Ўзбекистон | 14:55 / 10.12.2023
23635
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондаги ягона табиий питомник – “Жайрон” | Манзил

Ўсимлик ва ҳайвонларнинг айрим турларига зарур шароит яратиш йўли билан уларни сақлаб қолиш ва кўпайтиришга мўлжалланган, муҳофаза этиладиган ҳудудлар табиий питомниклар ҳисобланади. “Манзил” лойиҳаси Ўзбекистонда ягона бўлган Бухоро ихтисослаштирилган “Жайрон” давлат табиий питомнигига саёҳат қилди.

Питомник 1976 йилда ташкил этилган. Майдони 5145 гектар. 1977 йилдан питомникка 42 бош жайрон келтирилиб, уларни кўпайтириш ишлари бошланган. 1987 йилда уларнинг сони 1200 тага етган ва режа асосида қўшни ва бошқа ҳудудларга тарқатилган.

Бу ерда жайронлар билан бирга йўрға тувалоқ, қулон, Прежевалский оти, Бухоро буғуси (хонгул) каби халқаро ва Ўзбекистон Қизил китобига киритилган турларни ҳам кўпайтириш ва ўрганиш ишлари олиб борилади.

Кузда бирқозон, оққушлар, қизилғозлар ва кўплаб йиртқич қушларини учратиш мумкин.

Марказ атрофи йиртқичларнинг ичкарига ўтишига тўсиқ бўлиши учун 36 кмли майдон баландлиги 2 м бўлган симтўр билан ўралган.

Прежевалский оти аслида Ўзбекистон фаунаси учун хос бўлмаган тур ҳисобланади. Бўйи паст, калласи катта, бўйни калта ва йўғон. Бу жониворлардан бутун дунёда 2000 дона қолган. Бу тур Бухорога 1987 йилда Санкт-Петербург шаҳридан олиб келинган бўлиб, аввалига тутқунликда кўпайтирилган, сўнгра, қўриқхона ҳудудига қўйиб юборилган.

Ана шу ҳайвонларга эмин-эркин яшаш ва кўпайиш учун яратиб берилган табиий муҳит билан “Манзил”нинг янги сонида танишинг.

Тоҳиржон Турсунов,
Kun.uz'нинг “Манзил” лойиҳаси учун махсус

Ушбу кўрсатув Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан ҳамкорликда тайёрланди

Мавзуга оид