Ўзбекистон | 18:46 / 06.12.2023
13545
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда журналистларни калтаклаган «Кўприкқурилиш» ходимига жазо тайинланди

Тошкентда репортаж тайёрламоқчи бўлган журналистларни калтаклаган «Кўприкқурилиш» ходими 4 йилга шартли равишда озодликдан маҳрум қилинди. Айбдорга 2 йиллик синов муддати берилиб, ундан 23,7 млн сўм зарар ундирилиши белгиланди.

Фото: Видеодан кадр

Тошкент шаҳрида Zo‘rTV журналисти билан операторини калтаклаган шахсга ҳукм ўқилди. 

Тошкент шаҳри суди «Ўзбекистон темирйўллари»га қарашли «Кўприкқурилиш» трести 67-отряди иш бошқарувчиси Нодир Эшниёзовни Жиноят Кодексининг 277-моддаси 3-қисми «а» ва «г» бандларида кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топиб, унга дастлаб 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади. Судланувчига Жиноят кодексининг 72-моддаси қўлланиб, ҳукм шартли экани эълон қилинди ва айбдорга 2 йиллик синов муддати белгиланди. Шу билан бирга, Zo‘rTV канали фойдасига етказилган зарар учун 23,8 миллион сўм маблағ ундирилиши белгиланди. 

Ҳодиса шу йил август ойида содир бўлди. Дастлаб, Тошкент халқаро аэропортига элтувчи йўл ўтказгич тўсинлари реконструкция жараёнида қулаб тушди. «Ўзбекистон темирйўллари» воқеага эҳтиётсизлик сабаб бўлганини маълум қилди. 

Тўсин қулашини ёритиш учун борган Zo‘rTV телеканали журналистларига қаршилик кўрсатилиб, операторнинг камерасига зарар етказилди, ўзи эса калтакланди. Зўравонлик кўрсатиб, куч ишлатган ходим Нодир Эшниёзов экани маълум бўлди. «Ўзбекистон темирйўллари» уни ишдан бўшатилганини эълон қилди. 

Бунинг ортидан ИИВ безорилик ҳолати бўйича жиноят иши қўзғатилганини маълум қилган эди.

Мавзуга оид