Танлов қаршисида турганлар учун: қайси тилни ўрганиш фойдалироқ?
Дунё аҳолисининг 40 фоизи бир тилда, 43 фоизи эса икки тилда гаплашади. Ер юзи аҳолисининг тахминан 1,2 миллиарди янги тилни ўрганмоқда. Бир нечта тил биладиганлар 2 дан 15 фоизгача кўпроқ пул топишлари мумкин. Веб-сайтлар ва улардаги маълумотларнинг 50 фоиздан ортиғи инглизча, 5 фоиздан кўпроғи эса русча. 100 ортиқ мамлакатларда инглиз тилида гаплашиш мумкин, рус тили эса асосан Россия ва айрим постсовет ҳудудларидагина амал қилиб, бу кўлам торайиб боряпти. Чет тилини ўрганиш бўйича таҳлилларга асосланган бугунги мавзу танлов қаршисида турганлар учун фойдали бўлади.
Яқин 10 йилликларгача Ўзбекистон мактабларида хорижий тиллар (асосан инглиз ва рус тиллари) 2-синфдан бошлаб ўтилган бўлса, сўнгги йилларда ҳатто мактабгача таълим босқичларидан тил дарслари дастурларга киритилиб, тил ўрганиш ёши 2-3 йилга “ёшарди”. Демак, талаб бор – мақсадни эса тўғри қўйиш керак. Хорижий тилни ўрганиш алоҳида қунт, машаққат ва вақт талаб этади. Шундай экан, ўрганилаётган тилнинг истиқболи ҳам қилинган меҳнатни оқлаши лозим.
Мақсадни аниқлаб олиш
Ўзбекистон таълим дарсликларига хориж тилларидан рус, инглиз, француз, немис ва бошқа тиллар киритилган. Асосан, рус (бир ўқув йилида 68 соат) ва инглиз (бир ўқув йилида 102 соат) тиллари. Бу тиллар биз учун бошланғич база вазифасини бажаради. Мақсад қўяётганда эса бир-бирини инкор этадиган парадокс фикрлар онгимизда айланаверади: одамлар сонига кўра тил ўрганилса, асосан, битта давлатдагина қўлланиладиган ҳинд ва хитой тиллари тарозини босади; кўламига қараб ўрганилса, дунёнинг 100 дан ортиқ давлатларида инглиз тилида гаплашишади; рус тилини ўрганай десангиз, Россиядан нарига ўтишингиз билан сизни тушунишмайди ёки эшитишмайди; туркий давлатлар бирлашуви тарафдорлари эса ягона адабий туркий тилининг яратилишидан умидвор, хуллас, танлов кўп. Энг муҳими, мақсадни тўғри аниқлаб олиш. “Бу тил менга нима беради?” саволига аниқ жавобимиз бўлиши шарт. Бунинг учун эса асосли таҳлил лозим.
2023 йилнинг энг кўп гаплашиладиган тиллари
Қуйидаги графикда маълумотлар таҳлили билан шуғулланувчи “Statista” платформасининг 2023 йилдаги энг кўп кишилар орасида гаплашиладиган дунё тилларининг рўйхати келтирилган. 10 талик рўйхатдан инглиз, мандарин (хитой), ҳинд, испан, француз, араб, бенгал, португал, рус ва урду тиллари жой олган.
Оммабоп тилларни қўятурайлик, рўйхатдаги бенгал, урду ёки португал тилларини ўрганган бўлармидингиз? Ўрганардингиз, қачонки ўша тилларнинг ҳаётингизда, иш фаолиятингизда ўрни бўлганида. Лекин аввал тил ўрганиб, кейин каръера қиламан, десангиз, инглиз, хитой, испан, француз араб ёки рус тилларини танлайсиз. Чунки бу тилларга талаб бор. Булар орасида биз ўзбекистонликлар учун энг оммабоплари эса инглиз ва рус тиллари (сўнгги пайтларда араб ва хитой тиллари ҳам оммалашмоқда).
Нима учун шу тил?
Мақсадни аниқлаб олдик: карьера, кўпроқ маош ва кенгроқ имконият учун тил ўрганиш шарт. Эндиги босқичда “Қайси тил?” ва “Нима учун?” саволларини кўндаланг қўйишимиз керак бўлади. Шундай экан, ўзбекистонлик мактаб ўқувчиларининг асосий таркиби ўрганадиган инглиз ва рус тилларини таснифлаб чиқиш мақсадга мувофиқ.
