Ғазода қурбон бўлганларнинг 73 фоизи аёллар ва болалар — Эрдўған
“Агар бугун биз, жумладан, мусулмонлар сифатида овозимизни баланд кўтармасак, яна қачон кўтарамиз?» – деди Туркия президенти. У Туркия томонидан фаластинликларга 10 та самолётда инсонпарварлик ёрдамлари етказиб берилганини таъкидлади.
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг Тошкентда ўтган 16-саммитидаги нутқида Исроил-ҲАМАС урушига ҳам тўхталиб ўтди.
“Айни дамда блокададаги Ғазо секторида 11 мингга яқин фаластинлик, жумладан, аёллар ва болалар ҳалок бўлди, дунё эса сукут сақламоқда. Исроил ҳукумати барча инсоний қадриятларни менсимай, мактаблар, масжидлар, черковлар, шифохоналар ва университетларни бомбардимон қилишда давом этмоқда. Исроил томонидан шафқатсизларча ўлдирилган Ғазо секторининг 11 мингга яқин аҳолисининг 73 фоизи – аёллар ва болалардир”, – деди Туркия президенти.
Эрдўған, шунингдек, Туркия Миср кўмагида шу пайтгача Эл-Ариш аэропортига 10 та самолётда ҳажми 230 тоннадан ортиқ бўлган ҳуманитар ёрдам юборганини билдирди.
“500 миллион аҳолига эга, умумий даромади 1,5 триллион долларга тенг бўлган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, шубҳасиз, муҳим ўринни эгаллайди. Агар бугун биз, жумладан, мусулмонлар сифатида овозимизни баланд кўтармасак, қачон яна баланд кўтарамиз?” – дея Туркия етакчисининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Саммитда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам Ғазо секторида давом этаётган урушга тўхталиб, қонли низо оқибатида аввало тинч аҳоли вакиллари, айниқса, аёллар, болалар ва кексалар кўплаб қурбон бўлаётганидан ташвиш билдирди. Ўзбекистон Фаластин халқининг мустақил давлат барпо этиш ҳуқуқини қўллаб-қувватлаши яна бир бор таъкидланди.
Мавзуга оид
00:45 / 23.12.2024
Туркия ТИВ раҳбари Сурияга қарши санкцияларни тезроқ бекор қилишга чақирди
20:38 / 20.12.2024
Эрдўған Сурия шимолидаги террорчиларни зарарсизлантириш вақти келганини айтди
16:40 / 20.12.2024
Ғазода ҳарбий базалар қурилмоқда. Исроил мустаҳкам ўрнашиб олмоқчи
17:52 / 17.12.2024