Жаҳон | 17:19 / 22.12.2023
11903
11 дақиқада ўқилади

Ер юзини тўлдираётган пластик – хавфли чиқиндиларни энг кўп чиқараётган давлатлар

Ер юзи бўйлаб ҳар йили бир неча юз миллион тонна пластик чиқинди чиқарилади. Уларнинг асосий қисми бир нечта ривожланган давлатлар ҳиссасига тўғри келади. Пластик чиқиндиларнинг озгинаси қайта ишланмоқда. Бир қисми ёқиб юборилмоқда ва оқибатда ҳаво заҳарланяпти. Қолгани йирик дарёлар орқали дунё океанига чиқиб, сув дунёсига зарар етказмоқда.

Бугун “пластмасса балоси” том маънода инсоният учун жиддий хавфга айланган. Олимлар томонидан бир асрда ҳам чиримасдан туравериши айтилган пластик чиқиндилар табиат кушандасига айланмоқда.

Сўнгги йилларда бу кимёвий маҳсулот океанлар тубидан тортиб, дунёнинг энг баланд нуқтаси бўлган Жамолунгма чўққиси этакларигача етиб борди.

Маълумот учун, ҳар йили Ер юзи бўйлаб ўртача 400 млн тонна пластик чиқинди чиқади. Унинг чорак қисми дуч келган жойларга улоқтирилади.

Тартибсиз равишда ташланган пластикларнинг бир қисми қуруқликда сочилиб ётган бўлса, бошқа бир қисми йирик дарёлар орқали дунё океанига чиқиб кетмоқда.

Пластик чиқиндилар билан боғлиқ муаммо дунёнинг турли давлатларида турлича кечяпти. Бой давлатлар уларнинг бир қисмини қайта ишласа, қолганини ривожланаётган давлатларга чиқариб юбормоқда. Камбағал давлатларда эса у атрофда, сув ҳавзаларида сочилиб ётибди.

Бангладешда сув ёқасида сочилиб ётган пластик чиқиндилар
www.alamy.com

Пластик чиқиндиларни экспорт қилишда Британия биринчи ўринни эгаллайди. Бу давлат ҳар йили қарийб 20 фоиз пластик чиқиндиларни ривожланаётган давлатларга чиқариб юборади.

Нидерландияда бу кўрсаткич 15 фоиз, Францияда 10 фоиздан ошиқроқ, АҚШда эса қарийб 10 фоиз.

Пластик чиқиндиларни асосан Африка ва Осиёдаги бир нечта мамлакат ҳамда Туркия олади. Уларнинг бир қисми қайта ишланади. Қолгани электр энергияси олиш учун ёқиб юборилади.

Қуйида энг кўп пластик чиқинди чиқараётган давлатлар ҳақидаги маълумотларни келтирамиз.

АҚШдаги пластик чиқиндиларни қайта ишлаш корхонаси
www.shutterstock.com

АҚШ

АҚШ пластмассадан фойдаланиш бўйича дунёда биринчи ўринда туради. Табиийки, пластик чиқиндиларни ҳам кўп чиқаради ва уларнинг 85 фоизи чиқиндихоналарга ташланади.

Бу давлат ҳар йили ўртача 50 миллион тоннадан ортиқ пластик чиқиндилар чиқаради ва бу ҳар бир фуқарога тахминан 130 килограммдан тўғри келади.

Америкада йилдан йил пластик чиқиндилар миқдори ошиб бормоқда, қайта ишлаш эса ўз ҳолида қоляпти. Шу сабабли АҚШда пластик чиқиндиларни қайта ишлаш кўрсаткичлари фоиз ҳисобида камайиб бормоқда.

Сўнгги йилларда бу ерда бор-йўғи 5 фоиз атрофида пластик чиқиндилар қайта ишланмоқда. Қолгани ёқиб юборилмоқда ёки махсус полигонларга кўмилмоқда. Оқибатда ҳар йили 2,2 млн тонна пластмасса бўлаклари атроф-муҳитга сочилиб кетмоқда.

