Сузиб юрувчи қишлоқ – Филиппиндаги қабила нега бамбук тахталарида яшашга мажбур?
Филиппиннинг Агусан ботқоқликларида Манобо қабиласи яшайди. Уларнинг уйлари сув устида қурилган. Иқлим ўзгариши маҳаллий аҳолини кутилмаган бўрон ва сув тошқинлари билан қийнаб қўймоқда. Бироқ улар аждодлари анъанасини давом эттириб, охиргача шу ботқоқликда яшашни афзал кўради. Хўш, нега?
Филиппиннинг Агусан ботқоқликларида жойлашган Манобо маҳаллий жамоаси сув тошқинлари, сув сатҳининг кўтарилиши ва тайфунларга бардош бера оладиган сузувчи уйларда яшайди. Уларнинг уйлари бундан 60 йилча олдин қурилган. Ҳозир Манобо қабиласи деярли ҳар куни иқлим ўзгариши оқибати билан курашишига тўғри келяпти. Ҳудудда сув сатҳи 10 метргача ўзгариши мумкин. Жараён тартибсиз бўлгани учун ҳам уни олдиндан айтишнинг иложи йўқ. Бу ерда июн ойида сув тошқини мавсуми бошланган. Ҳудудда бутун йил давомида бўронлар ва тайфунларнинг сони кескин ошган. Аммо Манобо қабиласи ҳаётини тошқинларда яшашга мослаштириб олган. Улар бўронлар вақтида уйларни бир-бирига арқонлар ёрдамида боғлайди. Арқон уй атрофи ва остидаги дарахт ходаларига маҳкамланади.
Аҳолининг айтишича, уйлар доимий сув тошқинлари пайтида сувга тўлган. Вақт ўтиб, уларнинг аждодлари табиий бамбуклардан сузиб юрадиган уйлар ясаган. Уйлар тошқинлар вақтида ҳаракатланиб, ўзини асраб қолади. “Бу тажрибани ўрганиш қийин бўлса ҳам уни билиб олишга мажбурмиз. Биз учун тошқинлар ҳеч қачон муаммо бўлмаган. Ҳар қандай юқори тошқинда ҳам уйларимиз биз учун қулай”, – дейди маҳаллий аҳоли вакили.
Манобо жамияти етакчиларидан бири кекса Маритес Бабанто сув-ботқоқлар ҳажми олдингидек эмаслиги, улар қисқарганини айтади. “Болалигимда Агусан ботқоғида жуда кўп сув бўлганини эслайман. Оила қурганимдан бери иқлим ўзгариши туфайли жуда кўп ўзгаришлар бўлди. Ботқоқ қуриб, бўронлар кучайиб, атроф-муҳитимизни ўзгартирди”, – дейди у.
Агусан Марш қўриқланадиган ҳудуд бошлиғи Шеррилин Васкеснинг сўзларига кўра, иқлим ўзгаришининг назорат қилиш жуда қийин бўлган жиҳати ботқоқ ўтларининг тез ўсиб кетишидир. “Бу таъсир жамиятга оғир бўлди. Чунки сувли кунлар камайган. Баъзида у ерга қайиқда бориш қийин бўларди ва жамоаларнинг ўзлари, айниқса маҳаллий аҳоли қийналмоқда. Бу уларнинг кундалик балиқ овига таъсир қилади. Тошқинлар вақтида сув тоза бўлади, биз балиқларни ғамлаб оламиз”, – дейди у.
Қабила бошлиғи Дату Рееш сув гулларининг кўпайиб кетиши уларнинг кундалик ҳаётига қандай жиддий таъсир кўрсатаётганини шундай тушунтиради. “Балиқ овлаш тўрларимизни ишдан чиқишига сабаб бўлади. Уларни олиб ташлаш учун қўлимиздан келганича ҳаракат қиляпмиз”, – дейди у.
Сув гуллари глобал экологик муаммо бўлиб, сув йўллари ва дарёларни тўсиб қўяди. Бу эса кенг кўламли сув тошқини келтириб чиқаради. Уларни йўқ қилиш эса қийин.
Манобо қабиласи атроф-муҳитнинг тез ўзгаришига қарамай, сувда ўз ҳаёт тарзини сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқда. Улар ўзларини ботқоқнинг қўриқчилари деб ҳисоблайдилар ва келажак авлодлар учун маҳаллий муҳитни асраб қолишга ҳаракат қилишади. Аммо уларнинг вазифаси тобора қийинлашиб бормоқда. “Биз иқлим ўзгариши ҳақиқатини бошдан кечирмоқдамиз. Ер сувга, сув эса ерга айланиб боряпти. Ҳозир ботқоқликлар қуриб, ўрни ерга айланиб боряпти”, – дейди Реес.
Манобо қабиласининг ҳаёт тарзи иқлим таҳдидларига қандай мослашишга яхши мисол бўла олади.
Мавзуга оид
16:24 / 02.12.2024
Ўзбекистон ЖСТ аъзолиги бўйича Филиппин билан музокараларни якунлади
18:05 / 27.11.2024
Истиқлол қишлоғининг ташвишли қиши
18:12 / 24.11.2024
Филиппин пойтахтида ёнғин бошланди: мингга яқин уй ёниб кетди
20:28 / 23.11.2024