«Снос»лар бўйича қарзи бор ҳокимликларга бюджетдан маблағ сарфлаш тақиқланиши мумкин
Компенсация пулларини тўламаган ҳокимликларга бюджет даромадларининг прогноздан ошириб бажарилган қисмидан фойдаланиш тақиқланиши режалаштирилган.
Аҳоли ва тадбиркорларнинг мулкни олиб қўйиш ёки бузиш («снос») билан боғлиқ компенсация тўловларидан қарзи бўлган ҳокимликларга бюджет даромадларининг прогноздан ошириб бажарилган қисмидан маблағ сарфлаш тақиқланиши мумкин. Ўзбекистон ҳукумати қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиришлар киритишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида бош вазир ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, яқинда ҳукумат томонидан ҳокимликларга бюджет прогнозларининг ошириб бажарилиши натижасида ҳосил бўлган маблағлардан эркин фойдаланиш имконини берувчи ҳужжат лойиҳаси тайёрланган.
«Биз ушбу ҳужжатга қуйидаги бандни киритамиз: агар ҳокимликларнинг ер участкаларини олиб қўйиш ёки бинони бузиш бўйича қарзи бўлса, бюджетнинг ортиқча бажарилган қисмини бошқа мақсадларда ишлатиш тақиқланади», деди бош вазир ўринбосари.
Унинг сўзларига кўра, 2018 йилдан буён давлат бюджетидан биноларни бузиш ва ер участкаларини олиб қўйиш учун компенсация сифатида 4 трлн сўмдан ортиқ пул ажратилган, бу эса «катта маблағ» ҳисобланади.
Бу мақсадларга 2023 йилда 686,6 млрд сўм йўналтирилган, 2024 йилда 500 млрд сўм йўналтирилиши режалаштирилган.
Мавзуга оид
16:47 / 12.12.2024
Тадбиркор фойдасига ҳокимликдан 1,5 миллиард сўм компенсация ундирилди
17:12 / 07.12.2024
Тошкентда яна “снос” масаласи: одамлар ваъда қилинган уйларни ололмаяпти
17:32 / 30.11.2024
АҚШда эркак уни нотўғри даволаган клиникадан 412 млн доллар товон ундирадиган бўлди
21:39 / 01.11.2024