Хитойдаги пластик чиқинди уюми
www.epacha.org

Хитой

Бу давлатда ҳам ҳар йили 50 млн тонна атрофида пластик чиқинди чиқади. Ундан фақат 15-16 миллион тоннаси қайта ишланади.

Хитойда пластик чиқиндиларнинг 70-80 фоизи ёқилади ёки кўмиб юборилади. Қолгани сув ҳавзалари орқали дунё океанига чиқиб кетмоқда. Жумладан, бугун Хитойдан оқиб ўтувчи тўртта дарё дунё океанига энг кўп пластик чиқинди оқизувчи манбалар ҳисобланади.

Пластикларнинг ёқилгани ҳавони ифлослантирмоқда, кўмилгани эса жуда катта майдонда ерни яроқсизга чиқармоқда. Оқибатда, пластик чиқиндилар Хитойда жиддий экологик муаммоларни келтириб чиқармоқда.

Ҳиндистондан фарқли равишда Хитой сўнгги йилларда пластмассадан фойдаланиш ва пластик чиқиндиларни қайта ишлашга эътиборни оширмоқда. Бу муаммо бўйича ҳуқуқий нормалар қабул қилинди.

Бироқ соҳа мутахассислари булар етарли эмас, Хитой пластмассадан фойдаланиш ва пластик чиқиндилар масаласида янада қатъийроқ чора кўриши керак деб ҳисоблашади

Чунки дунёнинг бошқа давлатларида бўлгани каби Хитойда ҳам пластик чиқиндиларнинг сув ҳавзаларига ва бошқа жойларда сочилиб ётиши одатий ҳолга айланган.

Хитой энг йирик пластмасса ишлаб чиқарувчиси ҳисобланса-да, уни аҳоли жон бошига ишлатишда АҚШдан анча орқада қолади. Чунки мамлакат ишлаб чиқарган пластмасса буюм ва жиҳозларнинг кўпроқ қисмини экспорт қилади.

Рио-де-Жанейро яқинидаги соҳилда тўпланган пластик чиқиндилар
ntdtv.ru

Бразилия

Бразилиядаги пластик чиқиндилар муаммоси шошилинч эътибор талаб қиладиган долзарб масала ҳисобланади. Бу давлат пластик чиқиндилари бўйича АҚШ, Хитой ва Ҳиндистондан кейин дунёда тўртинчи ўринда туради.

Ҳар йили Бразилияда тахминан 11,3 миллион тонна пластик чиқинди ишлаб чиқарилади ва шундан атиги 1 фоиздан сал кўпроғи қайта ишланади.

Қолган 10 млн тонна атрофидаги пластик чиқиндиларнинг бир қисми ёқилади, яна бир қисми кўмилмоқда. Қолгани атрофга, сув ҳавзаларига тушмоқда ва дунё океанига чиқиб кетмоқда. Оқибатда улардан барча, инсонлар, қуруқликдаги ва сувдаги жонзотлар жабрланмоқда.

Бразилияда ҳар йили ишлаб чиқарилаётган пластик чиқиндиларнинг 13 фоизини бир марталик идишлар, ошхона жиҳозлари (санчқи ва пичоқлар), полиэтилен пакетлар ташкил этмоқда.

Ҳиндистонда сочилиб ётган пластик чиқиндилар
www.reddit.com

Ҳиндистон

Ҳиндистон дунёдаги энг кўп пластик чиқиндилар чиқарувчи давлатлардан бири ҳисобланади. Бу ерда ҳар йили тахминан 9-12 млн тонна пластик чиқинди ишлаб чиқарилади.

Ҳиндистон пластик чиқиндилар кўплиги туфайли ҳозирданоқ жиддий муаммоларга дуч келмоқда. Бу мамлакатда пластик чиқиндиларнинг асосий қисми турли жойларга улоқтирилади ва улар ташланган жойида қолиб кетади. Шу сабабли, ҳамма ёқ – кўчалар, далалар, сув ҳавзалари пластик чиқиндилар билан тўлган.

