Ўзбекистон | 09:45 / 15.12.2023
3472
2 дақиқада ўқилади

Товар келиб чиққан жой номини рўйхатдан ўтказиш қоидалари тасдиқланди

Адлия вазирининг буйруғи билан Товар келиб чиққан жой номини ва товар келиб чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқини рўйхатдан ўтказиш учун талабномаларни тузиш, топшириш ва кўриб чиқиш қоидалари тасдиқланди. 

Қоидалар «Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида»ги қонунга мувофиқ тасдиқланган ва қуйидагиларни белгилайди:

  • товар келиб чиққан жой номини ва товар келиб чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқини рўйхатдан ўтказиш учун талабномаларни тузиш ва тoпшириш тартиби;
  • рўйхатдан ўтказиш учун талабномага қўйиладиган талаблар ва унинг мазмуни;
  • талабномани кўриб чиқиш ва экспертизадан ўтказиш тартиби ва бошқалар.

 
Мамлакат, аҳоли пункти, жой ёки бошқа жўғрофий объектнинг товарни белгилаш учун ишлатиладиган, унинг алоҳида хусусиятлари тамомила ёки асосан мазкур жўғрофий объектга хос табиий шароитлар билан ёки бошқа омиллар ёхуд табиий шароитлар ва ушбу омилларнинг бирикмаси билан белгиланадиган номи товар келиб чиққан жой номи деб эътироф этилади.

Қуйидаги белгилар товар келиб чиққан жой номи сифатида рўйхатдан ўтказилмайди:

  • товар келиб чиққан жой хусусида истеъмолчини чалғитиб қўядиган жўғрофий ном бўлган белгилар;
  • товар келиб чиққан ҳақиқий жойни расман кўрсатувчи, лекин товар бошқа ҳудудда чиқарилаётганлиги ҳақида янглиш тасаввур берувчи белгилар;
  • товар тайёрланган жой номи билан боғлиқ бўлмаган жўғрофий номни англатувчи ва Ўзбекистонда муайян турдаги товар белгиси сифатида умум фойдаланишда бўлган белгилар;
  • шу турдаги товарга нисбатан товар келиб чиққан жой номи ёки географик кўрсаткич сифатида рўйхатдан ўтказилган белгилар.

Мавзуга оид