Ўзбекистон | 10:05 / 30.09.2023
24768
1 дақиқада ўқилади

Сергелида мураккаб вазиятдан фойдаланиб, аҳолидан пул ундириш ниятида бўлган шахслар аниқланди

Улар ҳукумат томонидан бепул амалга оширилаётган ишлар учун фуқаролардан пул сўраётгани маълум бўлди.

Фото: Тошкент шаҳри ҳокимлиги

Тошкент шаҳар Сергели туманида содир бўлган фавқулодда ҳодиса натижасида аҳолининг зарар кўрган уй-жойларини тиклаш ишлари жадал давом этмоқда.

Пойтахт ҳокимлиги эълон қилган баёнотда маълум қилинишича, бу ишларнинг барчаси аҳоли учун бепул амалга оширилмоқда.

Қайд этилишича, мураккаб вазиятдан фойдаланиб, аҳолидан пул ундириш ниятида бўлган шахслар мавжудлиги аниқланган. 

“Улар ҳукумат томонидан бепул амалга оширилаётган ишлар учун юртдошларимиздан пул сўраб, уларнинг соддалигидан фойдаланмоқда”, дейилади хабарда.

Ҳокимлик барча ишлар бепул равишда бажарилаётганини билдириб, бу шахсларнинг гапларига ишониб, алданиб қолмасликка чақирди.

Аввалроқ бош вазир матбуот котиби талафот суммаси давлат томонидан қопланаётгани ҳақидаги саволга жавобан, сарфланган маблағлар тегишли тартибда жавобгар томондан ундирилишини айтганди.

Мавзуга оид