Ўзбекистон | 17:26 / 16.10.2023
32043
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда ноқонуний қурилган бино-иншоотларни бузиш бошланди

Йўллар бўйлаб берухсат қурилган бинолар аҳоли учун хавф туғдиради: ҳайдовчининг бир дақиқалик хариди бошқа ҳайдовчилар ва пиёдалар учун сезиларли ноқулайлик ва хавфга сабаб бўлади, дейилади ҳокимлик эълонида.

Иллюстратив фото: Kun.uz

Тошкент шаҳрида тегишли таҳлиллар ўтказилиб, ихтисослаштирилган хизматлар томонидан ноқонуний бино ва иншоотларни демонтаж қилиш ишлари бошланди.

Бу ҳақда маълум қилган шаҳар ҳокимлигига кўра, бу бинолардан фойдаланган тадбиркорларга қонуний асосда ўз фаолиятини давом эттириш учун шароит яратилади.

“Амалиёт ва таҳлиллар кўрсатганидек, шаҳар ҳокимлиги ва тегишли хизматларнинг рухсатисиз, йўллар бўйлаб қурилган бинолар аҳоли учун хавф туғдиради, яъни уларда автотураргоҳ ва тўхташ йўли йўқ, бу эса ҳайдовчининг бир дақиқалик хариди орқасидан бошқа ҳайдовчилар ва пиёдалар учун сезиларли ноқулайлик ва хавфга сабаб бўлади”, – дея изоҳлаган пойтахт маъмурияти.

Ҳокимлик шаҳардаги маиший ва тижорат биноларининг мулкдорларини тегишли ҳужжатларнинг шаҳарсозлик меъёрларига мувофиқлигини яна бир бор синчиклаб текширишга чақирди.

“Шунингдек, ушбу турдаги мулкни сотиб олаётганда эҳтиёт бўлишингизни ва юридик хизмат компаниялари билан маслаҳатлашишингизни сўраймиз. Тошкент шаҳар кадастр хизматлари томонидан бериладиган ҳужжатлардан ташқари, бино ва иншоотлар учун ҳужжатларнинг муқобил турлари мавжуд эмас.

Потенциал хариднинг барча тафсилотларини аниқлаштириш учун ваколатли органларга шахсан ёки онлайн давлат хизматлари орқали мурожаат қилинг”, – дейилади Тошкент шаҳар ҳокимлиги эълонида.

Қайд этилишича, бу борада маълумот олиш учун шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматига 71 210 01 63 телефон рақами ёки ижтимоий тармоқлар орқали мурожаат қилиш мумкин.

Мавзуга оид