Ўзбекистон | 18:36 / 19.10.2023
7146
2 дақиқада ўқилади

Хоразмда ўқувчиларни шоли ўримига жалб қилган фермер жазоланди 

Унга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баробари миқдорида жарима жазоси тайинланди. 

Хоразм вилояти, Қўшкўпир туманидаги «Иброҳим балиқчи» фермер хўжалиги раҳбари «маълум бир ҳақ эвазига» далада ўрилган шолини тўплаш ишларини бажаришга мактаб ўқувчиларини жалб қилгани аниқланди. Бу ҳақда Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссияси хабар берди. 

Қайд қилинишича, Хоразмда 9-синф ўқувчилари шоли ўримига жалб қилингани ҳақидаги хабар Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси мурожаатига асосан Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг Давлат меҳнат инспекцияси ҳамда Бош прокуратура томонидан ўрганилган. 

Ўрганиш давомида Қўшкўпир туманидаги 19-мактабнинг 9-синф ўқувчилари «Иброҳим балиқчи» фермер хўжалигига тегишли шоли даласида, дарс машғулотларидан сўнг, ушбу хўжалик раҳбарининг таклифига асосан, маълум бир ҳақ эвазига далада ўрилган шолини тўплаш ишларини бажаришга жалб қилингани аниқланган. 

Шу билан бирга, мактаб маъмуриятининг ушбу ўқувчиларни шоли ўримига мажбурий жалб қилиниши ҳолати ўз тасдиғини топмаган. 

Аниқланган қонунбузилиш юзасидан фермер хўжалиги раҳбари томонидан вояга етмаган шахсларга нисбатан меҳнат қонунчилиги ва болалар меҳнатидан уларнинг соғлиғига, хавфсизлигига ёки аҳлоқ-одобига зиён етказиши мумкин бўлган ишларда фойдалангани ҳолати Қўшкўпир туман судида кўриб чиқилди. 

Суд қарори билан фермер Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддаси 3-қисми ва 491-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбли деб топилди. Унга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баробари (3,3 млн сўм) миқдорида жарима жазоси тайинланди.

Мавзуга оид