Жаҳон | 09:48 / 16.10.2023
10572
2 дақиқада ўқилади

Алиев Қорабоғ марказида Озарбойжон байроғини кўтарди

Озарбойжон президенти Қорабоғнинг бир қатор аҳоли пунктларида давлат байроғини кўтарди.

Фото: Twitter / presidentaz

Озарбойжон президенти Илҳом Алиев Қорабоғ маркази – Боку Хонкенди деб атайдиган Степанакертда давлат байроғини кўтарди. Бу ҳақда 15 октябр, якшанба куни Озарбойжон раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Президент нутқ ҳам сўзлади, дея қўшимча қилди Озарбойжон раҳбари идораси. Тадбирнинг бошқа тафсилотлари келтирилмаган. Қорабоғ ҳудуди бўйлаб сафари чоғида Алиев аввалроқ Агдер (арманча номи Мартакерт) шаҳри ва Сарсанг сув омбори ҳудудида Озарбойжон байроғини кўтарган эди.

Озарбойжоннинг Қорабоғдаги ҳарбий операцияси

Озарбойжон 19-20 сентябр кунлари асосан этник арманлар истиқомат қиладиган Қорабоғда, Боку маълум қилганидек, «конституциявий тузумни тиклаш» мақсадида ҳарбий амалиёт ўтказди. Ҳарбий ҳаракатлар натижасида Озарбойжон ушбу баҳсли ҳудуд устидан назорат ўрнатди. 28 сентябр куни Қорабоғ «раҳбари» 2024 йил 1 январдан бошлаб тан олинмаган республиканинг мавжудлигини тугатиш тўғрисидаги фармонни имзолади. 

Икки ҳафта ичида деярли бутун арман аҳолиси - 100 мингдан ортиқ киши Қорабоғни тарк этди. 5 октябр куни Арманистон бош вазири Никол Пашинян Қорабоғни Озарбойжон ҳудуди сифатида тан олиш тўғрисидаги декларацияни имзолади.

АҚШ Озарбойжоннинг Арманистонга киришидан хавотирда 

Бир неча кун аввал АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен конгрессменларни яқин ҳафталарда Озарбойжон жанубий Арманистонга кириши мумкинлиги ҳақида огоҳлантиргани маълум бўлди. Politico суҳбатдошларига кўра, Давлат департаменти раҳбари октябр ойи бошида демократ конгрессменларнинг кичик гуруҳи билан телефон суҳбати чоғида шу мавзуни муҳокама қилган. 

Давлат котиби ва қонун чиқарувчилар Озарбойжоннинг Қорабоғ ҳудудини ўз назоратига олишига жавобан Қўшма Штатлар кўриши мумкин бўлган чораларни муҳокама қилган. Блинкен, хусусан, ўшанда Вашингтон Бокуга ҳарбий ёрдам беришни тўхтатишини айтган эди. Америка идораси Блинкеннинг телефон суҳбатига изоҳ беришдан бош тортди. 

Мавзуга оид