Ўзбекистон | 14:30 / 07.10.2023
12409
16 дақиқада ўқилади

“Бу ер бизнес қиладиган жой эмас” — фаоллар Ботаника боғи тақдиридан хавотирда

Тошкентдаги яшилликдан иқтисодий манфаатларда фойдаланиш нотўғри, дейди Ботаника институти директори Комилжон Тожибоев. Фақатгина тор доира вакилларининг манфаати кўзланяпти, бошқа нарса эмас дейди институтнинг яна бир олими. Боғнинг мақомини ўзгартириш унинг алоҳида илмий аҳамиятга эга бўлган узоқ йиллик коллекцияларининг йўқотилишига олиб келади, деб ҳисоблайди Олий Мажлис Сенати. 

Фото: Kun.uz

Идоралараро муҳокама қилинаётган ҳукумат қарори лойиҳасида кўра, Тошкентдаги Ботаника боғи ЎзФА ихтиёридан шаҳар ҳокимияти ҳузуридаги дирекцияга берилиши кўзда тутилган эди.

Жамоатчиликнинг эътирозларидан сўнг Ботаника боғи истироҳат боғига айлантирилмайдиган бўлди. Бунга қадар Олий Мажлис Сенати, Экопартия, фаол жамоатчилик ҳамда олимлар бу қарорнинг салбий оқибатлардан хавотир билдиришди.

Айни пайтда Ўзбекистон Фанлар академиясининг Ботаника институти балансида бўлган Ботаника боғининг ҳокимият тасарруфига ўтказилиши ҳақидаги хабарлар тармоқларда катта муҳокамаларга, ўз ўрнида эътирозларга сабаб бўлди. Улар қаторида ўз хавотирларини билдираётган бир қанча олимлар ва жамоатчилик фаоллари Kun.uz мухбирига бу қарор қандай оқибатларни юзага келтириши мумкинлиги ҳақида гапириб берди.

“Тошкентдаги яшилликдан иқтисодий манфаатларда фойдаланиш нотўғри”

Ботаника институти директори Комилжон Тожибоевнинг айтишича, ҳозирда урбанизация даражасининг ортиши, йирик шаҳарларнинг кенгайиб бориши Ботаника боғига ўхшаган объектларга бўлган "ҳужум"ларни кўпайтиряпти. Бу биргина Ўзбекистонда эмас, Марказий Осиё, МДҲ давлатларининг йирик шаҳарларидаги Ботаника боғлари учун ҳам доим стресс бўлиб келган.

“Нима учун Ботаника боғининг илмий, маданий-маърифий, хўжалик фаолиятини илмга ихтисослашган тузилмалардан ташқарига чиқариб бўлмайди? У хоҳ давлатники, хоҳ хусусий секторники бўлсин, албатта, илмий тузилма тасарруфида бўлиши лозим. Нимага? Чунки бу ҳолат халқаро стандартларда тасдиқланган 3 та асосий вазифанинг йўқолишига сабаб бўлади. Мана шу 3 та вазифа боғнинг Ботаника боғи сифатидаги мақомини сақлаб туради.

Биринчиси бу – илм. Ботаника боғи маҳаллий ёки интродукция қилинган, яъни ўзга ҳудудлардан олиб келинган ўсимликлар устида илмий тадқиқотлар ўтказишга ихтисослаштирилган объект бўлиши лозим. Ўзбекистон ёки Марказий Осиё миқёсида оладиган бўлсак, боғ бу ҳудуднинг флорасини сақлаб қолиш, ундан оқилона фойдаланишни илмий асослаб беришга ҳамда турли ўсимлик гуруҳларининг хусусиятларига ихтисослаштириб, жонли коллекция ташкил этиш, шу коллекциялар асосида илмий фаолият олиб боришга хизмат қилади.  

