Жаҳон | 18:09 / 04.10.2023
38782
5 дақиқада ўқилади

Қорабоғни деярли барча арманлар тарк этди. Хонкандининг ҳувуллаган кўчаларидан суратлар

БМТ маълумотига кўра, бу ерда қолган аҳоли сони мингга етмайди.

Хонкандига киришдаги блокпост. Фото: Aziz Karimov / Getty Images

Мавжуд маълумотларга кўра, сўнгги кунларда 100 мингдан ортиқ киши Қорабоғни тарк этганидан кейин, бу ерда қолган этник арманлар сони 1000 нафарга етмайди. Бу ҳақда ҳудудга 30 йил ичидаги илк ташрифини амалга оширган БМТ миссияси хабар берди.

БМТ миссияси регионга якшанба куни тонгда келган, унинг асосий вазифаси ҳуманитар вазиятга баҳо бериш ҳисобланади.

БМТнинг Озарбойжондаги доимий координатори ҳамда агентликнинг бошқа юқори мартабали ходимлари бошчилигида ўтказилган сафар якунларига кўра эълон қилинган баёнотда миссиянинг кузатувлари ва бу ерда қолган маҳаллий аҳоли вакиллари билан суҳбатлари тасвирланган.

БМТ ходимлари Агдамдан Хонкандигача (арманлар Степанакерт деб атайди) борган. Қайд этилишича, Хонкандининг улар борган қисмларида фуқаролик инфратузилмаси, жумладан, шифохоналар, мактаблар ва турар жой бинолари, маданий ва диний обидаларга ҳеч қандай зарар етказилмагани аниқланди. Шунингдек, ўт очишни тўхтатиш режимидан кейин куч ишлатиш ҳолатлари ҳақида хабарлар бўлмаган.

Аммо миссия аъзолари шаҳар бўшаб ётганидан ҳайратга тушишган.

«Миссия маҳаллий аҳоли уйларини нақадар тезлик билан тарк этгани ва улар қандай азобларни бошдан кечирганидан ҳайратда қолди. Биз суҳбатдошлардан эшитишимизча, бутун Қорабоғ ҳудудида 50 дан 1000 нафаргача этник арман қолган», дейилган баёнотда.

Қорабоғ қутқарув хизмати вакили Хунан Тадевосян якшанба куни Хонкандида қолган аҳолини «бир қўл бармоқлари билан санаш» мумкинлигини айтганди.

Якшанба куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 100 мингдан ортиқ арман Қорабоғдан Арманистон ҳудудига ўтгани ҳақида хабар берди.

Арманистон ҳукумати душанба куни кечқурун ҳолатига Қорабоғдан у ерда Озарбойжоннинг сўнгги ҳарбий амалиётига қадар яшаган 100,5 минг киши қочиб келгани ҳақида маълум қилди.

Дам олиш кунларида Al Jazeera телеканалида намойиш этилган кадрларда Хонкандининг марказий майдони бўшаб ётгани, ҳудуд чиқиндилар, ташлаб кетилган аравачалар ва самокатлар билан тўлгани акс этган.

БМТ миссияси Лочин йўлаги бўйлаб чегара пункти томон ҳаракатланган ва йўлда автомобилларга дуч келмаган. Гуруҳ аъзоларининг сўзларига кўра, ҳозирда маҳаллий аҳолининг келгусида бу ерга қайтиш нияти бор ёки йўқлигини аниқлаш қийин.

БМТ кузатувчилари қайд этишича, вазият нормаллаши учун томонлар ўртасидаги ишончни мустаҳкамланиши талаб этилади, бунинг учун эса вақт ва барча томонларнинг саъй-ҳаракатлари лозим.

Сешанба куни Ереванга Франция ташқи ишлар вазири Катрин Колонна ташриф буюрган. У бу ташрифи орқали Франция Қорабоғдан қочқинлар оқими шароитида Арманистонни қўллаб-қувватлашини тасдиқлашга қаратилган.

Катрин Колонна мамлакатга фавқулодда тиббий ёрдам олиб келган ва Арманистон бош вазири Никол Пашинян билан учрашган. Аввалроқ Франция ёрдам ҳажмини 12,5 млн еврога ошириши хабар қилинганди.

Emmanuel Dunand / AFP / Scanpix / LETA
Aziz Karimov / AP / Scanpix / LETA
Emmanuel Dunand / AFP / Scanpix / LETA
Emmanuel Dunand / AFP / Scanpix / LETA
Хонкандида ҳамма ёқда аҳолининг тартибсиз қочиши излари кўриниб турибди
Emmanuel Dunand / AFP / Scanpix / LETA

Бу вақтда Россия мудофаа вазирлиги душанба куни россиялик ва озарбойжонлик ҳарбийлар Қорабоғда мерган томонидан ўққа тутилгани ҳақида хабар берган.

«Хонкандида (Степанакерт) номаълум шахс мерганлик қуролидан Россия-Озарбойжон қўшма патрулига қарата ўқ узди. Жабрланганлар йўқ», — дейилган Россия мудофаа вазирлиги хабарида.

Озарбойжон мудофаа вазирлиги душанба куни арман кучлари дрон орқали зарба бергани ҳақида хабар қилганди.

Арман ҳарбийлари эса шу куни Озарбойжонни Арманистон қуролли кучлари шахсий таркиби учун озиқ-овқат олиб кетаётган машинани ўққа тутишда айблади. Бунга жавобан Боку бу маълумотни «мутлақо ёлғон» деб атади.

Озарбойжон полицияси ва россиялик тинчликпарвар кучлар Хонкандига киришдаги блокпостда. 2023 йил 2 октябр
Emmanuel Dunand / AFP / Scanpix / LETA

Мавзуга оид