Иқтисодиёт | 21:23 / 30.12.2023
19944
2 дақиқада ўқилади

UzDIF Бўстонлиқдаги курортнинг ESG принципларидаги “яшил” облигацияларини сотиб олди

Ўзбекистон Республикаси Тўғридан тўғри инвестициялар жамғармаси (UzDIF) Saipro Group компанияси томонидан илк хусусий “яшил” облигациялар чиқарилишини қўллаб-қувватлайди. Бу ҳақда жамғарма расмий релизида маълум қилинди.

Фото: Green Hills Resort

Қайд этилишича, UzDIF Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги “Green Hills Resort” экологик курортининг “яшил” молиявийлаштириш лойиҳасини қўллаб-қувватлаш орқали мамлакат иқтисодиётига ESG (экология, ижтимоий ва бошқариш омиллари) халқаро принципларини интеграция қилиш йўлида муҳим қадам ташлаган.

UzDIF “Saipro Group” МЧЖ компаниясининг Ўзбекистон бўйлаб илк корпоратив “яшил” облигациялари чиқарилишига кўмаклашиб, облигацияларнинг 10 фоиздан ортиғини харид қилди. Бу эса минтақада экологик молиялаштиришнинг янги имкониятларга йўл очди, дейилади расмий хабарда.

“Яшил” облигациялар – халқаро стандартлар ҳамда экология ва “яшил” молиялаштириш мезонларига мос келадиган облигациялардир. Бундай облигацияларнинг чиқарилиши бизнесни барқарор ривожланиш принциплари – ESG (Environmental, Social and Corporate Governance) кенг тарқалиши билан боғлиқ. “Яшил” облигациялар орқали эмитент атроф-муҳитни муҳофаза қилиш билан боғлиқ лойиҳалар учун сармоя жалб қилади.

Таъкидланишича, “Green Hills Resort” курорти экологик тоза туризмга эътибор қаратган ҳолда ривожланишнинг иккинчи босқичига старт бериш арафасида. Мазкур босқичда курортнинг кенгайиши доирасида янги обектларнинг қўшилиши, шунингдек, қуёш панеллари, шамол турбиналари каби барқарор энергия таъминоти тизимларининг интеграцияси назарда тутилган. Бу эса лойиҳанинг атоф-муҳитни ҳимоя қилиш стандартларига ҳамда барқарор ривожланиш соҳасидаги жаҳон тенденцияларига мослигидан далолат беради.

Курортнинг кенгайиши янги иш ўринларини яратиб, маҳаллий иқтисодиёт ривожига ҳисса қўшган ҳода Бўстонлиқ туманига ҳам иқтисодий манфаат келтириши кутилмоқда.

Мавзуга оид