Иқтисодиёт | 12:12 / 12.06.2024
2922
2 дақиқада ўқилади

Қимматли қоғозлар эмиссияси қоидаларига қўшимчалар киритилмоқда

Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг “Қимматли қоғозлар эмиссияси ва эмиссиявий қимматли қоғозлар чиқарилишларини давлат рўйхатидан ўтказиш қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги буйруғи қабул қилинди.

Қимматли қоғозлар эмиссияси ва эмиссиявий қимматли қоғозлар чиқарилишларини давлат рўйхатидан ўтказиш қоидаларига киритилаётган қўшимчаларга мувофиқ:

  • яшил иқтисодиётни ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар учун корпоратив облигацияларни чиқаришга йўл қўйилади;
  • яшил корпоратив облигацияларни чиқариш ва муомаласи бўйича услубий қўлланма Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги томонидан тасдиқланади.

 
Яшил корпоратив облигацияларни чиқариш учун қўшимча равишда қуйидагилар тақдим этилади:

  • Халқаро капитал бозорлари ассоциацияси (ICMA) томонидан ваколат берилган ёки Иқлим облигациялари ташаббуси (CBI) томонидан тасдиқланган ёхуд Европа қимматли қоғозлар ва бозорлар бошқармаси (ESMA) томонидан рўйхатдан ўтган ихтисослаштирилган ташкилотлардан асос дастури бўйича яшил стандартларга мувофиқлик сертификатини олганлик тўғрисидаги хулоса нусхаси, шунингдек яшил облигацияларни чиқариш учун асос дастури;
  • корпоратив облигацияларни жойлаштиришдан тушган маблағлардан фойдаланиш мақсади ва уларнинг Ўзбекистон миллий “яшил” таксономияси ва/ёки бошқа эквивалент таксономиялар талабларига мувофиқлиги бўйича эмитент раҳбари ва бош бухгалтерининг имзолари билан тасдиқланган маълумотнома.

 
Шунингдек, облигация чиқариш тўғрисидаги қарор ва эмиссия рисоласида:

  • облигацияларни жойлаштиришдан тушган маблағларни миллий яшил таксономия ва/ёки бошқа эквивалент таксономиялар талабларига мувофиқ ишлатиш мақсади тўғрисида маълумот;
  • миллий яшил таксономия ва/ёки бошқа эквивалент таксономиялар талаблари доирасида эришиладиган режалаштирилган натижалар (KPI) тўғрисида маълумот;
  • яшил стандартларга мувофиқлик сертификатининг мавжудлиги, шунингдек, бундай сертификатни берган ташкилот тўғрисидаги маълумотлар акс эттирилиши лозим. 

Мавзуга оид