Ҳиндистонда чиқиндиларни тўплаш ва қайта ишлаш тизимининг қарийб йўқлиги вазиятни қийинлаштиряпти. Мамлакатдаги табиатни асраш ташкилотларининг фаоллари Ҳиндистон ҳукуматига “Пластик чиқиндиларга муносабат қоидалари” номи билан қонун қабул қилиш таклифини беришмоқда.

Улар бу нормада бир марталик пластиклардан фойдаланишни камайтириш, пластик чиқиндиларни қайта ишлашни кўпайтириш каби ишларни таклиф этишмоқда.

Фаоллар бу қонун қабул қилинса пластик чиқиндиларнинг камайишидан ва уларни йиғиб олиш ҳамда қайта ишлашда ижобий ўзгаришлар бўлишидан умидвор.

«Уддабурон» японлар пластик чиқиндиларнинг бир қисмини қайта ишлаш учун Хитойга жўнатишади.
mongoltv.mn

Япония

Атроф-муҳитга катта эътибор бериши ва тозалиги билан машҳур бўлган Япония пластик чиқиндилар масаласида жиддий муаммоларга дуч келаётгани ҳайратланарли.

Японияда ҳар йили тахминан 9 млн тонна пластик чиқинди ишлаб чиқарилади, уларнинг 40 фоиздан ортиғини бир марталик идишлар, турли қадоқлар ва озиқ-овқат идишлари ташкил этади.

Японияда дунёдаги энг йирик пластмасса қадоқ ишлаб чиқарувчи компания жойлашган ва у чиқараётган пластик чиқиндиларнинг катта қисми махсус полигонларга ҳамда океанга тушади.

Гарча Японияда қайта ишланадиган материалларни йиғишнинг самарали тизими мавжуд бўлса-да, пластик чиқиндиларнинг бор-йўғи 19-20 фоизи қайта ишланади.

Қолган бир қисми ёндирилади, асосий қисми эса қайта ишлаш учун бошқа мамлакатларга юборилади.

Индонезияда пластик чиқиндилар ҳисобланадиган идишлардан музей ташкил этилган
www.reuters.com

Индонезия

Индонезия ҳар йили тахминан 7,8 млн тонна пластик чиқиндиларни ишлаб чиқаради. Улардан 4,9 млн тоннаси очиқ чиқиндихоналарга ташланади ёки ёқиб юборилади.

Яна бир қисми дуч келган жойга ирғитилади. Ёғингарчиликлар туфайли уларнинг аксарияти сув ҳавзаларига тушиб, океанга чиқиб кетади. Сўнгги йилларда Индонезияда ҳар йили тахминан 600 минг тонна пластик чиқинди денгизларга чиқиб кетяпти.

Индонезия ҳукумати 2025 йилга бориб денгизга чиқиб кетаётган пластик чиқиндиларини 70 фоизга камайтиришни мақсад қилган. Бу йўлда муҳим қадам ташланди ва балиқчиларга денгиздан пластик чиқиндиларни йиғганлик учун пул тўлаш дастури ишга туширилди.

Россияда пластик чиқиндилар учун қўйилган қути
vyvoz.org

Россия

Россияда ҳам пластик чиқиндилар чиқариш миқдори ортиб бормоқда. Сўнгги йилларда бу давлатда йилига 8-10 млн тонна пластик чиқиндилар ишлаб чиқарилмоқда.

Россия бу кўрсаткич билан пластик чиқиндилар ишлаб чиқариш кескин ошган давлатлардан бирига айланди. Бугун бу давлат пластик чиқиндиларни йиғиб олиш ва қайта ишлаш масаласида жиддий муаммоларга дуч келмоқда.

Чунки Россияда ишлар тўғри ташкил этилмаган, чиқиндиларни қайта ишлайдиган корхоналар ва бу соҳада ишлайдиган етакчи мутахассис кадрлар йўқ. Уларни тайёрлаш тизими ҳам ташкил этилмаган.

