Жамият | 12:54 / 05.10.2023
23369
3 дақиқада ўқилади

Орол фожиаси ҳақида чиқиш ва Майкл Жексоннинг афсонавий қўшиғи билан. Самарқанд экофоруми якунланди

Самарқанд шаҳрида 1 октябр куни бошланган Марказий Осиё экофаоллари иштирокидаги экологик форум якунланди. Ёпилиш маросими Самарқанд сайёҳлик марказидаги Samarkand Regency меҳмонхонасида ўтказилиб, унда Ўзбекистон биринчи хоними Зироатхон Мирзиёева ҳамда Шаҳноза Мирзиёева иштирок этди.

Фото: Zamin фонди

Ёпилиш маросимида сўзга чиққан Зироат Мирзиёева барча иштирокчиларга раҳмат айтиб, минтақадаги экологик вазиятга барча масъул эканини таъкидлади.

Маросимда асосий урғу кутилганидек экология мавзусига қаратилди. Бадиий қисмда Орол фожиаси ҳақида мулоҳазага ундовчи ажойиб саҳна кўринишига уйғунлашган видеоролик эълон қилинди. Саҳна кўриниши бошида сувга тўлган денгиз тасвирлари, охирида эса денгизнинг қақраган саҳрога айлангани кўрсатилди. Саҳна кўринишини нутқий нуқсони бўлган ёш йигит-қизлар маромига етказиб ижро этишди. Томошабинлар эса уларни махсус жестлар билан қўллаб-қувватлади.

Журналист, экофаол Никита Макаренко ва Женисбек Пиязов иштирокидаги навбатдаги чиқиш ҳам Орол мавзусига бағишланди. Клипда Орол тўлди ва қўшиқдан сўнг ёш қизалоқ Орол фожиаси ҳақида сўзлаган таъсирли монологида денгиз тўлгани ижодкорларнинг орзуси экани айтилди. «Орол тўладими? Буни сайёрамиз билади», деб тугатилди монолог.

Кейинчалик Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Тожикистон ёшлари ўз мамлакатларида иқлим ўзгаришларига қарши кураш доирасида нима ишлар қилинаётганини тақдимот қилиб беришди. Айниқса ўзбекистонлик ва қозоғистонлик ёшларнинг чиқишлари меҳмонларда яхши таассурот қолдирди.

Барча давлат вакиллари чиқишидан аввал Камолиддин Ўринбоев дирижёрлигидаги оркестр ўша миллатнинг машҳур мусиқаларини чалиб турди. Экранда эса давлат байроғи ва ўша мамлакатнинг машҳур экоманзиллари кўрсатилди. Шунингдек, минтақа давлатлари миллий қўшиқлари жонли ижрода куйланди. Масалан, Ўзбекистон экофаоллари тақдимотга чиқишидан аввал оркестр ўзига хос терма мусиқа чалди.

Экофорум ёпилиш маросимида уч кун давомида гуруҳларга бўлиниб, минтақа экоҳаётини яхшилаш бўйича ўз ғояларини муҳокама қилган иштирокчилар охирги кунда мартабали меҳмонлар, ЮНИСЕФ раҳбарияти вакиллари, экоэкспертлар қаршисида саралаб олинган якуний таклифларини билдиришди.

Иштирокчилар уч кунлик муҳокамалардан кейин қуйидаги таклифларни илгари суришди:

  • давлатлар эколойиҳаларни молиялаштирувчи фонд ташкил қилиши керак;
  • Марказий Осиёдаги бизнес экологик талабларга мувофиқ ишлаши шарт;
  • минтақа ёшлари экология бўйича қонунчилик ишлаб чиқишда ва мавжуд қонунларга тузатиш киритишда қатнашиши керак. Уларнинг овозлари инобатга олиниши, экология вазирликлари қошида ёшлар қўмитаси ташкил қилиниши, экоқонунлар ёшлар иштирокисиз чиқарилмаслиги лозим;
  • ёшларга экология мавзусида фикр алмашиш учун платформа керак;
  • ёшларнинг волонтёр экани ўқишга кираётганда инобатга олиниши керак;
  • болалар боғчаларида яшил бурчаклар ташкил этиб, болалар экохабардорлигини ошириш учун бу мавзудаги мултфилмларни кўпайтириш керак;

Юқори савияда ташкил этилган ёпилиш маросимининг бадиий қисми афсонавий америкалик санъаткор Майкл Жексоннинг Earth Song (Сайёра ноласи) қўшиғи билан якунланди.

Мавзуга оид