Аҳолига яқинлаштирилган тиббиёт: Қўшработнинг олис тоғли қишлоқларида бир кун
Республикамизнинг олис тоғ ва чўл ҳудудларида яшовчи аҳолининг бирламчи сифатли тиббий хизматдан фойдаланиши учун кейинги йилларда давлат миёқсида вазифалар белгилаб берилди ва катта ишлар амалга оширилди. Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманидаги олис тоғ қишлоқларида бу борада яратилган шароитлар билан танишдик.
Биз энг аввал тумандаги Чиммос қишлоғида жойлашган «Оқмачит» оилавий шифокорлик пунктида бўлдик. Туман маркази Қўшработ шаҳарчасидан 38 км олисликдаги ушбу ОШП Оқмачит ва Чиммос маҳаллаларида истиқомат қилаётган 5656 нафар аҳолига хизмат қилар экан. ОШПда 3 та тиббий бригада, врачлар ва 12 та ҳамшира фаолият кўрсатмоқда. Пунктда тез ёрдам хизмати ҳам йўлга қўйилган.
«Қўшработ туманида айни пайтда 45 та маҳалладан 21 таси олис ҳудудлар саналади. Туман бўйича жойиларда 12 та оилавий шифокорлик пунктлари очилиб, фаолият кўрсатмоқда. ССВ билан келишган ҳолда, туман ҳокимининг қарорига асосан 2023 йил якунига қадар яна иккита — «Майинтепа» ва «Юқорисарой» ОШПлари очилиши белгиланган», — деди биз билан суҳбатда туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Улуғбек Шамсиев.
Бозоркент қишлоғида жойлашган «Оқчопсой» оилавий шифокорлик пунктини ҳам бориб кўрдик. Туман марказидан 70 км олисда жойлашган ушбу манзилда ОШП 60-70 км радиусда истиқомат қилаётган 3640 нафар аҳоли учун хизмат кўрсатади.
Каттақўрғон туманилик умумий амалиёт шифокори Қаҳҳор Ғафуров 2022 йилда ўз турмуш ўртоғи билан шу олис ҳудудга келиб ишлашмоқда. Уларга бир марта тўланадиган 30 миллион сўмлик ёрдам пули берилган. Ойлик маошларига ҳар ой икки миллион сўм устама берилмоқда. Қолаверса, оиланинг турар жойи ижараси учун ҳам ойига 2 базавий ҳисоблаш миқдорида ёрдам бериб турилибди.
Эътиборлиси, «Дамас» автомашиналари ўрнига тоғнинг паст баланд ва асфальт қилинмаган йўлларида бемалол юра олувчи йўлтанламас УАЗ русумли тиббий тез ёрдам машинаси берилган.
«Оқчопсой» ОШПда 2 нафар шифокор, 6 нафар патронаж ҳамшира ишламоқда. 4 ўринли кундузги стационар фаолият кўрсатмоқда. Тез ёрдам бўлими ва машинаси ҳам бор. Бундан ташқари, Оқчоп, Жала ва Кўктўнли қишлоқларида ОШПга бўйсунувчи 3 та маҳалла тиббиёт пункти ҳам бор.
Биз йўл-йўлакай Оқчоп қишлоғида жойлашган маҳалла тиббиёт пунктларидан бирини ҳам кўрдик. Бу масканларда оилавий шифокорлик пукнтларида берилган кўрсатма асосида эмлаш ва укол қилиш каби муолажалар малакали тиббиёт ходими томонидан амалга оширилади.
Мижғон қишлоғида жойлашган «Жонбулоқ» ОШП туман марказидан 92 км узоқликда жойлашган. Бу ерда 18 км радиусда истиқомат қилувчи 2200 нафар аҳолига хизмат кўрсатилади. ОШПда бир нафар врач, 8 нафар ўрта тиббиёт ходими ва шунингдек бошқа техник ходимлар фаолият кўрсатишмоқда. Пунктда «Дамас» санитар машинаси ҳам кундуз кунлари тиббиётчилар хизматида.
Ургут туманидан келган шифокор Миразиз Сатторов ҳам оиласи билан ижарада туриб ишламоқда. Унга ҳам бир марталик ёрдам кўрсатилган, ижара пули тўлаб берилмоқда. Унинг ҳам ойлигига устама тўланмоқда.
Биз 6 ўринлик кунзузги стационарда даволаётган онахонлардан бири, 61 ёшли пенсионер Алимова Пардагулни суҳбатга тордик. Онахон мавжуд шароит, кўрсатилаётган хизмат, врачларнинг муомаласидан мамнунлигини қайд этиб ўтди. Илгари битта укол учун ҳам анча олисда жойлашган туман марказига тушиб келишга мажбур бўлишганини эслаб ўтди.
Бу ишларнинг барчаси Ўзбекистон Республикаси президентининг 2022 йил 25 апрелдаги «Бирламчи тиббий-санитария ёрдамини аҳолига яқинлаштириш ва тиббий хизматлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-215-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида амалга оширилмоқда.
Қайд этиб ўтиш керак, бу ОШПларда 72 турдаги барча дори воситалари ва боғлов материаллари ҳамда шприцлар аҳолига давлат томонидан текин берилади. Умуман, дори-дармон харид қилиш учун ҳам олис манзилларда осон иш эмас. Энг яқин дорихона ОШПдан 32 км олисда жойлашган.
Боз устига, ҳар бир ОШП артезиан қудуқ қазилиб, тоза ичимлик суви билан таъминланган, йилнинг совуқ фаслларида автоном иситиш тизими ҳам фаолият кўрсатади.
Туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Улуғбек Шамсиевнинг берган маълумотларига кўра, ТТБга қарашли Тоз, Оқчопсой ва Оқмачит ОШП бинолари Обод қишлоқ дастури асосида 4,7 млрд сўмга; Пангат ва Қўшработ ОШП бинолари 2022 йилда инвестиция дастури асосида 3,7 млрд сўмга янгидан қурилиб аҳоли фойдаланиши учун топширилган. Шунингдек, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобига шунингдек ташаббусли бюджет лойиҳаларига кўра тиббиёт маскалари таъмирланмоқда, мебел, оргтехника ва турли тиббиёт ускунлари янгиланмоқда, муқобил энергия билан таъминлаш учун дизелгенератори харид қилинмоқда ва қуёш панеллари ўрнатилмоқда.
Шуҳрат Шокиржонов, Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
10:17 / 03.12.2024
Қўшработдаги боғча ва мактабларда тегишли ҳужжатларсиз илон томошалари ўтказилди. ИИВ ҳолатни ўрганди
18:05 / 27.11.2024
Истиқлол қишлоғининг ташвишли қиши
22:39 / 13.11.2024
Самарқандда мактаб ўқувчисини зўрлаганликда гумонланиб 8 киши ушланган – Бош прокуратура
12:03 / 13.11.2024