«Ўтган йили қизимга спорт билан хайрлашасан, дегандим». Ҳангжоу-2022 қаҳрамонлари билан поезддаги интервю
Осиё Ўйинларида қиличбозлик бўйича мамлакатимиз учун тарихий натижа қайд этган Гулистан Пердебаева ва Дилназ Мурзатаева Тошкент – Қўнғирот йўналишидаги поездда Нукусга қайтди. Поездда уларга Самарқанддан тасодифан ҳамроҳ бўлган Tribuna.uz амалиётчи журналисти спортчи қизлар ва уларнинг онаси билан эксклюзив суҳбат уюштирди.
«Бақириб, йиғлаб юборай дедим»
Вагондаги биринчи суҳбатдошимиз Осиё Ўйинларида қиличбозликнинг шпага йўналишида бронза медали соҳибаси бўлган Дилназ Мурзатаева бўлди.
«Қиличбозлик билан 5 йилдан буён шуғулланаман. Очиғини айтсам, бу медални оламан, деб ўйламагандим. Чунки, катталар ўртасида ўтадиган мусобақага борган энг ёш спортчи эдим. Лекин, ўзингга ишонсанг ҳамма нарсага эришиш мумкинлигини ўзим учун мотивация қилиб олдим ва бу ҳақиқат эканлигига ушбу мусобақада амин бўлдим.
Ғалабани қўлга киритган лаҳзалар жудаям эмоционал бўлди. Бақириб йиғлаб юборай дедим. Лекин, ҳамма камералар менга қараб турган эди. Шунга бироз ўзимни тутдим. Устозларим ҳам баракалла, деб бақириб олқишлади. Яқинларим ҳам жуда хурсанд бўлди, айниқса ойим. Баракалла қизим! Сенга ишонгандим, зўр иштирок этдинг деб қўллаб-қувватлади. Кейинги мақсадлар 2028 ва 2032 йилги Олимпиадада иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритиш!», - дейди Ҳангжоу-2022 совриндори 17 ёшли Дилназ Мурзатаева.
«Бу қувонч кўз ёшлари эди»
Кейинги суҳбатдошимиз Осиё Ўйинларида қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича жамоавий баҳсларнинг олтин медали соҳибаси Гулистан Пердебаева бўлди.
«Ғолибликни қўлга киритгач, жудаям қувондим. Кўз ёш ҳақида ўйламаган эдим. Ҳаммаси 5 дақиқа ичида бўлди. Ҳар қанча уринмай, кўз ёшимни тия олмай қолдим. Кўз ўнгимда қандай баҳс олиб борганимни келтирдим. Бу ҳаммаси қувонч кўз ёшлари эди.
Бундан кейинги энг катта мақсадим – жаҳон чемпиони бўлиш. Тўғри, Олимпиада чемпионлиги ҳам бор, аммо жаҳон чемпионати бошқача. Сабаби унда 200 нафар рақибингиз бўлади ва сиз катта меҳнат эвазига ғолиб бўласиз. Олимпия баҳсларида эса 36 нафар рақиб бўлади. Шунинг учун биринчи навбатда жаҳон чемпионлигини, кейин эса Олимпия ғолиблигини қўлга киритмоқчиман.
Биринчи навбатда бу даражага етишимга пойдевор қўйган устозим Сардор Низаримбетовга катта раҳмат айтаман. Бундан ташқари, Даурбек Жиймуратовга ҳам миннатдорчилигимни билдираман. У ҳам бу спорт турининг сир асрорларини ўргатган. Ва албатта, ҳозирги мураббийим Мартин Камаджиевга раҳмат айтаман. У менга 4 йилдан буён халқаро майдондаги шу спорт турининг сир асрорларини ўргатиб келмоқда. Умуман олганда, менга ушбу спорт туридан сабоқ берган ҳамма мураббийларимдан миннатдорман», - дейди Осиё Ўйинлари қаҳрамони 18 ёшли Гулистан Пердебаева.
«Ўтган йили қизимга спортни ташлаб, энди ўқишини айтган эдим»
Нукус сари узоқ йўлдаги учинчи суҳбатдошимиз Осиё Ўйинлари ғолиби Гулистан Пердебаеванинг онаси Тамара Машарипова бўлди. Тамара опа қизини Тошкентда кутиб олиб, Қорақалпоғистонга поездда бирга қайтаётганди.
«Бу медал мен учун ҳам, қизим учун ҳам жуда қадрли. Тўғри, ҳар бир она фарзандининг муваффаққиятини кўрса хурсанд бўлади, боши кўкка етади. Лекин мен қизимга медал олмаса ҳам, турнирларга ўйнаб-кулиб бориб келишини айтаман. Чунки, она учун биринчи навбатда фарзандининг соғлиғи муҳим. Қизим узоқ сафарларга тез-тез бориб туради, шундай вазиятларда мен унга соғ-омон бориб келишини, ор-номусли бўлишини тайинлайман. Булар медалдан ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Ўтган йили Хитойда бўлиб ўтган Универсиада турнирининг жамоавий баҳсларида қизларимга бироз омад етишмаганди. Тўғри, спортда ғалабага 99 фоиз меҳнат ва 1 фоиз иқтидор орқали эришилади, лекин, баъзи вазиятларда 99 фоиз омад сиз томонда бўлиши керак. Шукр, улар узоқ кутилган ғолибликни бизга тақдим этишди.
Оиламизда ҳамма педагог, лекин тоғалари курашчи. Бизда спортчилар бор. Мен ҳам қизимни ўзимизга ўхшаб ўқимишли бўлишини хоҳлайман. Лекин, у ўз қизиқиши ортидан бориб муваффақиятга эришяпти. Мен ҳатто ўтган йили ва шу йил қишда ҳам унга бу спорт турини ташлашини ва партада ўтириб ўқишини айтгандим. У эса яна бироз шуғулланмоқчиман деди. Ва албатта биз унинг ҳозирги ютуқларидан хурсандмиз!», - дейди Гулистан Пердебаеванинг онаси Тамара Машарипова.
Шеҳроз Жалғашев суҳбатлашди.
Мавзуга оид
08:30 / 04.12.2024
Ўзбекистон 2027 йилда қиличбозлик бўйича жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади
14:57 / 13.01.2024
Россияни тарк этган қиличбозлар АҚШ шарафини ҳимоя қилмоқчи
16:10 / 29.09.2023
Осиё ўйинлари. Ўзбекистон қиличбозлик бўйича тарихий чемпионликни қўлга киритди
08:51 / 25.05.2023