Ўзбекистон | 15:21 / 09.10.2023
49107
2 дақиқада ўқилади

Яккасарой туманига янги ҳоким тайинланди

Тошкент шаҳри туманлари раҳбарлари орасида ҳам аёл ҳоким пайдо бўлди. Яккасаройннинг олдинги раҳбари Миробод тумани ҳокимлигига ўтказилганди.

Нилуфар Аллабергенова Тошкент шаҳри Яккасарой тумани ҳокими лавозимига тайинланди.

Нилуфар Анваровна Аллабергенова 1971 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 1995 йилда Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган.

Қатор масъулиятли вазифаларда, шу жумладан, турли йилларда Яшнобод, Чилонзор ва Мирзо Улуғбек туманларида прокурор ўринбосари лавозимларида ишлаган.

2019 йилдан шу кунга қадар Яккасарой тумани прокурори сифатида фаолият юритган.

  • Яккасарой туманига 2019 йил сентябридан буён раҳбарлик қилиб келган Анвар Сайфутдинов бир неча кун олдин Миробод тумани ҳокими лавозимига тайинланганди.
  • Ўзбекистонда 2020 йил баҳорида туман ва шаҳарларга аёл ҳокимлар тайинланиши тенденцияси юзага келганди. Ўшанда турли вилоятларда бир вақтда ишлаётган аёл ҳокимлар сони олти нафарга етганди: Наманган вилояти Тўрақўрғон туманига Зулайҳо Маҳкамова, Сирдарё вилояти Боёвут туманига Дилфуза Уралова, Бухоро вилояти Олот туманига Наргиза Неъматова, Андижон вилояти Бўстон туманига Садбархон Мамитова, Қашқадарё вилояти Қарши туманига Мақсуда Мустафоева ва Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳрига Гавҳар Алимова ҳоким этиб тайинланган эди.
  • 2021 йил ёзида Бўстон тумани ҳокими Садбархон Мамитова вафот этди, унинг ўрнига яна аёл киши - Санобар Носирова туманнинг янги раҳбарига айланди. Зулайҳо Маҳкамова эса 2022 йил мартида Хотин-қизлар ва оила ишлари қўмитаси раиси этиб тайинланди. Кейинчалик қўмита тугатилгач, Маҳкамова бош вазир ўринбосари лавозимида ишлашда давом этмоқда. Мақсуда Мустафоева эса қатор можаролар ортидан 2022 йил февралида Қарши тумани ҳокимлигини тарк этди. Кейинроқ у тумандаги мактаблардан бирига директор бўлгани маълум бўлди. 

Мавзуга оид