Жаҳон | 15:58 / 01.11.2024
7755
8 дақиқада ўқилади

Озарбойжонга сафар: Кавказ Ҳиросимасига айланган Ағдам

Бу йил Қорабоғ Озарбойжон бағрига қайтганига 4 йил тўлади. 8 ноябр Озарбойжонда Иккинчи Қорабоғ урушида қозонилган ғалаба шарафига Зафар куни сифатида кенг байрам қилинади. Kun.uz мухбири муҳим сана арафасида Озарбойжоннинг арман ишғолидан озод этилган ҳудудларида бўлди.

Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбойжон Маданият маркази лойиҳаси билан ўзбекистонлик журналистларнинг Қорабоғга медиатури ташкил қилинди.

Биз қарийб 30 йил давомида арман оккупацияси остида бўлган ерларни бориб кўрдик, у ерларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишдик ва туркум репортажлар қилдик.

Репортажларимизнинг дастлабкиси — Кавказ Хиросимаси номи билан танилган жафокаш Ағдам шаҳридан бўлди.

Ағдам: Кавказ Ҳиросимаси

Ағдамга яқинлашар экансиз, уруш даврида вайрон этилган қишлоқларга кўзингиз тушади ва ватандан 30 йиллик айрилиқ нима эканини беихтиёр ўз танангизда ҳис қила бошлайсиз.

Қорабоғ тоғи этакларида жойлашган Озарбойжоннинг катта бир тумани маркази бўлган шаҳар арманлар томонидан ишғол қилинган ва тўлиқ вайрон қилинган. Тўқнашув чизиғи эса миналаштирилган.

Айни пайтда Ағдам шаҳри қаричма-қарич миналардан тозаланиб, янги бош режа асосида бутунлай бошқатдан қурилмоқда.

Хуршидбону Нотавон мажмуаси

Биз дастлаб Қорабоғнинг сўнгги хони паноҳ Али хоннинг қизи Хушидбону Нотавон яшаган ва дафн этилган Иморат мажмуасига бордик. Арманлар оккупация даврида шоиранинг қабрини оёғости қилишган, ўрнатилган ёдгорликни синдиришган. Қабрларни очиб, инсон қолдиқларини олиб кетишган.

Қорабоғ хонларининг невараси ва қизи Хуршидбону Нотавон ажойиб ғазаллари билан тилларга тушган. У шунингдек расм солишга ҳам қизиққан. Унинг асарлари Бокудаги музейда сақланмоқда.

Арманлар бу қадимий мажмуадаги иморатларни бузиб, ичида ҳайвон боқишган. Кўп йиллик дарахтлар кесилган, ва ёқилган. Қабрлар текисланган ва бойлик топиш илинжида кавланган.

Ҳозир мажмуа бутунлай қайтадан тикланиб, аввалги кўринишга келтирилган. Ҳудуд ободонлаштирилиб, аввалги салобатини қайтадан касб этган. Эски сарой тикланиб, унинг ичида музей ташкил қилинган. Музей энг замонавий интерактив воситалар билан таъминланган. Унда мажмуанинг тарихи, арман оккупация давридаги вайронгарчиликлар, шунингдек, Хуршидбону Нотавоннинг ижоди билан яқиндан танишиш мумкин.

Ағдам жоме масжиди

Ағдам жоме масжиди ҳам арманлардан катта зарар кўрган қадимий меъморий объект ҳисобланади. Бу ерда Биринчи Қорабоғ урушида рўй берган Хўжали геноцидида қирилган озарбойжонлар кафанланиб, жаноза ўқилган. Бу воқеадан кўп ўтмасдан, Ағдам шаҳрининг ўзи ам армани босқини остида қолади ва аҳоли шаҳарни тарк этади.

«Масжидга 1868 йилда асос солинган. Бу форсча усулдаги масжид ҳисобланади. Бир неча йилдан сўнгра Шушадаги Юқори Гавҳар масжиди меъмори эски масжид ўрнида янгисини тиклаган.

Масжидимиз армани ишғоли даврида армани вандалларининг талаши натижасида вайрон қилинган, деворлари нуратилган. Ичида тўнғиз ва мол боқилган. Бутун дераза эшиклар, темир буюмлар қўпорилган. Атрофдаги қабрлар топталган, масжидга ўт ҳам қўйишган», дейди Ағдам жоме масжиди имоми Меҳмон Носиров.

2000 йилда — ҳали шаҳар армани оккупацияси остида бўлган бир пайтда Арманистон томондан кириб келган АҚШлик мулозимлардан бири вайрон қилинган масжиднинг бир парчасини чўнтагига солиб кетади ва уни Озарбойжоннинг ўша вақтдаги президенти, умумиллий лидер Ҳайдар Алиевга инъом этади. Ўша парча ҳам эҳтиром билан ҳозир бутунлай янгидан реставрация қилинган Ағдам масжиди саҳнида сақланмоқда.