Иккинчиси бу – муҳофаза. Биринчи вазифадан келиб чиққан ҳолда флора дунёсини ҳимоя қилиш муҳим. Яъни бунда эътибор камёб, йўқолиб бораётган, халқаро ёки мамлакатнинг қизил китобига киритилган ўсимликлар, антропоген, иқтисодий-ижтимоий, иқлим ўзгариши ёки бошқа биологик сабаблар билан боғлиқ ҳолатда камайиб кетаётган ўсимлик турларини табиатдан ажратиб олган ҳолда уларни муҳофаза қилишга қаратилади. Ҳозирги кунда Ботаника боғларига реинтродукция вазифаси ҳам юклатилмоқда. Бунинг маъноси – йўқолиб кетаётган ўсимликларни экиб, ўстириб, кўпайтириб, унинг биологик хусусиятларини ўрганиб, табиатга қайтаришдир. Ўзбекистонда бу функцияни бирор тузилма бажармайди, бажаролмайди ҳам. Чунки бунга катта имконият ва салоҳият керак.

Учинчи муҳим вазифа бу – билимларни оммалаштириш. Биологик, ўсимликларнинг хилма-хиллиги, уларни муҳофаза қилишга қаратилган билим ва қадриятларни тарғиб қилиш ҳам аҳамиятли. Буни экологик билимларни оммалаштириш деса ҳам бўлади. Аҳоли орасида буни тарғиб қилиш ботаника боғларининг 3 асосий вазифаси саналади.

Мана шу вазифалардан биттаси бажарилмаса, ё Ботаника боғи тўлиқ қувват билан ишламаётган, ё боғдан Ботаника боғи деган мақомни олиб ташлаш керак бўлади. Ҳар қандай истироҳат боғи фақатгина маданий ҳордиқ чиқариш учун мўлжаллангандир, Ботаника боғининг эса истироҳат боғи деб кўрилиши ҳамда Тошкентдаги яшилликдан иқтисодий манфаатларда фойдаланишга уриниш умуман нотўғри. Биз эртага бунинг катта оқибатлари билан юзлашишимиз мумкин.

1970-1980-йилларда Ботаника боғига келиб, шу ерда шаклланган жуда катта илмий мактаб турли сабабларга кўра тарқаб кетди. Кимдир қазо қилди, кимдир иш жойини ўзгартирди, қайта қуриш даврларида илм-фанга кам маблағ ажратилиши ортидан бошқа соҳаларга ўтиб кетишди ва Ботаника боғи яқин 20 йил ичида жуда қийналди. Чунки авлодлар алмашинуви рисоладагидек ўтмади.

Охирги 5 йил ичида деярли йўқ бўлган нарса қайта тикланиб қолди, энди ҳаммаси яхшиланаётган вақтда унинг ҳокимиятга ўтказилиши навбатдаги истироҳат боғи сонини кўпайтиради холос. Ўзбекистондаги Ботаника боғи Марказий Осиё миқёсида биринчи ташкил қилинганларидан биттаси, унинг бериб юборилиши ортидан бойликлар ҳам бой берилади”, – дейди Ботаника институти ректори Комилжон Тожибоев. 

“Жараёнда фақатгина тор доира вакилларининг манфаати қўйиляпти, бу бошқа нарса эмас”

Институтда катта илмий ходим сифатида ишлаётган Зиёвуддин Юсупов муаммога эътибор қаратаркан, халқаро тажрибада бундай амалиётлар самара бермаганини, ҳозир қилинаётган ишлар фақатгина тадбиркорлар манфаати учун амалга оширилаётганини айтмоқда. 

“Яқинда 2-3 та хориж давлатларида бўлдим ва шуни тушундимки, ҳозиргига ўхшаган ҳолатларнинг ҳаммаси шундай салбий оқибатлар билан якунланган. Масалан, Олмаота, Бокудаги Ботаника боғида ҳам худди шу ҳолат такрорланган. Бундай боғлар ҳокимиятга ўтказилганидан кейин, албатта, "ривожлантиришга" ҳаракат қилинади, Ботаника боғини ўзини ўзи қоплашга ҳаракат қилдиришади. Натижада эса бир нечта тадбиркорлар ҳокимият билан келишган ҳолда боғ ичида ҳар хил қурилишлар қилади.

Ботаника боғида қурилиш қилиш мумкин эмас. Масалан, Бокудаги Ботаника боғини кўриб йиғлагим келди, узоқ йиллик дарахтларни кесиб, унинг ўрнига аква парк, шунга ўхшаган нарсалар қуриб ташлашган. Оқибатда Ботаника боғидан асар ҳам қолмаган, у истироҳат боғига айланиб, "шаҳарнинг ўпкаси" вазифасидан чиқиб кетган.  

