Ўзбекистон | 17:08 / 06.10.2023
11323
3 дақиқада ўқилади

Ботқоқликка айланган Бўзсув ва Салар: муаммолар гирдобидаги ҳудуд эътиборга муҳтож

Юнусобод тумани Боғишамол кўчаси, Республика перинатал маркази, Бўзсув ва Салар каналлари атрофи маиший муаммолар ичида қолиб кетган. Чиқиндига тўлган йўл четлари-ю Бўзсув ва Салар каналлари, тартибсиз жойлашадиган юк машиналари... Қачонлардир яшил ва обод бўлган ҳудуднинг аҳолисини ҳозирча ҳеч ким тинглаётгани йўқ.

Фото: Kun.uz

Айни кунларда Тошкентдаги Бўзсув ва Салар каналлари жуда ачинарли ҳолатда, деярли ботқоқликка айланиб қолган. Каналлар на ўт-ўланлардан, на чиқиндилардан тозаланган, яъни атрофи қаровсиз ва чиқиндилар йиғиладиган ҳудудга айланиб қолган.

Ҳолбуки, маҳаллий аҳолининг эслашича, бу ерлар 10 йилча аввал кўм-кўк даҳа бўлган. Ҳозир эса дарахтлар кесилган, унинг ўрнини эса баҳайбат юк машиналари эгаллаган.

Пиёдалар йўли масаласи эса алоҳида мавзу, яъни у деярли мавжуд эмас. Масалан, Университет кўчасидан Салар каналигача пиёдалар йўлаги йўқлиги боис йўловчилар машина йўлининг бир қисмидан юришга мажбур. Бу эса пиёдаларнинг хафсизлигига ҳам, йўл тартиб-қоидасига ҳам мутлақо тўғри келмайди.

Шу йўлнинг қарама-қарши томони – Тошкент Педиатрия тиббиёт институти клиникасига элтувчи йўл қурилиш учун мўлжалланган оғир машиналар турар жойига айлантирилган. Юк машиналарнинг турар жойи бўлмаган бу ҳудуднинг эндиликда банд этилгани пиёдалар ва талабаларга ноқулайлик туғдирмоқда. Бу майдон қачонлардир сўлим хиёбон бўлган.

Ноқулайликлар ҳамда атроф-муҳитнинг тобора қараб бўлмас аҳволга айланиб бораётгани маҳаллий аҳоли, шунингдек, институт талабаларининг норозилигига ҳам сабаб бўлмоқда. Талабаларнинг айтишича, ҳозирда йўллар тирбанд, пиёдалар йўлаги йўқ, бори ҳам таъмирталаб.

Тез орада совуқ кунлар келиши, ёғингарчиликларининг бошланиши ноқулайликларни яна ҳам оширади.

Маҳалла аҳолиси, Республика перинатал марказига ташриф буюрувчилар (беморлар ва уларнинг яқинлари) ҳамда талабалар учун ҳар жиҳатдан ноқулай бўлиб қолган бу ҳудуд Тошкент шаҳар ва Юнусобод туман ҳокимликларининг эътиборига мухтож.

Қолаверса, юк автомобиллари ва махсус техника воситалари бетартиблик “бекати”га айлантирган жойлар ҳам тегишли идораларнинг назоратига олинмаса бўлмайдиган ҳолатга келиб қолган.

Бўзсув ва Салар каналлари шу ҳолда қолдириладиган бўлса, шундоқ ҳам экологик муаммолар домида қолаётган Тошкентнинг аҳволини янада оғирлаштиради.

Бу муаммолар ҳудуд ва унда яшовчи аҳоли тақдирига бефарқ бўлмаган Юнусобод туман ҳокимлиги учун кўп ҳам бошқотирма бўлмайди, деб умид қиламиз.

Мавзуга оид