Инглиз тили
Дунёнинг қарийб 373 млн аҳолиси бу тилни расмий биринчи тил (шундан 274 млн киши учун она тили), 1,1 млрдга яқин киши иккинчи тил сифатида ўрганиб, жами 1,5 млрдга яқин киши инглиз тилида гаплаша олишади. Бу эса ер юзидаги ҳар беш-олтинчи одам инглизча гаплаша олади, демакдир.
Шунингдек, Ер шарининг 5 қитъасидаги 118 та давлатда инглиз тилидан расмий ёки маҳаллий даражада фойдаланилса, шундан 59 мамлакатда у давлат тили ҳисобланади; интернет тармоқларидаги маълумотларнинг ярмидан кўпи инглиз тилида; дастурий тиллар асосан шу тилда яратилади; ўрганиш учун ўртача қийинликдаги тиллар рўйхатига киради.
Рус тили
Дунё аҳолисининг 260 млнга яқини рус тилида гашлаша олади. Шундан 154,1 млн киши ўз она тили, 104,1 млн киши эса иккинчи тил сифатида бу тилдан фойдаланади. Дунёнинг энг кўп гаплашиладиган тиллари рўйхатининг ўнталигига киргани билан рус тили кўламига кўра, асосан, Россия ва постсовет давлатларида, Европа ва АҚШнинг жуда кичик ҳудудларида маҳаллий даражада амал қилиб, Россия, Беларус, Қозоғистон ва Қирғизистон давлатларида давлат тили, Ўзбекистон, Озарбойжон, Арманистон, Туркманистон ва Тожикистонда норасмий иккинчи тил сифатида амал қилади.
Лекин постсовет ҳудудларидан Грузия, Украина ва Болтиқбўйи давлатлари аллақачон рус тили истеъмолидан воз кечган ва бу кўлам тобора торайиб, юқоридаги келтирилган давлатларнинг ёшлари ҳам ўрганиш учун бошқа муҳимроқ бўлган инглиз, испан, немис, хитой ёки араб тилларини танламоқда. Чунки рус тилидан Россия ҳамда собиқ иттифоқнинг саноқлигина давлатларида фойдаланиляпти. Интернет тармоқларида рус тилидаги маълумотлар салмоғи жиҳатидан инглиз тилидан кейин 2-ўринда туради. Аммо орадаги фарқ қарийб 10 бараварни ташкил қилади (инглиз тилида 50 фоизда ортиқ, рус тилида 6 фоиз атрофида). Ўрганиш учун эса у хитой, араб, венгер ва япон тилларидан сўнг энг қийин тиллар гуруҳига киради.
Бошқа оммабоп жаҳон тиллари
Одамлар орасида энг кўп гаплашиладиган тиллар рўйхатида инглиз ва рус тиллари орасида:
- хитой (мандарин) тилида 1,1 млрд кишидан кўпроқ;
- ҳинд тилида 609 млн кишидан ортиқ;
- испан тилида 550 млн кишидан ортиқ;
- француз тилида 300 млн кишидан ортиқ;
- араб тилида 270 млн кишидан ортиқ;
- бенгали тилида 270 млн кишидан ортиқ;
- португал тилида 260 млн кишидан кўпроқ қамровни кўриш мумкин.
Энг осон тиллар
Хорижий тилларнинг энг оммабопларидан бўлган испан, француз, италян ва немис тиллари ўрганиш учун энг осон тиллар сифатида баҳоланади.
Инсон умридаги энг қиммат нарса – бу вақт. Тил ўрганиш эса мана шу бойликни сарфлаш демак. Шунинг учун ўрганаётган тилингизнинг келажаги ва сизнинг келажагингизда ўша тилнинг ўрни, фойдаси ва аҳамиятини ҳисобга олсангиз ютасиз. Иккинчи хорижий тилни ўрганишга жазм қилган бўлсангиз, юқоридаги таҳлилларимизни ҳисобга олган ҳолда хулоса қилишингиз мумкин. Унутманг, у қайси миллатники бўлмасин, тил базангизнинг янги тиллар билан бойиши сизга фақат фойда келтиради. Бу йўлда барчангизга омадлар тилаймиз!
Сардорбек Усмоний, журналист
Мавзуга оид
17:48 / 20.12.2024
Россиядаги мигрантларнинг фарзандлари учун рус тили тести бепул бўлади
13:27 / 14.12.2024
Ўзбекистонлик ёшларнинг IELTS'даги натижалари сезиларли яхшиланди
17:51 / 10.12.2024
Россияда рус тилини билмайдиган мигрант болаларни мактабга қабул қилмаслик тўғрисидаги қонун маъқулланди
08:10 / 10.12.2024