Жаҳон | 10:10 / 19.12.2023
5166
2 дақиқада ўқилади

Politico: ЕИда 215 млн доза ковидга қарши вакциналар ишлатилмаган

Ушбу дозаларни сотиб олиш учун тўрт миллиард евро сарфланган. Ўртача, Politico ҳисоб-китобларига кўра, Европа Иттифоқи мамлакатларида ҳар бир киши учун 0,7 вакцина дозаси йўқотилган.

Фото: Ю. Стацявичюс/LRT

Европа Иттифоқида пандемия авжида сотиб олинган камида 215 миллион доза коронавирусга қарши вакциналар ишлатилмай қолиб кетган. Бу ҳақда 18 декабр, душанба куни Politico нашри хабар берди. Нашрнинг ҳисоб-китобларига кўра, ушбу вакциналарни сотиб олишга камида тўрт миллиард евро сарфланган. 

Тадқиқот муаллифларининг таъкидлашича, бу фақат тахминий ҳисоб-китоб, чунки Европа Иттифоқининг атиги 15 та давлати журналистларга фойдаланилмаган вакциналар ҳақидаги маълумотларни тақдим этган, яна тўртта давлат бўйича маълумотлар очиқ манбаларда топилган. Бундан ташқари, Politico қайд этишича, вакциналарни сотиб олиш нархлари ошкор этилмаган. 

Тахминий ҳисоб-китоблар 

Нашр тахминича, аслида ҳисобдан чиқарилган ёки яқин келажакда утилизация қилинадиган ковидга қарши вакциналарнинг фойдаланилмаган дозалари анча кўп. Politico ҳисоб-китобларига кўра, Европа Иттифоқи мамлакатларида бир кишига 0,7 вакцина дозаси йўқотилган (Эстония учун бу кўрсаткич - 1,1, Ирландия учун - 0,16). 

Ишлаб чиқарувчилар томонидан етказиб берилган ва харидорлар томонидан пули тўланган вакциналарнинг бир қисми коронавирус янги вариантларига қарши самарадорлиги пастлиги сабабли талабга эга бўлмаган. 

Politico эслатишича, коронавирусга қарши вакциналарнинг йирик ишлаб чиқарувчилардан бири - Pfizer компанияси билан Европа Иттифоқи давлатлари томонидан 2027 йилгача шартнома тузилган. Вакциналарни сотиб олишдан бош тортган Полша ва Венгрияни Pfizer судга берган. 

Мавзуга оид