Байденнинг ўғли 1,4 млн доллар солиқ тўлашдан бўйин товлаганликда айбланди
АҚШ президенти Жозеф Байденнинг ўғли Ҳантер Байденга солиқ тўлашдан бўйин товлаганлик иши бўйича тўққизта айблов эълон қилинди.
Тергов маълумотларига кўра, Ҳантер Байден 2016 йилдан 2019 йилгача камида 1,4 миллион доллар миқдорида солиқ тўламаган.
Айблов хулосаси Калифорния марказий округи судига топширилган. Янги айбловлар учта жиноят ва олтита қонунбузарликни ўз ичига олади. Ҳантер Байден солиқ тўлаш ўрнига «маишат ва кўнгилхушлик қилиш учун» миллионлаб пул сарфлагани айтилмоқда.
Прокуратуранинг таъкидлашича, Ҳантер Байден «2018 йилда кўп пул ишлаб топган ва беҳуда харажатларни амалга оширган», унинг харажатлари «даромадлари ошгани сайин ортган».
«2018 йилда судланувчи 1,8 миллион доллардан ортиқ маблағ сарфлаган. Жумладан, 722 минг доллар нақд пул ечиб олган, аёлларга қарийб 383 минг доллар сарфлаган, кийим-кечак ва аксессуарларга қарийб 151 минг доллар, ҳар хил харидлар ва бошқа тўловлар учун тахминан 78 минг доллар йўналтирган. Айбланувчи бу маблағларни солиқ тўлаш учун ишлатмаган», дейилади айблов хулосасида.
Ҳантер Байден солиқ тўлашдан бўйин товлагани учун аллақачон тергов қилинмоқда. Аввалига у айбини тан олди, бироқ кейин бундан тонди.
2023 йил сентябр ойида прокурорлар уни сохта ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда тўппонча сотиб олганликда, ушбу ҳужжатлар ҳақидаги маълумотларни яширганликда ва гиёҳвандликда айблаган эди.