Эронлик Маҳса Аминийнинг синглисига Европарламент мукофоти топширилди
Эронда ахлоқ полицияси томонидан қўлга олинганидан кейин ўлдирилган 22 ёшли Маҳса Аминий ва унинг ўлимидан сўнг мамлакатда бошланган аёллар ҳуқуқлари ҳаракати Европа парламентининг «Фикр эркинлиги» мукофоти билан тақдирланди.
Эронлик курд қиз Махса Аминий вафотидан кейин Европа парламенти томонидан берилган «Фикр эркинлиги» учун Андрей Сахаров мукофоти билан тақдирланди. Ахлоқ полицияси томонидан ўлдирилган қизнинг оиласи номидан мукофотни 12 декабр, сешанба куни Страсбургда адвокат Солиҳ Никбахт, шунингдек, Аминийнинг сургундаги синглиси Афсун Нажафий ва фаол Мерседе Шихинкар қабул қилди. Аминийнинг ота-онаси ва укаси Эрон ҳукумати уларга мамлакатни тарк этишга рухсат бермагани учун маросимга кела олмади.
Европарламент раиси Роберта Метсола ўз нутқида эронлик аёлларнинг адолат, эркинлик ва инсон ҳуқуқлари учун курашдаги жасорати ва матонатини тўхтатиб бўлмас деб атади. Унинг сўзларига кўра, Маҳса Аминийнинг овози «бутун дунёда янгради» ва «Аёл, ҳаёт, эркинлик» ҳаракатининг бошланишини белгилаб берди. «Сизнинг жасоратингиз ғалаба қозонади, чунки сизнинг мақсадингиз тўғри», деб қўшимча қилди Европарламент раҳбари.
Ўз навбатида, Аминийнинг онаси Можган Эфтехари ўз сўзида қизини инквизиция томонидан қатл этилган, кейин эса католик черков томонидан канонизация қилинган Жанна Д'Арк билан таққослади. Ўрта аср фаоли ҳам, Маҳса Аминий ҳам ўлимлари орқали чегаралардан ошиб кетишди ҳамда эмансипация ва озодлик истагини янгиладилар, деди у.
2023 йил Сахаров мукофоти лауреатлари - Маҳса Аминий ва Эрон аёллари ҳаракати
Бу йилги Сахаров мукофотининг иккинчи лауреати «Аёллар, ҳаёт, эркинлик!» шиори остида аёллар ҳуқуқлари учун Эрон оммавий ҳаракати бўлди. «22 ёшли Жина Маҳса Аминийнинг шафқатсизларча ўлдирилиши бурилиш нуқтаси бўлди. Бу тарихга кирувчи аёллар ҳаракатининг бошланиши эди», - деди Роберта Метсола лауреатларни эълон қилар экан.
Маҳса Аминий 2022 йил 16 сентябрда бош кийимни нотўғри ўрашда айбланиб, ахлоқ полицияси томонидан қўлга олинганидан сўнг вафот этди. Унинг оиласи Маҳса полиция зўравонлиги туфайли вафот этганини даъво қилмоқда. Теҳрон расмийлари буни рад этади.
Аминийнинг ўлими бутун Эронда «Аёл, ҳаёт, эркинлик!» шиори остида оммавий норозилик намойишларига сабаб бўлди. Улар кўп ой давом этди. Ноҳукумат ташкилотларга кўра, намойишлар чоғида 550 дан ортиқ намойишчи ҳалок бўлган, етти киши қатл этилган.
Сахаров номидаги Европарламент мукофоти
«Фикр эркинлиги» мукофоти совет физиги ва ҳуқуқ ҳимоячиси Андрей Сахаров номи билан аталган бўлиб, Европа парламенти томонидан 1988 йилда таъсис этилган. У инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилишда ўзини кўрсатган шахслар ёки жамоат ташкилотларига берилади. Мукофот миқдори 50 минг еврони ташкил қилади.
2022 йилда украин халқи мукофот билан тақдирланди. 2021 йилда мукофотни ўша пайтда қамоқда бўлган россиялик мухолифатчи Алексей Навалний, ундан бир йил олдин - Беларус мухолифати, 2018 йилда - ўша пайтда Россиядаги қамоқхонада ушлаб турилган украиналик режиссёр Олег Сенцов олган.
Мавзуга оид
16:58 / 25.12.2024
Эронда WhatsApp ва Google Play блокдан чиқарилади
20:58 / 24.12.2024
Bloomberg: Россияга Эрон қуролларининг чорак қисмини бизнесмен Ҳусайн Шамҳаний етказиб бермоқда
19:06 / 22.12.2024
Асаднинг қулаши — Эрон ташқи сиёсатидаги муваффақиятсизлик
14:52 / 20.12.2024