Жаҳон | 14:33 / 01.12.2024
20262
8 дақиқада ўқилади

Ҳиндистонлик рожа ‎Rolls-Royce’дан чиқинди йиғувчи машина сифатида фойдаланганми?

20-аср бошларида ишлаб чиқариш бошланган ва кўп ўтмай бойларнинг севимли машинасига айланган ‎Rolls-Royce бир пайтлар Ҳиндистонда чиқинди йиғган деса ишонасизми? Айтишларича шундай бўлган. Европа, Осиё ва Америкада бойлар талашиб, навбат кутиб, махсус буюртма билан харид қилинган машина Ҳинд диёрида кўча тозалаган.

Бугун интернетдан қидириб кўрсангиз, тарихда ‎Rolls-Royce машиналари Ҳиндистонда кўча тозаловчи техника сифатида ишлатилгани ҳақидаги ҳикояларга дуч келасиз.

Ана шу ҳикояларда битта фарқ бор. Уларда қимматбаҳо машинани хор қилиб, ундан чиқинди йиғувчи техника сифатида фойдаланилган шахснинг номи ҳар хил келади.

Айримлар ҳикояда келтирилган ҳодисани ёлғон дейди. Бошқалар ростлигини, буни исботловчи фотосурат борлигини таъкидлайди. Бироқ фотосурат бошқа жойда олинган дейдиганлар ҳам бор.

Ҳикоя

Барчаси 1919 ёки 1920 йилда ҳинд рожаларидан бирининг Лондонга боришидан бошланган. Ўша пайтларда Ҳиндистон Британия мустамлакаси бўлиб, мамлакатнинг узоқ ҳудудларида маҳаллий рожаларнинг ҳокимияти сақланиб қолаётганди.

Инглизларга бож тўлаб турган рожалар ўзига тегишли ҳудудда ҳукмдорлик қилар, солиқлар ва бошқа йиғимлар ҳисобидан бой яшарди. Лондонга борган Алвар рожаси Жай Сингх ҳам шундай ҳукмдорлардан бири эди.

Алвар рожаси Жай Сингх
Фото: deepanshpalawat.medium.com

Рожа Лондон кўчаларини оддий кийимда, мулозимларсиз айланиб юрганда Rolls-Royce машиналари сотиладиган автосалонга дуч келади. У машиналар имкониятлари ва хусусиятлари билан танишиш учун автосалонга киради.

Шунда сотувчилар қаршиларида турган рожани камбағал ҳинд деб ўйлашади ва унинг устидан кулиб, автосалондан чиқариб юборишади.

Рожа автосалон сотувчиларининг бу ишидан жуда ғазабланади. Ўзини ҳақорат қилинган ва камситилган деб ҳисоблайди.

У меҳмонхонага қайтиб келади ва мулозимларига автосалонга қўнғироқ қилиб, Ҳиндистоннинг Алвар князлиги ҳукмдори бир нечта машина сотиб олишга қизиққани ҳақида хабар беришларини буюради.

Бир неча соат ўтгач, рожа яна автосалонга келади. Бу сафар у пўрим кийимларда ва бой мулозимлар қуршовида эди. Автосалонда бой ҳинднинг оёғи остига қизил гилам тўшаб кутиб олишади. Жай Сингх ичкарига кирганда сотувчилар унга ҳатто эгилиб таъзим ҳам қилишади.

Рожа ўша пайтда автосалонда бўлган олтита машинанинг ҳаммасини сотиб олади. У машиналарнинг пулига қўшиб, уларни Алварга етказиб бериш харажатларини ҳам тўлайди.

1918-20-йилларда ишлаб чиқарилган Rolls-Royce Phantom 1 машинаси шу кўринишда бўлган.
Фото: autowp.ru

Жай Сингх Ҳиндистонга қайтгандан сўнг ўзи сотиб олган олтита Rolls-Royce’ни шаҳар ободонлаштириш бўлимига топширади ва улардан чиқиндиларни ташиш, кўчаларни супуриш ишларида фойдаланишни буюради.

Шу тариқа ўша пайтда дунёнинг энг яхши ва энг қиммат машиналари ҳисобланган олтита Rolls-Royce Алвар шаҳри учун хизмат қиладиган махсус техникага айлантирилди.

Кўп ўтмай Rolls-Royce’ларнинг Ҳиндистонда кўча тозалаётгани ҳақидаги хабар бутун дунё бўйлаб тарқалади ва бу автокомпания обрўсига жиддий путур етказади.

Шундан сўнг кимдир ўзида Rolls-Royce машинаси борлиги билан мақтанса, атрофидагилар унинг устидан кулиб: “Қайси бири? Ҳиндистонда кўчаларни тозалайдиган ва чиқиндиларни ташийдиган, ўшами?” деб унинг устидан куладиган бўлишади.

Шунингдек, обрўсига жиддий путур етганидан сўнг Rolls-Royce машиналари савдоси ҳам кескин тушиб кетади ва компания даромадлари қисқаради.

Якунда компания раҳбарияти ҳиндистонлик рожага телеграмма жўнатиб, Лондондаги автосалонга ташрифи чоғида сотувчилар қилган хатти-ҳаракат учун узр сўрайди.

