Тажрибасиз раҳбарлар, туманлараро электропоезд, шов-шувли туннел, жамоатчиликдан умид ва шахсий ҳаёт – Эркинжон Турдимов билан суҳбат
Самарқандликлар учун баъзи очиқ қолаётган саволларга жавоблар, узоқ йиллик ҳокимлик тажрибаси, ҳали ҳеч қаерда маълум қилинмаган янгиликлар, ҳокимларнинг сайланишига муносабат ва бошқалар... Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов бир кунлик фаолияти давомида унга ҳамроҳ бўлган Kun.uz мухбири билан шахсий ва профессионал ҳаёти ҳақида суҳбатлашди.
Ҳоким дастлаб янги лойиҳалар ва режалаштирилаётган ишлар билан таништирди.
— Биринчи режамиз дарёнинг Фарҳод шаҳарчасидан Чархин йўлигача бўлган қисмини ободонлаштириб, унинг атрофида спутник шаҳар қуриш. Тахминан 250 минг аҳоли истиқомат қилишига мўлжалланган шаҳарча бўлади. Дарё ёқасида одамлар ҳордиқ чиқариши учун боғлар, дам олиш масканлари яратилади. Ҳозир снос ишлари олиб бориляпти, 74 гектар ер тозаланган. Бу ердаги маҳаллаларда 2 йилдан бери одамлар билан келишув, компенсация тўлаш ишлари кетяпти. Ўзи бу ҳудуднинг инфратузилмаси йўқ, йўл ҳам, сув ҳам, электр ҳам қониқарли эмас. Аҳоли ҳам тўлиқ яшамайди, баъзилар ўзлари қачон бузилади, қачон сотиб оласизлар, деб сўрайди, норози бўлаётганлар ҳам бор. Лекин ҳамма билан келишиб, бозор нархида нархлаб пулини беряпмиз. Насиб этса, келаси йилдан қурилиш ишлари бошланади.
638 гектар ердан тахминан 280 гектарида бинолар қурилади, қолгани яшил ҳудуд, дам олиш, сайр масканлари бўлади. Бу лойиҳани қуришга кўп компаниялар қизиқиш билдиряпти, Россия, Европа, Туркия, Хитойдан қизиқувчилар кўпайган. Умуман, бу лойиҳа қурилиши 2024-2028 йилларга режалаштирилган. Уй қуриши энг осони экан ўзи, унинг коммуникациясини, инфратузилмасини қилиб олиш қийини. Шуларнинг ҳаммасини дастлаб пухта лойиҳалаб олиш керак бўлади.
Ўзбекистон аҳолисининг ҳам сотиб олиш, тўловчанлик қобилияти ошяпти. Буни нимадан билса бўлади? Қурилаётган уйларнинг ҳаммаси сотиляпти, уй излаб юрганлар кўп, шаҳар кўчалари, дўконларга, емакхоналарга келувчи одамлар кўпайган, савдо ҳажмлари ортган.
— Тарихий услубда қурилган «Боқий шаҳар» мажмуаси фойдаланишга топширилганда кўпчилик эътироз ҳам билдирди. Агар ҳақиқий тарихий шаҳар бўлса, сохтасини қуриш нимага керак эди ўзи, деган саволлар ҳам қўйишди. Шу ҳақида ҳам фикрингиз?
— Сайёҳлар оқимини кўпайтириш, уларнинг саёҳат давомийлигини узайтириш учун шароит керак, меҳмонхоналар, турли эътибор тортар жойлар зарур. Келган сайёҳ бир кунга келган бўлса, 2-3 кун қолсин. Мақсад сайёҳларни кўпроқ ушлаб қолиш. «Боқий шаҳар» атрофида ҳали кўнгилочар, манзарали жойлар қурилиши давом этади.
Гуржистоннинг Тбилиси шаҳрига йилига 8 млн хорижий сайёҳлар келади. Бизнинг кам жойимиз йўқ, тарихий объектларимиз етарли. Биз шу даражада сайёҳ жалб қилишимиз учун катта аэропорт, меҳмонхоналар керак. Шу даражадаги сайёҳларни жалб қилмоқчи бўлсак, «Боқий шаҳар»дан 10 та керак бизга. Таассуротлар тугаб қолиши керакмас, саёҳат қиладиган жойлари кўп бўлиши керак.
