Жаҳон | 11:05 / 03.01.2024
7616
2 дақиқада ўқилади

2023 йилда 104 нафар россиялик шахматчи спорт фуқаролигини ўзгартирди

Россиянинг Украинага ҳужуми бошланган икки йил ичида жами 192 нафар россиялик шахматчи спорт фуқаролигини ўзгартирган.

Александра Костенюк Фото: Артур Лебедев/ ТАСС

2023 йилда 104 нафар россиялик шахматчи спорт фуқаролигини ўзгартирди, деб хабар берди sports.ru портали 2 январ, сешанба куни Халқаро шахмат федерацияси (ФИДE) статистик маълумотларига таяниб.

Жаҳон шахматчилари рейтингининг биринчи юзлигидан Россия жамоасини Санар Сюгиров (40-ўрин), Алексей Сарана (41-ўрин), Владимир Федосеев (45-ўрин), Никита Витюгов (50-ўрин), Александр Предке (64-ўрин), Кирилл Алексеенко (89-ўрин) ва Александра Костенюк (аёллар рейтингида 11-ўрин) тарк этди. 

Ўз навбатида, 2023 йилда Россия жамоасига беш нафар спортчи қўшилди: Украина жамоасидан Юрий Айрапетян ва Виктор Филонов, австралиялик Давид Буката, озарбойжонлик Канан Ҳейдарли ва қозоғистонлик Надежда Искичекова. 

Шахматда спорт фуқаролигини ўзгартириш 

Украинага ҳужум ва ундан кейин спортчиларга нисбатан санкциялар бошланганидан буён икки йил ичида 192 нафар шахматчи Россия спорт фуқаролигини ўзгартирди - 2022 йилда 88 киши буни амалга оширди. Россия жамоаси аъзолари ФИДE шафелигидаги халқаро турнирларда нейтрал мақомда қатнашади. 

Sports.ru қайд этишича, халқаро шахматда спорт фуқаролигини ўзгартиришнинг соддалаштирилган тартиби мавжуд. Шахматчи янги мамлакат фуқаролигини олиши шарт эмас, шунчаки у ерда доимий яшаши ва федерацияга жамоани ўзгартириш истаги ҳақида хабар бериши керак. 

Мавзуга оид