2 йил олдин ҳам Тошкентдаги Ботаника боғини бермоқчи бўлишганида у сақлаб қолинган эди. Ўшанда Тошкент шаҳар ҳокими 3 нафар тадбиркорни Ботаника боғига олиб келганди. Улар у ернинг қайсидир гектар қисмларида қандайдир парклар бўлишини айтишганди. Боғ ҳокимиятга берилишининг асосий сабаби ҳам асли шу, унинг ортида бир қанча тадбиркорлар манфаати турибди. Шаҳарда ҳамма ерда қурилишлар қилиб бўлинди, эгалланмаган ягона жой Ботаника боғи бўлиб турибди. У ерда ҳали тадбиркорлар забт этмаган, қурилишга мос бўлган жуда яхши жойлар бор, уларнинг хаёлида мана шу ерларда нималар қилиш мумкинлигини тасаввур этаверинг. Шунинг учун боғнинг ҳокимиятга берилишини фақатгина кимларнингдир манфаати учун қилиняпти дейман.

Агар ҳозир бу нарса такрорланиб, манфаатдорлар ниятига етса, орқага қайтмайдиган жараён юзага келади. Ботаника боғи ҳокимиятга ўтиб кетадиган бўлса, 10 йилдан кейин нималар бўлишини тасаввур қилиш қийин. 

Ботаника боғида ўсимликлар зичлиги жуда катта, Тошкент ҳудудида бирорта бундай зичлик ҳали мавжуд эмас. Ҳатто, катта ўрмон шакллантирилган. Ҳокимият тасарруфига тушганидан кейин у ерда узоқ йиллардан бери ишлаб келаётган мутахассислар ротация қилинади, яъни уларнинг ўрнига бошқа ходимлар қўйилади. Алмаштирилган ходимлар боғ ҳудудини секин-асталик билан ўзлаштиришни бошлайди. Қарабсизки, ҳудудда қурилишлар бошлаб юборилади. Қисқаси, ҳудуддаги дарахтлар кесилиб, ерни очишни, кейин эса ташқаридан инвестиция киритишни бошлашади. Бу жуда оғир оқибатларга олиб келади.

Шаҳар ҳокимиятига бериладиган бўлса ҳокимият боғни сақлаб қолиш учун тайёр бўлиши керак. Ҳозирги кунда ҳокимият бу нарсага тайёр эмас, ҳатто айни вақтдаги баъзи эътирозларни ҳам ҳал қилишга ярамайди. Эртага бу боғда қурилиш бўлмайди, кенгайтириш ишлари бўлмайди деб ким кафолат бера олади? Жараёнда фақатгина тор доира вакилларининг манфаати қўйиляпти, бу бошқа нарса эмас”, – дейди Юсупов.

Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институтининг катта илмий ходими Бахтиёр Расулов эса аслида олимлар тадқиқот олиб борадиган кўплаб ҳудудлар шундоқ ҳам ноқонуний равишда ўзлаштирилаётгани, сотиб юборилаётганига тўхталди.

“Афсуски, Фанлар академияси тизимидаги илмий-тадқиқот институтлари учун ажратилган ерлар, инфратузилмаларини ўзлаштириш, сотиб юбориш каби ўта салбий ишларни ҳам кўрдик. Бунга яққол мисол тариқасида Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институтининг Дўрмон тажриба базасидан 2 гектар ерини ҳовли-жой учун ажратиб олинганини кўрсатиш мумкин. Бундан ташқари, институтимизнинг Зангиотадаги тажриба ерлари ҳам олиб қўйилди. Бу – жуда катта йўқотиш. Бунинг аҳамиятини тушунишадими ёки йўқ, билмайман. Шу ишлар каби, Ботаника боғига бўладиган"тажовуз"ларини тарих эслаб қолади.  

Мен Ботаника боғини сақлаб қолишда, унда илм-фаннинг алоҳида олиб борилишида, доимий равишда молиявий қўллаб-қувватлашида давлатнинг кўмаги бўлишини сўраб қоламан. Ва албатта, раҳбариятнинг бу борада ижобий ечими бўлишини кутиб қоламан”, – деди Расулов.

