик. 5 соат давом этган жараёнда юракни бутунлай тўхтатиб ўқни юракнинг чап томонидан олиб ташлашга эришдик. Ўқ юракни тешиб ўтгани учун юракни тўхтатишга мажбур бўлдик. Ўқ ўпкани тешиб ўтиб юракнинг чап қоринчасига қадалиб қолганди.

Камолиддин Раҳманов ва Давлетбай Жугинисов. Бола ҳаётини сақлаб қолган шифокорлар

Операция жараёни кечикканида ўқ бош миягача таъсир кўрсатиб бундан-да кўнгилсиз ҳолатлар ҳам бўлиши муқаррар эди. Юракни тўхтатиб очиб кўрганимизда ўқ атрофида тромб ҳосил бўлганининг гувоҳи бўлдик. Тромб инсултга ҳам олиб келиши мумкин эди”, – дейди шифокорлар Камолиддин Раҳманов ва Давлетбай Жугинисов.

Абдуллоҳ Қодиров

Вояга етмаган шахснинг қўлига қурол қандай тушиб қолди? Болакайнинг яқинлари бўлиб ўтган воқеа тафсилотларини сўзлаб берди.

Телевизор кўраётганимда қўшни маҳаллалик бола ўғлимни бехос отиб қўйди

“Ҳовлимиз орқасида жойлашган чорвачилик хўжалигида молбоқар бўлиб ишлайман. Ўша куни қоровулхонада телевизор кўриб ўтиргандим.

Эргашали Шомиров. Абдуллоҳнинг отаси

Хўжаликда чиқадиган сувнинг бошқа жойларга қараганда мазаси бошқача. Шунинг учун аҳоли бу ердан сув ташиб ичади. Ўша куни қўшни маҳаллада яшовчи 13 ёшли Жавлонбек ҳам сув идишини кўтарганича қоровулхонага кириб келди. Бу пайтда эса икки ўғлим уйда кечки овқат тайёр бўлгани ҳақида хабар бериш учун мени чақиргани келди.

Пневматик қурол шу сўри тагида бўлган
Чорва хўжалиги қоровулхонаси

Чорва хўжалигида қорамоллар қатори паррандалар ҳам боқилаётгани сабаб уларни ёввойи итлардан ҳимоя қилиш учун пневматик қурол сақланади. Шу қурол мен ўтирган сўрининг тагида эди. Телевизорга қизиқиб кетиб қўшни маҳаллалик боланинг шу қуролни қўлига олгани ва кичик ўғлимга қарата ўқ узганини билмай қолибман.

Чорва хўжалиги

Ҳаммаси бир зумда содир бўлди. Боламнинг қўли қонга беланганини кўрдим холос. Зудлик билан Абдуллоҳни касалхонага олиб кетдик. Қўшни маҳаллалик бола ҳам ичида ўқ борлигини билмай қолган. Вазиятда ҳеч кимни айбламайман. Ўзимнинг бепарволигим панд берди”, – дейди Абдуллоҳнинг отаси Эргашали Шомиров.

Операция олдидан шифокорлар ўғлингиздан рози бўлинглар деб олдимиздан ўтишди

“Ўғилларим ҳар куни овқат тайёр бўлган маҳал отасини ишхонасига кириб чақириб чиқарди.

Ҳалима Шомирова, Абдуллоҳнинг онаси

Ўша куни тўнғич ўғлим югуриб келиб укамни отиб қўйишди деб бақира кетди. Карахт бўлиб қолдим. Чорва хўжалигига кирсам Абдуллоҳни машинага солиб касалхонага олиб кетишган экан. Орқасидан етиб бордим. У ердан вилоят тез тиббий ёрдам бўлимига олиб кетдик.

Операция олдидан шифокорлар ҳар қандай ҳолатга тайёр туришимизни, Яратгандан дуо қилиб сўрашимизни айтиб биздан рози ризочилик олиб чиқиб кетишди. 10 кун реанимацияда ётдик. Шукурлар бўлсин, ўғлим Абдуллоҳ анча яхши энди. Барчаси ортда қолди”, – дейди Абдуллоҳнинг онаси Ҳалима Шомирова.

“Катта неварам укамни отиб қўйишди деб бақирганича уйга кириб келди...”

“Ўғлим Эргашалининг чорвачилик хўжалигига ишга кирганига энди 10 кун бўлган эди. Икки неварам отасини кечки овқатга айтиш учун кирган.

Фотима Шомирова. Абдуллоҳнинг бувиси

Сув олиш учун хўжаликка келган қўшни маҳаллалик бола кичик неварам Абдуллоҳни отиб қўйиб қўрқиб қочиб кетибди. Катта неварам укамни отиб қўйишди деб бақирганича уйга кириб келди...

Аввал туман, кейин эса вилоят тез тиббий ёрдам бўлимига олиб бордик. Неварамни Яратганнинг ўзи қайтиб берди. Операция қилган шифокорларга минг раҳмат. Абдуллоҳ анча ўзига келиб қолди. Соғ-омон касалхонадан олиб чиқдик”, – дейди Абдуллоҳнинг бувиси Фотима опа Шомирова.

Пневматик қурол кўздан пана жойда сақланиши керак эмасми?

“Уста бўлиб ишлайман. Кечки пайт ишдан қайтсам уйда ИИБ ходимлари бор экан. 13 яшар ўғлимнинг эса эс-ҳуши жойида эмас, қўрқувдан титрарди.

Иномжон Қорабоев. Абдуллоҳни отиб қўйган боланинг отаси

Ичимлик сув олиб келиш учун фермага борганида қоровуллар овқат ейишга таклиф қилишибди ўғлимни. Кейин эса сўри тагида ўқланиб турган қуролни ўйнаб туриб қоровулхонада ўтирган 5 яшар болани отиб қўйибди.

Пневматик қурол кимники бўлса ҳам уни кўздан пана жойда сақлаши керак эмасми? Биргина эътиборсизликни деб қанча тинчимизни йўқотдик. Реанимациядан қайтган Абдуллоҳнинг ҳолидан хабар олиб турибмиз. Яхшиямки, болакай омон қолди...”, – дейди Иномжон Қорабоев.

Айни пайтда Абдуллоҳнинг аҳволи яхши. Доимий шифокорлар назоратида. Ҳозирда ҳолат юзасидан Қўштепа тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб бориляпти.

Қонунчиликка кўра, ўқотар қуролни ва унинг ўқ-дориларини, шунингдек пневматик қуролни, тиғли совуқ қуролни сақлаш, олиб юриш, ташиш қоидаларини бузиш инсон ўлимига ёки бошқа оғир оқибатлар келиб чиқишига сабаб бўлса, айбдор тегишли тартибда жавобгарликка тортилиши кўзда тутилган.

Сарвар Зиёев, Kun.uz
Монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев

Мавзуга оид