Жаҳон | 00:09 / 03.10.2023
10072
2 дақиқада ўқилади

АҚШ ҳозир Украинага фақат фавқулодда ёрдам кўрсатиши мумкин – Оқ уй

Америка ҳукуматини молиялаштириш лойиҳасини қабул қилиш билан боғлиқ муаммолар замирида Украинага ёрдам масаласида қисқа муддатли қийинчиликлар юзага келди.

Фото: Reuters

Оқ уй матбуот котиби Карин Жан-Пиер сўзларига кўра, ҳозир АҚШ ҳукуматни молиялаштириш лойиҳасини қабул қилишдаги қийинчиликлар фонида Украинага фақат қисқа муддатли ёрдам кўрсатиш имкониятига эга.

«Бизда Украинанинг жанг майдонидаги фақат шошилинч эҳтиёжларини қондириш учун етарли маблағ бор — қисқа вақт шундай бўлиб туради, бу узоқ муддатли вариант эмас», деди Жан-Пиер.

Оқ уй вакилининг қўшимча қилишича, Украинага PDA (Presidential Drawdown Authority) механизми орқали ажратилган маблағлар миқдори ҳақида аниқ маълумотни Пентагондан олиш мумкин. Унинг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар яқин орада Украинага навбатдаги ҳарбий ёрдам пакетини тақдим этади.

30 сентябр куни Қўшма Штатларда ҳукуматни молиялаштиришнинг вақтинчалик лойиҳаси қабул қилинди, унда Украинага молиявий ёрдам назарда тутилмаган.

АҚШ Конгресси Вакиллар палатасидаги демократик озчилик етакчиси Ҳаким Жеффрис Украинага пул ажратиш масаласи 2 октябр куниёқ кўриб чиқилиши мумкинлигини айтди.

Аввалроқ Bloomberg манбалари АҚШ президенти Жозеф Байден яқин орада иттифоқчиларга қўнғироқ қилиб, Вашингтон Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатишни давом эттиришга тайёрлигини ишонтириши ҳақида хабар берган эди.

Мавзуга оид