“Ботаника боғини давлат муҳофазасига олиши керак”

Шаҳарсоз Искандар Солиев Ботаника боғи илмий жиҳатдан ташқари, ижтимоий томондан шаҳар аҳолиси учун муҳимлигини айтди.

“Қойил! Одам ўзи текис ерда бирор нарса қилишга эринади, доим тайёрини олмоқчи бўлади. Чунки бундай ҳолатда натижа тез кўзга кўринади-да. Кўплаб “парк”ларимизнинг ярми тижоратга айланиб бўлди, кўплаб дарахтлари кесилиб кетди ва кўлларидан қисман ёки бутунлай айрилди. Ботаника боғи эса Тошкентдаги энг каттаси ва одамлар тинч сайр қилиши, табиат билан ёлғиз қолиши учун ягона ҳудуд. Энг асосий фарқи, у ерда Ўзбекистоннинг бошқа ерларида учрамайдиган минтақа учун ноёб ўсимликлар сақланади. Мутахассислар илмий изланишлар олиб боради.

Бундай ҳудуд давлат томонидан муҳофазага олиниши керак. Бу ҳаттоки тортишадиган мавзу бўлмаслиги керак ва шундай ҳам.

Бундай ҳудудлар инсонлар учун жуда муҳимлигининг сабаблари:

- Микро-иқлимга эга;

- Одамлар табиат қўйнида, шовқинлардан холи бўлган жойларда оиласи билан бирга вақтларини ўтказиши мумкин;

- Турли хил жисмоний машқларни шу ерларда қилиш имкони бор (ўзим ҳам дўстларим билан кўпинча шу ерларда югуриб турамиз, чунки бу ер – ёзнинг энг иссиқ кунида салқин турадиган ягона ҳудуд);

Умумий қилиб олганда, боғлар одамлар учун ижтимоий ва экологик жиҳатдан жуда муҳим саналади. Иқтисодий томони ҳам бор, одамлар қанчалик соғлом, асаблари қанчалик мустаҳкам бўлса, шаҳар шовқинидан, ишдаги муаммолардан холи бўлса, соғлиқни сақлаш учун сарфланадиган пуллар тежалади”, – дейди у.

“Ботаника боғи Ўзбекистоннинг миллий бойлиги” – Сенат

Сенатнинг Оролбўйини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси ҳам ҳолатга ўз муносабатини билдирди. Қўмитага кўра, боғнинг мақомини ўзгартириш ва тижорат, ўзини-ўзи таъминловчи истироҳат боғини ташкил этиш бу боғнинг алоҳида илмий аҳамиятга эга бўлган узоқ йиллик коллекцияларининг йўқотилишига олиб келади.

“Ботаника боғи коллекциялари, Марказий гербарий фонди, ғўзанинг ноёб генофонди ва бошқалар Фанлар академияси ноёб биологик обектларининг ягона мажмуасини ташкил этиб, Ўзбекистоннинг миллий бойлиги ҳисобланади.

Қайд этиш жоизки, “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунга асосан Тошкент ботаника иститути ўз мақомига кўра, ўсимлик дунёсини ва унинг генетик фондини сақлаб қолиш, камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларнинг турларини сунъий яратилган шароитларда ўрганиш, иқлимга мослаш ва такрор кўпайтириш, илмий, ўқув ҳамда таълим ишларини олиб бориш, ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланиш бўйича билимларни тарғиб қилиш илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланади. Боғ ҳудудида ушбу боғларни ташкил этиш мақсадларига мувофиқ бўлмаган ва ўсимлик дунёсининг сақланиб қолишига таҳдид солувчи фаолият тақиқланади.

Бугунги кунда Тошкент Ботаника боғи дунёдаги 43 та йирик Ботаника боғлари қаторидан жой олган ҳамда боғдаги тўпланган коллецион ўсимликларнинг турлари генофонди ва сони хилма-хиллиги бўйича Марказий Осиёдаги йирик ноёб муассаса ҳисобланади.

