Жаҳон | 17:32 / 30.11.2024
4296
3 дақиқада ўқилади

АҚШда эркак уни нотўғри даволаган клиникадан 412 млн доллар товон ундирадиган бўлди

Шифокорларнинг бепарволиги туфайли эркак импотент бўлиб қолган.

Фото: AP / Susan Montoya Bryan

АҚШнинг Ню-Мексико штатида яшовчи фуқаро эркаклар саломатлиги клиникасидан 412 миллион доллар миқдорида товон пули олади. Шифокорлар унга нотўғри ташхис қўйиб, хавфли муолажа тайинлаганди, деб хабар берди ABC News.

2017 йилда ўша пайтда 66 ёш бўлган эркак чарчоқ ва вазн йўқотишдан шикоят қилиб NuMale клиникасига мурожаат этган. Шифокорлар эркакка эректил дисфункцияси ташхисини қўйган ва 5 минг доллар қийматидаги муолажа тайинлаган.

Беморга тестостерон гранулаларини имплантация қилиш ва жинсий аъзога инъекция юбориш тавсия этилди — буларни у уйда мустақил бажариши керак эди. Маълум вақт ўтгач, эркак даволаниш фойда бермаганини тушунди ва яна NuMale клиникасига мурожаат қилди. У ердагилар эса муолажани давом эттириш кераклигини айтиб, уни уйга жўнатиб юборишди. Ўша пайтда эркак “дори-дармонлар туфайли юзага келган ва тиббий нуқтаи назардан кераксиз эрекция” ҳолатида бўлган.

Унинг аҳволи ёмонлашиб, кутилмаганда шошилинч жарроҳлик амалиёти талаб этилди. Шифокорлар беморга нотўғри ташхис қўйгани, муолажа эса бутунлай хавфли бўлгани аниқланди. Даъвода таъкидланишича, шифокорларнинг эътиборсизлиги туфайли эркак жинсий қобилиятини йўқотган ва “қайта тикланмайдиган жинсий аъзо фибрози”га чалинган.

Эркакнинг адвокатлари таъкидлашича, клиника шифокорлари бемордан кўпроқ пул ундириш учун унга нотўғри ташхис қўйган. Шунингдек, улар NuMale компаниясини “кексаларни алдаш орқали миллионлаб пул ишлайдиган” фирибгарлик тизимини яратишда айблади.

Якунда маслаҳатчи судьялар беморнинг ёнини олиб, унга тиббий эътиборсизлик иши бўйича рекорд миқдорда компенсация тўлаш ҳақида қарор чиқарди.

NuMale вакиллари воқеани изоҳлашдан бош тортди, аммо клиника барча филиалларида хавфсизлик ва мувофиқликнинг қатъий мезонларига риоя қилган ҳолда беморларни масъулият билан даволашни давом эттираётганини маълум қилди.

Аввал хитойлик аёл бир кунда олтита косметик операцияни бошдан ўтказгандан сўнг шифохонада вафот этгани ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга оид