Имом Бухорий зиёратгоҳи ёнида ҳам катта комплекс мажмуа қуриляпти. Ҳалоллик стандарти билан меҳмонхоналар қуриляпти. Агар зиёрат туризмини тўғри йўлга қўёлсак, бизда жуда катта потенциал бор.
— Самарқандни дунёга танитиш тарғибот ишлари қандай бўляпти?
— Яқинда Самарқандда туризмни ривожлантириш бўйича UNWTO ассамблеясининг 25-сессияси бўлиб ўтди. Бу жудаям катта тарғибот воситаси бўлди, бутун дунёдан турфирмалар ташриф буюрди. Эртага Ўримчи шаҳрида туризм ярмаркаси бошланади. Ўринбосарим ҳам ўша ерда бориб, Самарқанднинг туризм салоҳиятини очиб берувчи тақдимот ўтказади.
Яна битта жуда катта воқелик бўлади. ЮНЕСКОнинг 40 йилдан бери фақат Парижда ўтказилаётган 2 йиллик ҳисобот йиғилиши 2025 йилда Самарқандда бўлади. Бу сайёҳлар оқимини кескин кўпайтиради. Фақатгина Парижда бўладиган йиғилиш Самарқандда бўлиши жуда катта нарсаларни англатади. Бутун дунё оммавий ахборот воситаларида Самарқанд кўрсатилади, жараёнлар ёритилади. Жуда катта эффект беради бу.
Келаётган одамлар бепул келмайди, хизматларнинг пулини тўлайди. UNWTO доирасида 2 мингта одам келди, шулар, дейлик, 500 доллардан пул ташлаб кетишди, анча маблағ бўлади бу. Бу маблағлар хизматлар ҳажми кенгайиши, одамларимиз турмуш тарзи яхшиланишига бевосита хизмат қилади. Туркий давлатлар ташкилоти саммити, Европа тараққиёт банки, UNWTO кабиларнинг катта анжуманлари ўтказилгач, Самарқанддаги хизмат кўрсатиш даражаси анча ўсди.
— Яқинда Хитойда бўлиб қайтдингиз. Давлат хизматчиларининг чет давлатларда малака ошириши қандай натижа беряпти? Сизнинг Хитойга боришингиз нимаси билан ўзини оқлайди?
— «Юрган — дарё, ўтирган — бўйра» деган гап халқимизда. Бир жойда қобиққа ўралиб ўтираверса, ривожланиш бўлмайди. Кўриш, ўрганиш, солиштириш ва ҳаракат қилиш керак. Тажриба алмашиш шарт. Буни нотўғри дейдиганлар калтабин одамлардир.
Хитой билан кўпроқ тажриба алмашиш керак. У ерда капитал алмашинуви жуда тезлашган. Ҳамма нарсани локализациялаган, ўрганадиган жиҳатлар жуда кўп. Хитойнинг илм-фанга ажратаётган сармояси, эришаётган натижалари кишини ҳайрон қолдиради.
Бу сафарга асосан турли йўналишдаги тадбиркорларни олиб бордик. Самарқанд бизнес вакиллари билан хитойлик бизнесменларни учраштириб, тажриба алмаштирдик. Бундан ташқари, университет ходимларидан, ҳоким ёрдамчилари ва бошқа соҳа вакиллари ҳам боришди.
— 2 йил олдин иш бошлаган ҳоким ёрдамчиларининг фаолияти ҳақидаги фикрингиз. Уларсиз нима ютқазган эдик ва улар билан нима ютяпмиз?
— Бирдан натижа сўраймиз, лекин натижа бўлиши учун вақт керак. Ҳоким ёрдамчилари иш бошлаганига энди 2 йил бўлди. Шу тизим орқали аниқ манзилли кредитлаш механизми пайдо бўлди, кам таъминланган оилаларни иш билан таъминлаш мезонлари ишлаб чиқилиб, татбиқ этила бошлади. Энг муҳими, маҳаллаларнинг имконияти қандайлиги аниқ бўлди.