Боғда айни пайтда 2450 дан ортиқ гулли-манзарали дарахт ва буталар ҳамда доривор ўсимлик турлари мавжуд бўлиб, улардан 100 дан ортиқ тури Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган ноёб ва йўқолиб бораётган ҳамда эндемик турлар ҳисобланади.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, Олий Мажлис Сенатининг Оролбўйини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси Вазирлар Маҳкамасининг “Истироҳат боғлари фаолияти ва бошқарув тизимини тубдан такомиллаштириш” тўғрисидаги қарори лойиҳасига илова қилинган рўйхатдан Тошкент Ботаника боғини чиқариб ташлашни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайди”, дейилади қўмита муносабатида.

“Ботаника боғи бизнес “нишонида”

Яшилликка бой нуқтанинг хавф остида қолганига иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов ҳам муносабат билдирди.

“Пойтахтга космосдан назар ташласангиз, булутсиз моментда айрим кичик яшил қопламали масканларга кўзингиз тушади.  

Бу атрофга нисбатан умумий "оқариб" ётган пойтахтнинг атиги 10 фоизи, ана борингки 12 фоизини ташкил этувчи яшил фитомассали "пойтахт ўпкалари" бўлиб, ҳозиргача бизнес яқинлаштирилмаган, ноёб яшил архитектура масканларимиздан бири зич дарахтли боғ ҳудудларимиздир.  

Масалан, шундай боғлардан бири Ботаника боғида бир нечта экотадбирлар, кинолар учун клиплар ҳам олинган. Шовқинсиз, қандайдир аттракцион қурилмаларидан холи, сокин дам олиш ҳудуди бўлган Ботаника боғи ҳам энди "бинес нишони"га айланиши кутилмоқда.

Фанлар академияси олимлари, илмий тадқиқотчилар, илм аҳли, фаол жамоатчилик бунга ўз муносабат, таклифларингизни билдиринг. Унутманг, сизлар қарор чиқарувчилардан каррасига кўпсизлар ва уларнинг миясини ўзгартиришга қодирсизлар”, – дея қайд этади Абдулаҳатов.

Унинг қўшимча қилишича, бу жараёнда бутун бошли Фанлар академияси академик, профессорлари овоз чиқариши лозим, илм аҳлининг сукут сақлаши кичик сонга эга чиновникларнинг қутуришига олиб келади.

Маълумот учун, тармоқларда ҳукуматнинг қарор лойиҳаси катта резонансларга сабаб бўлган куниёқ Экопартия бу ҳолатга ўзининг муносабатини билдириб, Ботаника боғига Миллий боғ мақомини бериш орқали унинг нуфузини ва муҳофазасини кучайтириш кераклигини маълум қилди. 

Қолаверса, Ўзбекистон Фанлар академияси ҳам бунга реакциясини билдириб, бу борада ниҳоятда салбий руҳда эканини таъкидламоқда. Қайд этилишича, академия қарор лойиҳасидан Ботаника боғини чиқариб ташлаш учун тегишли ташкилотларга алоқага чиққан.

“Қарор лойиҳаси келиб тушган куннинг ўзидаёқ Фанлар академияси қарор лойиҳаси юзасидан Давлат активларини бошқариш агентлигининг масъул ижрочиси билан боғланди ва Ботаника боғини рўйҳатдан чиқариб ташлаш лозимлигини таъкидлади.

Шундан сўнг, юқори турувчи органлар оғзаки тарзда хабардор қилинди. Фанлар академиясининг мутахассислари томонидан асоснома тайёрланиб, ўрнатилган тартибга биноан белгиланган муддатдан чиқиб кетмаган ҳолда, project.gov.uz тизими орқали Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасининг 1-иловаси 193-тартиб рақам билан келган “Ботаника боғи”ни рўйхатдан чиқариб ташлаш қатъий талаб қилинди”,– дейилади изоҳда.

Тошкент шаҳар ҳокимлигининг баёнотига кўра Ботаника боғи ҳокимлик балансига ўтказилмайди ва ҳокимлик мазкур қарор ташаббускори эмас. Ҳокимлик ушбу илмий даргоҳнинг мамлакат экотизимини асраш, ўсимликлар генофондини сақлаш ва кўпайтиришдаги аҳамиятини эътироф этади ва уни истироҳат боғига айлантиришга йўл қўймайди. 

Мавзуга оид