Бундан ташқари, компания рожага яна олтита Rolls-Royce машинасини совға сифатида юборади. Рожа компания раҳбариятининг узрини қабул қилади ва машиналардан чиқинди йиғиш ва кўча тозалаш ишларида фойдаланишни тўхтатади.

Ҳодиса аслида бўлганми?

Бу ҳикоядаги ҳодиса содир бўлганига жуда кўпчилик ишонади. Бошқалар эса бундай бўлмаган, дейди. Ҳикояга ишонмайдиганлар қуйидаги сабабларни келтиришади:

1. Маълум бўлишича, Жай Сингх бундай ҳикоянинг ягона қаҳрамони эмас. Ҳикояда содир бўлган воқеани бошқа ҳинд рожаларига ҳам нисбат беришган. Ўша ҳикояларда сана ва жой фарқ қилади.

Масалан, The Vintage News газетаси ушбу ҳикоянинг қаҳрамони сифатида Алвар рожаси Жай Сингхни келтирган. Medium нашри эса ҳодиса Баҳавалпур рожаси Наваб Содиқ Муҳаммад Хон Аббосий билан содир бўлганини таъкидлаган.

Интернет оламидан қидириб кўрилса, Rolls-Royce машиналари билан бўлган ҳодиса Ҳайдаробод ҳокими Мир Маҳбуб Али Хон, Патиала рожаси Бҳулиндер Сингх ва шу каби бошқа ҳукмдорлар билан содир бўлгани ҳақидаги маълумотлар ҳам учрайди.

Уларни ўқиб, барча ҳинд рожалари Лондондаги Rolls-Royce Ройcе автосалонида ҳақоратга дуч келган ва қимматбаҳо машиналарни сотиб олиб чиқинди йиғдирган деган ўйга бориш мумкин.

Фото: luyenkim.net

2. Бошқа бир талқинга кўра, ҳиндистонлик рожа қимматбаҳо машиналарни Ҳиндистонга жўнатмаган. Уларни чиқиндига тўлдириб, Лондон бўйлаб айлантириб чиққан. Бу ҳам қизиқ ҳикоя бўлса-да, бироқ унинг ҳам далили йўқ.

3. Кўпчилик олдига супурги боғлаган Rolls-Royce машинаси тасвирланган фотосуратни ҳодисага далил сифатида келтиради.

Бироқ The Vintage News нашрининг ёзишича, машинага супурги боғлаб юришнинг сабаби шаҳар кўчаларини тозалаш бўлмаган.

Машиналарнинг шинасига кўчада ётган ўткир тиғли нарса кириб кетишининг олдини олиш учун уларнинг икки четига супурги боғлашган.

Машинага боғланган супургилар шина остини кўчаларда ётган мих ва шиша каби ўткир нарсалардан тозалаб кетаверган ва шикастланишининг олдини олган.

Шунингдек, суратдаги машина Rolls-Royce эмас дегувчилар ҳам бор. Айрим автомутахассисларнинг фикрича, у 1930-йиллар бошларида ишлаб чиқарилган Форд машинаси бўлиши мумкин.

Бундан ташқари, фотосуратга эътибор бериб қаралса, машина атрофидаги одамлар ҳиндларга умуман ўхшамайди.

Шунга ўхшаш фотосуратни интернетда “Араб намойишлари, 1936 йил” номли сарлавҳаси билан ҳам берилганини кўриш мумкин. Бой араб шайхлари намойишчилар томонидан кўчага сочилган михлар шинага кирмаслиги учун машинага супурги боғлаб ҳаракатланган.

Буларнинг барчаси “ҳақоратланган ҳинд рожаси” ҳақидаги қизиқарли ҳикоя журналистлар томонидан ўйлаб топилган бўлиши мумкинлигини кўрсатади.

Айримлар ҳинд рожаси ҳақидаги ҳикояни Rolls-Royce компаниясининг ўзи брендни Ҳиндистонда оммалаштириш учун тарқатган бўлиши ҳам мумкин дейди.

Чунки бу икки давлатда урушдан аввал ва кейин қиммат машиналарни сотиб олишга қурби етадиган жуда кўп бой рожалар яшаган. Компания уларни ўз машиналарига қизиқтириш учун шу усулдан фойдалангани эҳтимоли бор.

20-аср бошларида Ҳиндистон бойлари орасида Rolls-Royce машиналарига эгалик қилиш урфда бўлган.
Фото: cartoq.com

Бу талқин ҳам бекорга келиб чиқмаган. Маълумотларга кўра, Биринчи жаҳон урушигача 20 мингдан ортиқ Rolls-Royce ишлаб чиқарилган ва уларнинг тахминан 20 фоизи Ҳиндистонга экспорт қилинган.

Ўшанда бу давлатда 230 та ҳукмдор рожа бўлган ва улар 900 дан ошиқ Rolls-Royce машиналарига эгалик қилган. Бу ҳар бир рожа ўрта ҳисобда қарийб 4 та Rolls-Royce машинасига эга бўлганини англатади.

Шу сабабли камситилган рожа ҳақидаги ҳикояни реклама сифатида компаниянинг ўзи тарқатган бўлиши эҳтимолга яқин. Тағин ким билсин?!

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид