Жамият | 16:12 / 20.12.2024
1686
5 дақиқада ўқилади

Чиқиндиларни бошқариш соҳасида тўлов интизомини мустаҳкамлашга қаратилган қонун лойиҳаси қабул қилинди

Чиқиндидан қарзи борларга электр учун тўлов қилиш чеклаб қўйилиши бўйича тизим жорий этилиши тартиби белгиланди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматларини кўрсатиш соҳасида тўлов интизоми мустаҳкамланишига қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди ва қабул қилинди.

Маълумот учун, лойиҳа Ўзбекистон президентининг «Чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ва уларнинг экологик вазиятга салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида» 2024 йил 4 январдаги 5-сон фармони 4-банди ижросини таъминлаш, маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматларининг тўлов интизомини кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар киритиш тўғрисида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ташаббуси билан ишлаб чиқилган.

Қонун лойиҳасига мувофиқ «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги, «Рақобат тўғрисида»ги ва «Электр энергетикаси тўғрисида»ги қонунларга чиқиндини олиб чиқиб кетиш хизматлари учун тўловларни электр энергияси учун тўловлар билан бирга ундириш механизмларини жорий қилиш назарда тутилган.

Хусусан, «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунга истеъмолчи зиммасига қонунчиликка мувофиқ, чиқинди учун тўловлар тўланмаганда электр энергияси учун тўловларни қабул қилишни вақтинчалик чеклаш амалиёти қўлланиши;

«Рақобат тўғрисида»ги қонунга товардан фойдаланиш шартларини мажбуран қабул қилдириш тақиқланишида электр энергиясининг етказиб берилишида чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизматлари учун мажбурий тўловларни ундириш тартиби мустасно эканлиги;

«Электр энергетикаси тўғрисида»ги қонунга эса чиқиндини олиб чиқиб кетиш хизматини кўрсатувчи корхоналар электр таъминоти корхоналари билан биргаликда чиқинди олиб чиқиб кетиш хизматлари учун ойлик тўловлардан қарздорлиги бўлган абонентларни СМС орқали хабардор қилиб бориши, фойдаланилган электр энергияси, шунингдек, чиқиндини олиб чиқиб кетиш хизматлари учун мажбурий тўловлар учун ҳақ белгиланган муддатларда ўз вақтида тўланиши, электр энергияси тўлов тизимлари орқали чиқинди хизматларидан қарздорлиги тўғрисида истеъмолчи хабардор қилинганидан сўнг қарздорлик бартараф этилмаган тақдирда, ушбу қарздорлик бартараф этилгунга қадар электр энергияси учун тўловларини қабул қилишни вақтинчалик чеклаб қўйиш бўйича меъёрлар киритилмоқда.

Маълумот учун, ҳозирги кунда аҳоли томонидан асоссиз сабабларга кўра тўловларни кечиктириш ёки тўламаслик ҳолатлари кўп, натижада дебитор қарздорлик (615,6 миллиард сўм) йил сайин ошиб бормоқда. 

Эндиликда фуқаролар алоҳида огоҳлантиришдан кейин ҳам чиқинди бўйича қарздорликни бартараф этмаса, чиқинди бўйича қарзини тўланмагунига қадар электр энергия бўйича тўловни амалга ошира олмайди.

Ўзбекистон президентининг 2024 йил 4 январдаги 5-сонли фармонига кўра, ушбу тизим босқичма-босқич қуйидаги тартибда жорий этилади:

  • 1-босқичда 2024 йил 1 январдан — Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида 6 ойлик қарздорлик учун;
  • 2-босқичда 2024 йил 1 августдан — республиканинг барча ҳудудларида 3 ойлик қарздорлик учун;
  • 3-босқичда 2025 йил 1 январдан — ойлик қарздорлик учун.

Бундан ташқари, қонунга кўра, эндиликда “Тоза Макон Биллинг” платформасига санитар тозалаш корхоналари махсус техникаларининг GPS’лари интеграция қилинади. Бунда тизим махсус техникалар GPS орқали тегишли ҳудудга киргани, хизмат кўрсатувчилар белгиланган ҳудудларни тозалаганини исботловчи суратларни ушбу тизимга юклаган тақдирдагина мазкур платформа орқали ўша ҳудудда яшовчилар учун тўловлар ҳисобланади. Хусусан, санитар тозалаш корхоналарининг режа-графиги асосида 1 ойда, масалан, 8 марта кириш режалаштирилган бўлса, мазкур график асосида махсус техника неча марта кирса, шунча марта тизим орқали тўловлар ҳисоблаб борилади. Агар юқоридаги талаблар асосида қатновлар оширилмаса, тегишли ҳудудга кириб тозаланганлиги тўғрисида суратлар юкланмаса, ушбу тизим томонидан тегишли ҳудудларда тўловлар ҳисобланмайди.

«Мазкур қонундан асосий мақсад аҳолига кўрсатилаётган санитар тозалаш хизматларига тўловлар доимий равишда ва адолатли тарзда амалга оширилишини таъминлашдан иборат. Бу  ўз навбатида аҳоли билан хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ўртасидаги қарздорликни камайтириш, хизматлар сифатини ошириш ва инвестициялар киритиш имкониятларини яхшилашга ёрдам беради. Шу билан бирга, фуқароларга тўлов интизомини осонлаштириш ва аниқ тартибда амалга ошириш, маиший чиқиндилар учун мажбурий тўловларни электр энергияси тўловлари билан бирга ундириш механизмини жорий қилишга имкон беради.  Қолаверса, тадбиркорлик субъектларини жалб қилишга ёрдам беради ва тўловларни ўз вақтида амалга оширмасликдан келиб чиқиши мумкин бўлган молиявий санкциялардан ҳимоя қилади», дейилади Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни бошқариш агентлиги матбуот хизмати хабарида.

Мавзуга оид