Германияда йиғиладиган пластик чиқиндиларнинг бир қисми қайта ишлаш учун ривожланаётган давлатларга экспорт қилинади
recyclemag.ru

Германия

Германия пластмасса ишлаб чиқариш бўйича Европада биринчи, жаҳонда юқори ўринларда туради. Шунингдек, бу давлат пластик чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича ҳам дунёда етакчи давлат ҳисобланади.

Мамлакатда ҳар йили тахминан 6,5 млн тонна пластик чиқиндилар ишлаб чиқарилади ва уларнинг бир қисми қадоқлаш материалларини ташкил этади.

Иқтисодиёт бўйича мутахассисларга кўра, Германия пластик чиқиндиларни ҳисоботларда кўрсатилгандан камроқ қайта ишлайди. Ҳисоботларда уларнинг қарийб ярми кўрсатилса-да, аслида 40 фоизга яқини қайта ишланади.

Бир қисми Осиё ва Африкадаги давлатларга чиқариб юборилади. Қолгани бошқа давлатларда бўлгани каби ёқилади, атрофга ва сув ҳавзаларига тушади.

Британияда чиқаётган пластик чиқиндиларнинг бир қисми қайта ишлаш учун ривожланаётган давлатларга жўнатилади.
dailymail.co.uk

Буюк Британия

Буюк Британия пластик чиқиндиларни ишлаб чиқариш бўйича 9-ўринда, аҳоли жон бошига ҳисоблаганда эса дунёда биринчи ўринда туради. Бу мамлакатда ҳар йили тахминан 6,5 млн тонна пластик чиқиндилар чиқади.

Ҳукуматнинг пластмассани ишлатишни камайтириш йўлидаги барча саъй-ҳаракатларига қарамай, мамлакатда ҳали ҳам катта миқдорда пластик чиқиндилар ишлаб чиқарилади.

Британия ҳукумати пластмасса ишлатиш ва пластик чиқиндиларни чиқаришни камайтириш йўлида бир қатор ишларни амалга оширди. Жумладан, пластик пакетларни ишлатиш пулли қилинди. Чиқинди полигонларига пластмасса аралаштириб тайёрланадиган маҳсулотларни ташлаш тақиқланди.

Мамлакатда чиқарилаётган пластик чиқиндиларнинг катта қисми қайта ишланмайди. Бир қисми ёқиб юборилади. Яна бир қисми атрофга сочилиб табиатни ифлослантирмоқда. Бошқа қисми қайта ишлаш учун хорижга юборилади.

Мексикада тез-тез «пластик ови» ташкиллаштирилади.
pikabu.ru

Мексика

Мексика пластик ифлосланишдан азият чекаётган мамлакатлардан бири ҳисобланади. Бу мамлакатда ҳар йили тахминан 6 млн тонна пластик чиқиндилар чиқарилади ва улар атроф-муҳитнинг ифлосланишига сабаб бўлмоқда.

Мексикада чиқиндиларни йиғиш даражаси жуда юқори – 91 фоиз. Бироқ уларнинг бор-йўғи 15 фоизи қайта ишланади. Қолган чиқиндиларнинг катта қисми тартибга солинмаган чиқинди полигонларига ташланади ва улар атроф-муҳитга сочилиб кетади.

Пластик чиқиндиларни нотўғри утилизация қилиш уларнинг ёниб кетишига олиб келади. Оқибатда, ҳавога турли хил кимёвий моддалар чиқади ва атмосферани заҳарлайди.

Мексикадаги пластик чиқиндилар билан боғлиқ муаммо айниқса, мамлакат пойтахти учун долзарб бўлиб қолмоқда. Дунёдаги энг йирик шаҳарларидан бири бўлган Мехико шаҳрида кунига 13 минг тоннага яқин чиқинди чиқарилади ва уларнинг 40 фоизини пластиклар ташкил этади.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мақоланинг 1-қисми:

Мавзуга оид