— Зарафшон дарёсидан шағал олиш масаласи ҳам кўп кўтарилади. Экологик қўмита ҳам, ҳокимият ҳам қарамайди, дейишади. Шунга муносабат билдирсангиз.
— Кўп танқид қилишади, бу ўринли ҳам деб биламан. Аммо танқид қилувчи блогерлар ўша қазиётганларни ҳам бир суриштириши, аниқлаши керак. Жамоатчилик ҳам қарши бўлиши керак, мана, ҳозир жамоатчилик назорати ортидан 90 фоиз шағал олиш йўқолди, тўғри, ҳали ҳам бор, йўқ эмас.
Демоқчиманки, ижтимоий маданият ҳам муҳим. Оддий кўчаларга ахлат ташлаш масаласини олайлик, Японияда ахлат ташлайдиган қутининг ўзи йўқ, лекин кўчалар топ-тоза, одамлар ахлат-чиқиндиларни кўчага ташлаш тугул, кўчада қўйилган ахлат қутига ҳам ташлашмас экан, уйига олиб кетишади.
Туман, шаҳар даражасидаги раҳбарларда тажриба етишмаслиги бор, камчиликлар мавжуд. Агар жамоатчилик билан бирга ҳаракат қилсак, танқид қилувчилар ҳам вазият бўйича аниқ фактлар билан, масъулларни айтишса, бу ҳам ишимизни енгиллаштиради.
— Қайси вилоятда ҳоким ўлароқ кўпроқ асабийлашгансиз?
— Қаерга борса ҳам, ўша ерда янада яхшироқ ишлашга ҳаракат қилиш керак. Бу ерда аҳвол яхши, деб ташлаб қўймаслик керак. Халқ ҳам олдинги раҳбардан ўтказиб нима янгилик қилди, деб сўраб туради. Шундай ишлагандан кейин барибир асабийлик бўлади. Шунинг учун қайсидир жойда қийин, қайсидир бирида осон бўлган деёлмайман. Лекин қаерда бўлсам ҳам, катта тажриба орттирганман деб ўйлайман.
Хитойга борганимда ҳам тажриба орттириш билан бирга қачон биз шундай бўламиз, деган савол ҳам қийнади. Ҳаммаси ўзимизга боғлиқ, Ўзбекистоннинг дўсти ҳам фақат Ўзбекистон. Ҳаёт шундай бўляпти, эртага нима бўлишини билмайдиган таҳликали, беқарор даврда турибмиз.
— Самарқанднинг йўллари республикада энг ёмон йўллардан бири эди. Ҳозир катта қисми янгиланган. Бу сизнинг ҳокимликка келишингиз билан боғлиқми ёки бошқа сабаблари борми?
— Айтганимдек, катта-катта анжуманлар бўла бошлагач, хизмат кўрсатиш ҳам анча яхшиланиб қолди. Йўл қурилиши соҳасига ҳам Германиядан мутахассислар олиб келдик. Улардан ўзимизнинг кадрлар ҳам тажриба олишди.
Лекин камчиликлар ҳам бор. Яқинда Пайариқ туманига борсам, янги қурилган йўл умуман талабга жавоб бермайди. Муддати ўтиб кетган, ҳоким келади деб бир кунда қуриб қўйишибди. Қайтадан қилишни қурувчининг бўйнига илдим.
— Шаҳар йўлларида тирбандликлар пайдо бўлади одамлар оқими кўпайгач, бунга қандай ечимлар ўйлаб қўйгансиз?
— Биринчи ўринда жамоат транспортларини ривожлантиришимиз керак. Одамларга жамоат транспортлари қулай бўлиб, манзилига тезроқ етадиган бўлиши лозим. Ҳозирча бошланишига 100 та газга ишлайдиган автобус, 6 та электробус олдик, яна 100 та электробус учун шартнома қилиняпти. 2025 йил охиригача 350 та электробус сотиб олишимиз керак. Бундан ташқари, Булунғур-Самарқанд-Жума йўналишида электропоезд қатновини йўлга қўймоқчимиз. Ургут ва Каттақўрғон ўртасида, Пахтачи ва Булунғур ўртасида ҳам маршрутлар йўлга қўйиш режалаштириляпти. Жамоат транспорти шундай ривожланиб, арзон ва қулай бўлгач, ўз-ўзидан шахсий автомобиллар қатнови камаяди.
