Ўзбекистон | 09:47 / 26.11.2023
8936
2 дақиқада ўқилади

Наманганда салкам 160 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган компютер клуби аниқланди

Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

Фото: Бош прокуратура ҳузуридаги департамент

Наманган шаҳрида жойлашган компютер ўйинлари марказида электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент хабар берди.

Маълум қилинишича, департаментнинг Наманган шаҳар бўлими томонидан «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Наманган ҳудудий филиали ходимлари билан ҳамкорликда терговга қадар текширув ўтказилган. Текширувда фуқаро А.Й. «Ҳақиқат» МФЙ ҳудудидаги компютер ўйинлари маркази биносини ҳеч қандай ҳужжатсиз тижорат мақсадида умумий фойдаланишдаги электр тармоғига ўғирлик йўли билан улаб, жами 158,7 миллион сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ Наманганда ярим миллиард сўмдан ортиқ электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилгани аниқланган эди. МЧЖ масъуллари томонидан электр ҳисоблагичдан ташқари тармоққа яширин равишда уланган ҳолда фойдаланиб келиниши натижасида 422 миллион 897 минг сўмлик электр энергияси талон-торож қилинган.

Мавзуга оид