Ўзбекистон | 16:12 / 07.11.2023
35025
2 дақиқада ўқилади

Хоразм вилоятининг уч туманига янги ҳокимлар тайинланди

Қўшкўпир, Шовот ва Тупроққалъа туманларида янги ҳокимлар иш бошлади. Бу ҳудудларнинг иккитасида йил бошидан буён иккинчи бор раҳбар ўзгармоқда.

Хоразм вилоятининг учта туманида ҳокимлар ўзгарди.

Шуҳрат Қурвондурдиевич Аҳмедов халқ депутатлари Қўшкўпир туман Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида мазкур туман ҳокими лавозимига тасдиқланди.

Шуҳрат Аҳмедов

Шуҳрат Аҳмедов муқаддам Хоразм вилояти қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи бўлган, 2023 йил апрелида Тупроққалъа тумани ҳокими лавозимига тайинланганди.

Қўшкўпир туманига 2023 йил апрелидан буён Бобурбек Эгамов раҳбар эди. Унинг кейинги фаолияти ҳақида маълумот йўқ.

Ойбек Мадаминович Холбоев халқ депутатлари Шовот туман Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида мазкур туман ҳокими лавозимига тасдиқланди.

Ойбек Холбоев

Ойбек Холбоев муқаддам Боғот тумани ҳокими бўлган, 2020 йил декабридан буён Урганч шаҳри ҳокими лавозимида ишлаётганди.

Шовот туманига 2022 йил мартидан буён раҳбарлик қилиб келган Одилбек Ортиқовнинг кейинги фаолияти ҳақида маълумот йўқ.

Айни вақтда Холбоев ўрнига Урганч шаҳри раҳбарлигини ким эгаллагани маълум эмас.

Акмал Ортиқович Жималязов эса Шуҳрат Аҳмедов ўрнига Тупроққалъа тумани ҳокими лавозимига тасдиқланди.

Акмал Жималязов

Акмал Жималязов тайинловга қадар Хоразм вилояти қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган эди.

  • Шу тариқа, Тупроққалъа ва Қўшкўпир туманларида йил бошидан буён иккинчи марта ҳоким ўзгарди. Президентнинг 31 март куни Хоразм вилоятига ташрифидан сўнг тўртта туманга (юқоридагилардан ташқари, Урганч ва Боғот туманларида) янги раҳбарлар тайинланган ҳамда 2022 йил декабридан буён вилоят ҳокими в.б бўлиб турган Жўрабек Раҳимов расман ҳоким этиб тасдиқланганди.

Мавзуга оид