Спорт | 17:17 / 26.12.2023
31584
5 дақиқада ўқилади

Файзуллаев – Ўзбекистоннинг 2023 йилдаги энг яхши футболчиси. ЎФА йил лауреатларини эълон қилди

Бугун, 26 декабр куни Ўзбекистон футбол федерациясида йил якунларига бағишланган ҳисобот йиғилиш бўлиб ўтди. Унда ўзбек футболининг 2023 йилдаги якунлари сарҳисоб қилиниб, йил лауреатлари эълон қилинди.

«Ўзбек футболи нуронийси»

Футболимиз фахрийси, айни кунларда муборак 90 ёшни қарши олган Лев Викторович Вахтин «Ўзбек футболи нуронийси» совринига лойиқ деб эътироф этилди. 

У кўп йиллар давомида Ўзбекистонда малакали футболчи ва мутахассисларни тарбияланишида ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келган.

«Футбол фидойиси»

Ўзбек футболининг ўтмишдаги ёрқин юлдузларидан бири, айни пайтда ЎФА Фахрийлар кенгаши раиси сифатида фаолият олиб бораётган инсон — Тўлаган Исоқовга «Футбол фидойиси» соврини топширилди.

Андижон ФА — «Йилнинг энг яхши ҳудудий футбол ассоциацияси» деб топилди.

«Футзал бўйича йилнинг энг яхши мураббийи»

Ўтган мавсумда «БМБ» футзал жамоаси билан биргаликда мавсум чемпионлигини қўлга киритган мутахассис — Нодир Элибаев мазкур совринига лойиқ деб топилди.

«Йилнинг энг яхши футзалчиси» 

Ўзбекистон футзал миллий терма жамоаси етакчиларидан бири, ўтган мавсум чемпиони Ҳусниддин Нишонов «Йилнинг энг яхши футзалчиси»  совринини қўлга киритди.

«Аёллар Олий лигасида йилнинг энг яхши футболчиси»

«Севинч» клуби вакиласи Умида Зоирова «Аёллар Олий лигасида йилнинг энг яхши футболчиси» совринини қўлга киритди.

«Аёллар футболи бўйича йилнинг энг яхши мураббийи» 

«Севинч» клуби бош мураббийи Владислав Хан «Аёллар футболи бўйича йилнинг энг яхши мураббийи» совринини қўлга киритди.

«Аёллар Олий лигаси тўпурари»

«Сўғдиёна» етакчиси Диёра Ҳабибуллаева кетма-кет учинчи мавсум Олий лиганинг энг яхши тўпурарига айланмоқда. Жорий йилга келиб Диёра чемпионат доирасида рақиблари дарвозасига 61 та тўп киритишга муваффақ бўлди.

Шунингдек, «Ўзбек футболи жонкуяри» унвони билан бир гуруҳ мутасаддилар, мутахассислар ва футбол фидойилари тақдирланди:

  • Жаҳонгир Усманов ва Бекзод Маматқулов – Ўзбекистонда футзални ривожланишига ўз ҳиссани қўшаётгани, бўлажак Жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўриш ишларидаги фаоллиги, дунёнинг энг яхши мураббийларидан бири Хосе Венансио Лопесни таклиф этишда кўрсатган ёрдами учун;
  • Аваз Азизхўджаев – Ўзбекистон эркаклар ва аёллар олимпия терма жамоаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдаги хизматлари учун;
  • «Артель» компанияси – футболдаги фаол ҳомийлик учун; 
  • Рашид Талипов – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг спорт бўйича масъул ходими, ҳукумат қарорларини ишлаб чиқишда ассоциацияни доимий равишда қўллаб-қувватлаб келаётгани учун;
  • Шавкат Абдураззаков – футболнинг ҳақиқий жонкуяри, Наманган вилояти ҳокими сифатида вилоятдаги барча футбол ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлагани учун;
  • Алишер Хаджаев – футбол трансляцияларини амалга ошириш ва ёритишда кўрсатган ёрдами учун.

«Йилнинг энг яхши мураббийи» 

Юртимиз мезбонлик қилган U-20 Осиё кубогида жамоаси билан биргаликда ғолибликни қўлга киритган мутахассис Равшан Ҳайдаров — «Йилнинг энг яхши мураббийи» совринига лойиқ деб топилди.

«Йилнинг энг яхши ёш футболчиси»

20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё кубоги соҳиби, ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионати иштирокчиси, Ўзбекистон U-20, U-23 ва миллий терма жамоаларида ишончли ўйин кўрсатиб келаётган иқтидор эгаси — Абдуқодир Ҳусанов «Йилнинг энг яхши ёш футболчиси» совринига лойиқ деб топилди.

«Йилнинг энг яхши аёл футболчиси»

Ўзбекистон аёллар терма жамоаси ҳамда «Севинч» клуби етакчиси Людмила Карачик «Йилнинг энг яхши аёл футболчиси» совринини қўлга киритди.

«Йилнинг энг яхши футболчиси»

20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё кубоги соҳиби, ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионати иштирокчиси, Ўзбекистон U-20, U-23 ва миллий терма жамоаларида ишончли ўйин кўрсатиб келаётган ёш иқтидор эгаси — Аббосбек Файзуллаев «Йилнинг энг яхши футболчиси» совринига лойиқ деб топилди.

Бугунги тадбир давомида Индонезияда ўтказилган 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида муносиб иштирок этган, дунёнинг энг кучли 8 жамоаси қаторидан ўрин олган Ўзбекистон U-17 терма жамоаси ҳам тақдирланмоқда.

Ўзбекистон футбол ассоциацияси Осиё футбол кофедерацияси томонидан 2023 йилнинг «Энг яхши ассоциацияси» деб топилди. Шунингдек, Ўзбекистондаги спорт ташкилотлари орасида эса «Йилнинг энг яхши спорт федерацияси» дея эътироф этилганлигидан хабарингиз бор. 

Шу муносабат билан мазкур совринлар ЎФА президенти Абдусалом Азизовга топширилди.

Мавзуга оид