— Ишлардан ортиб оилага қанчалик вақт ажратоласиз? Дўстлар даврасидаги Эркинжон Турдимов қандай?
— Оила муқаддас, албатта. Якшанба кунлари тўлиқ оилам билан бўлишга ҳаракат қиламан.
Дўстларим у даражада кўп эмас, кўпроқ синфдошлар билан яқинман. Даврамиз шу оддий, самимий бўлади.
— Ҳозир йил якуни. Самарқанд вилояти маҳаллий бюджетида қанча маблағ қоляпти йил якунида?
— Бюджетда 350 млрд сўм атрофида пул билан чиқяпти.
— Марказий шаҳар ҳақида гаплашдик, хўш, Самарқанд вилояти аҳолисига қандай янгиликлар бор?
— Юқорида айтилган янгиликларнинг ҳам бутун Самарқанд вилоятига тегишлилари бор. Масалан, Каттақўрғон шаҳри бўйича алоҳида дастуримиз бор, катта янгиликлар бўлади. Умуман, ҳар бир туманнинг иқтисодий ривожланиши бўйича алоҳида дастурлар қабул қилинган. Энг асосий масала бўлмиш ишчи ўринлари яратишга катта эътибор бериляпти.
— Агар ҳокимларни сайлаш тизимига ўтсак, ўз номзодингизни қайси вилоятга қўйган бўлардингиз?
— Олдин шу тизимга ўтайлик, кейин бу саволга жавоб берсам бўлади. Ҳали бу тўғрисида ўйлаб кўрмаган эканман.
Бу тизимга ўтишнинг ҳам плюс-минус тарафлари бўлади, шунинг учун дастлаб синов тариқасида жорий қилиш керакдир, ўрганиб, камчилик бўлса бартараф этиш учун.
— Самарқанддаги Гагарин ва Рўдакий кўчаларида туннел қуриляпти. Бу туннеллар қанчалик ўзини оқлайди, муқобил вариантлари борми?
— Германиянинг Мюнҳен шаҳрида шу туннеллар ечим бўлган, у ер ҳам тарихий шаҳар. Бу масалани кўп муҳокама қилдик, жамоатчилик билан, мутахассислар билан, айнан Kun.uz сайтида шу муҳокамалар бўйича материаллар ҳам чиққан. Шунинг учун хулоса сифатида бу ечим бўлолади, деб айтоламан. Ҳамма нарса ҳисоб-китоб қилинган, ўтказувчанлик ҳам, бошқа жиҳатлар ҳам, айтганимдек, жуда кўп муҳокамалардан ўтди бу лойиҳа.
— Чет давлатлар билан ҳамкорлик қай даражада кетмоқда?
— Самарқанд вилояти бўйича бу ишлар жуда яхши йўлга қўйилмоқда. Кўпроқ энергетика, қурилиш, хизмат кўрсатиш соҳаларида ҳамкорлик бўляпти. Хусусан, хизмат кўрсатиш соҳаларида Германия, Италия, Венгрия, Туркия каби давлатлар билан, қурилиш соҳасида Австрия билан, озиқ-овқат соҳасида ҳам ҳамкорлик бўляпти. Хитой билан ҳам деярли барча соҳада ҳамкорлик бўляпти.
Сардорбек Усмоний суҳбатлашди.
Мавзуга оид
12:18 / 08.12.2024
Самарқандда қаровсиз қолган 14 ёшли қиз вақтинча қариндошлари қаровига топширилди
14:26 / 28.11.2024
Самарқанд вилоятига янги раҳбар тайинланди
14:19 / 28.11.2024
Эркинжон Турдимов ишдан кетди
13:24 / 28.11.2024