Жаҳон | 14:21 / 10.12.2024
1701
2 дақиқада ўқилади

Украина РФ ва эгаллаб олинган ҳудудлардан 5 нафар болани қайтарди

Украинага қайтганлар орасида яқинда вояга етган уч йигит ҳамда 11 ва 14 ёшли болалари ота-онасининг украинапараст позицияси туфайли Россия Федерациясида таъқибга учраган тўрт кишилик оила ҳам бор.

Фото: Telegram / ermaka2022

2022 йил февралида Россия ҳужумидан кейин Украинадан олиб кетилган беш украиналик бола ўз ватанига қайтди. Бу ҳақда 9 декабр, душанба куни Украина президенти девони раҳбари Андрей Ермак ўзининг Telegramʼдаги каналида маълум қилди.

Қайтарилганлар орасида - яқинда вояга етган уч украиналик. Ермакнинг сўзларига кўра, улардан икки нафари Россия Федерациясида узоқ вақт бўлиб, у ерда психологик босимни бошдан кечирган, учинчиси эса Россия армияси томонидан эгаллаб олинган ҳудуддан Украинага қайтиб келган. Володимир Зеленскийнинг идораси раҳбари гап қайси минтақа ҳақида кетаётганига аниқлик киритмади.

Бундан ташқари, Украинага мустақил равишда эвакуация қилиниш имкони бўлмаган 77 ёшли аёл ҳамда 11 ва 14 ёшли болалари ота-онасининг украинапараст позицияси туфайли Россия Федерациясида таъқибга учраган тўрт кишилик оилани қайтарилди. «Уларнинг ҳикоялари одамлар ишғол остида яшашга мажбур бўлган даҳшат ва қўрқувнинг далилидир», деб ёзади Ермак.

Украиналик болаларнинг Россияга ноқонуний депортацияси

2023 йилда Ҳаагадаги Халқаро жиноий суд Россия президенти Владимир Путин ва Россия президентининг болалар ҳуқуқлари бўйича вакили Мария Лвова-Беловани эгаллаб олинган Украина ҳудудидан болаларни олиб чиқиб кетишда айблаб, ҳибсга олишга ордер берган эди. Кремл бу айбловларни рад этади.

2023 йил март ойида Украина болаларни Россия Федерациясига мажбуран депортация қилишнинг 16 мингдан ортиқ ҳолати тўғрисида маълум қилди. Украинадан олиб кетилган кўплаб болалар ноқонуний равишда оилаларга берилади ёки болалар уйларига жойлаштирилади.

Мавзуга оид