Чирчиқдаги ИИБ ҳибсхонасида 22 ёшли йигит вафот этди. Омбудсман вазиятни ўрганмоқда
Тошкент вилояти ИИББ ҳибсхонада сақланаётган йигит ўз жонига қасд қилиши оқибатида вафот этганини маълум қилган. Аммо маҳаллий депутат унинг бурни сингани ва танасида жароҳатлар борлиги аниқлангани ҳақида ёзган. Ҳолат юзасидан прокуратура томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳри ички ишлар бўлими ҳибсхонасида 2001 йилда туғилган Абдуллоҳ исмли йигит оламдан ўтган. Бу ҳақда шаҳар кенгаши депутати Жаҳонгир Тўлаганов хабар берган.
Депутат ўғрилик жиноятида гумонланиб қўлга олинган йигит ўз жонига қасд қилгани айтилаётган бўлса-да, унинг бурни сингани ва қоши ёрилгани ҳақида ҳам маълумот борлигини хабар берган.
«Ҳар бир жиноят қилган жиноятчи ёки гумонланувчи қонун олдида жавоб бериши керак, ўлими билан эмас. ИИБга олиб кириб кетилган ҳар бир фуқаронинг хавфсизлигига ИИБ ходимлари масъул эканлигини унутмаслигимиз керак», дея ёзган у.
Тошкент вилояти ИИББ матбуот хизмати фуқаро ўз жонига қасд қилгани ҳақида баёнот берган.
Қайд этилишича, 22 ёшли йигит A.Ў. Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми «в» банди (Ўғрилик, кўп миқдорда) ва 168-моддаси 3-қисми «б» банди (Фирибгарлик, такроран ёки хавфли рецидивист томонидан) билан қўзғатилган жиноят ишида айбланган.
Тергов давомида A.Ў. муқаддам ҳам Жиноят кодексининг 164-моддаси 2 қисми «а» банди (Босқинчилик, қурол ёки қурол сифатида фойдаланиш мумкин бўлган бошқа нарсаларни ишлатиб) билан судлангани инобатга олинган. Унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.
«1 декабр куни соат тунги 02:30 атрофида жиноят иши доирасида ҳибсхонада сақланаётган A.Ў. камерадаги ёпинчиқ чойшабдан сиртмоқ ясаб, камера ойначасининг темир панжарасига боғлаган ҳолда ўз жонига қасд қилган», — дейилади хабарда.
Суд-тиббиёт экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, марҳумнинг ўлими бўйин қисми сиртмоқ билан сиқилиши натижасида келиб чиққан механик асфиксия оқибатида юз бергани аниқланган.
Ҳолат юзасидан прокуратура томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари амалга оширилмоқда.
Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) «Чирчиқ ИИБдан ёш йигитнинг ўлиги чиқди» сарлавҳали хабар ўрганилаётганини, ҳолат назоратга олиниб, ишга тааллуқли маълумотлар сўраб олингани ҳақида маълум қилган.
«Тўпланган ҳужжатлар ўрганилиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексида белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун вилоят прокуратурасига юборилади ва юқоридаги ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берилади.
Омбудсман юқорида қайд этилган хабарлар юзасидан текширув ҳар томонлама, тўлиқ ва қонуний ўтказилишини назорат қилади», дейилади хабарда.
- 2023 йил 4 июн куни 36 яшар гумонланувчи Бўка тумани ИИБ ходимлари томонидан аёвсиз дўппослангани натижасида вафот этган, унинг қовурғаси синдирилиб, бўйнидан бўғиб қийноққа солингани аниқланганди.
- Андижонда 2022 йили маҳкумни уриб ўлдириб қўйган 12 нафар ИИБ ходими суд томонидан турли муддатларга озодликдан маҳрум қилинганди.
Мавзуга оид
21:28 / 18.12.2024
Гулистон ИИБ ТБ фуқаролик низосидан жиноят иши “ясади”. Терговчи янги йилни иссиқ уйида, 50 ёшли аёл эса Россия ҳибсхонасида кутиб оладими?
10:54 / 06.12.2024
Россияда фарзандини қийноққа солган ўзбекистонлик аёл қамалди
19:25 / 02.12.2024
Навоийда пора олган ИИБ ходими озодликдан маҳрум қилинди
18:07 / 24.11.2024