Жаҳон | 13:51 / 26.12.2023
6104
3 дақиқада ўқилади

Украина ҳарбий хизматга чақирув максимал ёшини пасайтирмоқчи

Украина вазирлар маҳкамаси Радага сафарбарлик ва ҳарбий рўйхатга олишни такомиллаштириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини тақдим этди. Муддатли ҳарбий хизматга чақирув максимал ёшини 25 ёшгача пасайтириш, электрон чақирув қоғозларини жорий этиш ва ҳарбий хизматдан бўйин товлаганларнинг ҳуқуқларини чеклаш таклиф этилмоқда.

Фото: Ben Birchall/POOL/AFP via Getty Images

25 декабр, душанба куни Украина вазирлар маҳкамаси Олий радага сафарбарлик ва ҳарбий рўйхатга олишни такомиллаштириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини киритди. Қонун лойиҳаси Украина парламенти сайтида 10378 рақам билан рўйхатдан ўтган. Ҳужжат матни эълон қилинмаган, бироқ «Громадске» нашри журналистлари унга тушунтириш хати билан танишиш имконига эга бўлган. Унда қонунчиликка киритилиши таклиф этилаётган асосий ўзгартиришлар санаб ўтилган.

Хусусан, ҳарбий хизматга чақирув энг юқори ёшини 27 ёшдан 25 ёшга пасайтириш кўзда тутилган. Шундан кейин эркаклар ҳарбий хизматга эмас, балки сафарбарликка чақирилади. Ҳудудий шакллантириш пунктларига чақирув варақаларини, жумладан муддатли ҳарбий хизматга чақирилувчи ёки захирадаги ҳарбий хизматчининг электрон кабинети ёки электрон почта манзилига юбориш таклиф этилмоқда. Қонун лойиҳасида, шунингдек, ҳарбий рўйхатга олишдан ёки ҳарбий хизматдан бўйин товлаган Украина фуқароларининг ҳуқуқларига чекловлар ҳам кўрсатилган.

Бундан ташқари, барча таълим муассасаларида Украинанинг 18 ёшдан 25 ёшгача бўлган барча фуқаролари учун уч ойгача бўлган асосий умумқўшин тайёргарлигини жорий этиш, ҳарбий хизматга чекланган яроқлилик тўғрисидаги хулосаларни ҳарбий-тиббий комиссиялар хулосалар рўйхатидан чиқариб ташлаш таклиф этилади.

Тушунтириш хатида қайд этилишича, қонун лойиҳаси «Украинага қарши қуролли тажовузни қайтаришда ҳарбий қисмларни тегишли кадрлар билан таъминлаш» учун шарт-шароит яратишга қаратилган, деб ёзади «Громадске».

Украинада яна ярим миллион фуқарони сафарбарликка чақириш таклиф этиляпти

Украина президенти Володимир Зеленский 19 декабр куни Олий қўмондонлик штабининг йиғилишида қўшимча 450-500 минг кишини сафарбар қилиш таклифи билан чиқди. Унинг сўзларига кўра, ҳарбийлар буни «давлат ҳимояси ва потенциал қарши ҳужум ҳаракатлари» учун таклиф этган. Зеленский эълон қилинган рақамни «жуда жиддий» деб атади ва бунинг учун «кўпроқ далиллар» талаб қилди.

DW билан суҳбатлашган экспертлар ғоянинг амалга оширилиши борасида турли фикрлар билдирди. Украиналик публицист ва олим, жанговар ҳаракатлар фахрийси Евгений Дикийнинг таъкидлашича, бу тўғри тайёргарлик ҳолатида «мутлақо реал» ҳамда фронтда жисмоний ва руҳий ҳолдан тойган аскарларни алмаштириш имконини беради. Шу билан бирга, Украина Қуролли кучлари генерал-майори Дмитрий Марченко одамларни армияга жалб қилиш билан боғлиқ муаммоларни келтирди. СASE-Украина жамоат ташкилотидан Владимир Дубровскийнинг ҳисоб-китобларига кўра, янги ҳарбий хизматчилар маоши йилига 170 миллиард гривнани талаб қилади ва ярим миллион кишининг сафарбар этилиши Украина ялпи ички маҳсулоти тахминан 10 фоизга пасайишига олиб келади.

Мавзуга оид