Ўзбекистон | 16:49 / 20.12.2023
12501
2 дақиқада ўқилади

Қум барханлари орасидаги ҳаёт – “Оқтоғ томди” | Манзил

Навоий вилоятининг Томди тумани ястаниб ётган бепоён чўллардан иборат. Атрофга қараб бу ерларда умуман тирик жон бўлмаса керак, деган хаёл ўтади одамдан. Аслида эса ундай эмас. “Манзил” лойиҳаси мана шу чўлликлардаги флора ва фаунани сақлаб қолиш учун ташкил қилинган “Оқтоғ томди” давлат қўриқхонасига саёҳат қилди.

Қўриқхона томон йўл оларканмиз, ора-орада овуллар кўриниб қолади. Энг охирги кўрган овулимиз Ўтемурад овули. Бу овулдан кейин қўриқхона ҳудудигача 80 км чўл оралаб юриб бориш керак.

Ўрганиш натижаларига кўра, қўриқхона ҳудудида дарахтлардан саксовул, чала буталардан шувоқ, печак ва шўраклар тарқалган. Бу ерда ўтлар орасида янтоқ, кийикўти, исириқ ва бошқа турдаги кўплаб ўсимликлар учрайди. Баҳор мавсумида қизғалдоқ, бойчечак, лола каби манзарали ўсимлик турлари ўсади.

Судралиб юрувчилардан бўз эчкемар, тароқ бармоқли геккон, қурбақабош чўл калтакесак, ёл-йўл калтакесак, чархилон, чўл тошбақаси учрайди.

Сут эмизувчилардан жайрон, ёввойи тўнғиз, ингичка бармоқли юмронқозиқ, тушки қумсичқон, бўри, тулки, қум товушқони, ёввойи қуён каби ҳайвонлар яшайди.

Қушлардан лочин, тентакқуш, чўл мойқут, чўл қарғаси, тўрғай учрайди.

Умуртқасиз ҳайвонлардан тирик ўргимчаксимонлар сариқ фаланга, чаён, қора танали қўнғизлар, искабтопарлар, заҳкашлар кенг тақалган.

Тоҳиржон Турсунов,
Kun.uz'нинг “Манзил” лойиҳаси учун махсус

Ушбу кўрсатув Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан ҳамкорликда тайёрланди.

Мавзуга оид