АҚШ конгрессменлари ҳукумат иши тўхтаб қолишига қарши чиқди
АҚШ Конгрессининг қуйи палатаси Америка маъмуриятини вақтинчалик молиялаштириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилди. Исроил ва Украинага ёрдам кўрсатилмаган ҳужжат Сенатга юборилди.
АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси 14 ноябр, сешанба куни Америка маъмуриятини вақтинчалик молиялаштириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади. Ушбу қарор 18 ноябрдан бошлаб федерал ҳукумат иши тўхтаб қолиши хавфини сезиларли даражада камайтирди. Айрим маҳкамалар ишини молиялаштиришни 2024 йил 19 январгача, бошқаларини эса 2024 йил 2 февралгача узайтириш таклиф этилмоқда.
Қонун лойиҳасида Исроил ва Украинага молиявий ёрдам ажратиш назарда тутилмаган. Аввалроқ АҚШ Конгресси қуйи палатасининг янги спикери республикачи Майк Жонсон қўшма пакет доирасида Украина ва Исроилни молиялаштиришга қарши чиққан эди.
Лойиҳа АҚШ Сенатига тақдим этилди
Қонун лойиҳаси Сенатга юборилди, ҳужжат у ерда ҳам қабул қилиниши ва президент Жо Байденга имзолаш учун юборилиши кутилмоқда. Бу қонун чиқарувчиларга ҳукуматнинг бир йил учун молиялаштиришни кенгроқ муҳокама этишга муҳим қўшимча ҳафталар беради.
Турли федерал идораларнинг 2024 йил учун бюджети 11 ноябргача тасдиқланиши керак эди. Аммо сўнгги сессияда демократлар назоратидаги Сенат ва республикачилар кўпчиликни ташкил этувчи Вакиллар палатаси ўртасидаги қарама-қаршилик бунга тўсқинлик қилди.
Ҳукумат иши тўхтаб қолиши 1,5 миллионга яқин АҚШ ҳукумати ходимларини уйларига маошсиз юбориш билан таҳдид солади. Шатдаун, шунингдек, федерал мулкка тегишли бўлган аксарият объектлар, жумладан, миллий боғлар ёпилишини ва ҳаво ҳаракатини бошқариш чекланишини англатади, бу америкаликларнинг саёҳат режаларига таъсир кўрсатади.