Умуман, Ағдам шаҳри янгича бош режа асосида бутунлай бошқатдан қурилмоқда. Кўчалар кенг ва равон бўлади. Кўп қаватли уйлар, бинолар ва идорлар қурилиши авжида. Шаҳар ўртасида каттагина истироҳат боғи ҳам барпо этилмоқда.

Ҳалигача шаҳарда арманлар талаган, вайронага айлантирилган уйларни ва биноларни кўриш мумкин. Шаҳарнинг вайрон қилинган бир қисми ҳам очиқ осмон остидаги музей сифатида сақланиб қўйилар экан.

Қаҳрамонлар қабристони

Биз Ағдамдаги Қаҳрамонлар қабристонида ҳам бўлдик. Бу ерда Биринчи Қорабоғ урушида шаҳид бўлган қаҳрамонлар кўмилган. Бу қабрлар ҳам арман ишғоли чоғида тўзитилган, йўқ қилинган.

Қабристонга кираверишда Қорабоғ урушларида ҳалок бўлган қаҳрамонларнинг ҳар бирининг исми ёзиб қўйилган.

Марҳумларнинг яқинлари кимдан кейин ким кўмилганини эслаб қолишган экан, қабрлар ҳозир тикланган, қабртошлар ўрнатилган. Ҳар бир қабр бошида гулчамбарлар ва Озарбойжон байроғи илинган.

Кейинчалик бу қабристон ҳам ободонлаштириб, ватан ҳимояси учун жон берган қаҳрамонларнинг қабрлари атрофида аллея барпо этилиши назарда тутилган экан.

Миналардан тозалаш

Қорабоғ ҳудудини миналардан тозалаш ишлари ҳам олиб борилмоқда. Арманлар тўқнашув чизиғини миналаштирган ва миналар харитасини ҳанузгача Озарбойжон томонига тақдим этмаган.

Биз Озарбойжон миналардан тозалаш агентли — ANAMA ходимларининг Ағдам тумани ҳудудини миналардан тозалаш бўйича гуманитар операциясини ўз кўзимиз билан бориб кўрдик.

Шу пайтгача 168 минг 507 гектар ерлар миналардан тозаланган. Текширилган ҳудудларда 106 мингдан зиёд снарядлар топилган. Шунингдек, 34 минг 245 дона пиёдаларга қарши миналар ва 20 минг 833 дона танкларга қарши миналар топиб, зарарсизлантирилган.

«Биз ҳозир Ағдам тумани маркази ва Сарижали қишлоғи орасида турибмиз. Бу жойлар 1993 йилда ишғол қилинган ва 2020 йилда ишғолдан озод этилган. 27 йил давомида бу жойлар оккупация остида бўлган ва ҳозир биз турган жойлар ҳам миналаштирилган эди, аммо бу ерлар бизнинг тарафимиздан тозаланиб бўлинди.

Чап тарафдаги ерларда тозалаш ишлари олиб бормоқдамиз. Ўнг тарафда Сарижали аҳоли пункти вайрон қилинган ва миналаштирилган эди. Бизнинг тарафимиздан у ерлар тозаланиб, қишлоқ бутунлай бошқатдан қурилиш босқичида.

Бугунга қадар Ағдам туманида умумий ҳисобда 31 минг 803 гектар майдон миналардан тозаланди. Бу ерда 10 минг 923 дона портловчи моддалар топилган. 9 минг 280 дона пиёдаларга қарши миналар, 6 минг 568 дона танкларга қарши миналар топиб, зарарсизлантирилди», — дейди ANAMA амалиёт раҳбари Холиқ Зулфиқоров.

Ҳудуд квадратларга бўлиниб, миналарни майдон узра биринчи мина тозаловчи машина юриб чиқади йўлида учраган миналарни занжирли сопқони билан уриб портлатди. Унинг ортидан, сапёрлар ўзларининг мина изловчи қурилмалари билан миналарни, снарядлар қолдиқларини ахтариб топишади. Ҳудудда аниқланган ҳар қандай снаряд ва ракета қолдиқлари ҳам йиғиштириб олинар экан.

Топилган миналар ўша жойнинг ўзида портлатилиб йўқ қилинади. Биз борган куни эрталаги соат 11 ларгача топилган миналар портлатиб йўқ қилинди.

Миналардан тозаланган ҳудудларда янги қишлоқлар барпо этилмоқда. Уруш туфайли мажбуран кўчирилган ағдамликларнинг вайрон қилинган уйлари ўрнига янги ва замонавий уйлар қириб берилмоқда. Ҳудуд мутлақо янгича ва замонавий қиёфага эга бўлиб бормоқда.

Репортажимизнинг навбатдагиси ишғол остида бўлган ва озод этилган Фузулий ва Зангилон туманларидаги ободончилик ишларига бағишланади.

Шуҳрат Шокиржонов, Kun.uz махсус мухбири.
Монтаж устаси: Фахриддин Ҳотамов.

Мавзуга оид