Жаҳон | 10:25 / 03.01.2024
4125
2 дақиқада ўқилади

Доналд Трамп Мэн штатида праймериздан четлатилганига норозилик билдирди

АҚШ собиқ президентини Мэнда праймериздан четлатиш тўғрисидаги қарор мамлакат конституциясига исён иштирокчиларининг давлат лавозимларини эгаллашини тақиқловчи 14-тузатиш билан изоҳланган.

Фото: AP / Alex Brandon

АҚШ собиқ президенти Доналд Трамп Мэн штати давлат котиби Шанна Беллоузнинг Республикачилар партиясидан бирламчи сайловлар (праймериз)да қатнашишини тақиқлаш тўғрисидаги қарорига қарши апелляция берди. Бу ҳақда 3 январ, чоршанбага ўтар кечаси бир қатор Америка ОАВ хабар тарқатди.

Давлат котиби 29 декабр куни Трампни Мэндаги праймериздан четлаштириш тўғрисидаги қарорини эълон қилди. Бу ҳаракат АҚШ конституциясига исёнда қатнашган шахсларнинг фуқаролик ва ҳарбий давлат лавозимларини эгаллашини тақиқловчи 14-тузатиш билан изоҳланди. Доналд Трамп ўз тарафдорларининг 2021 йил январида Капитолийга бостириб киришига сабаб бўлган ҳаракатларини қўзғатганликда айбланмоқда. 

Аввалроқ Доналд Трампнинг сайловолди штаби вакили Стивен Чжан АҚШ собиқ президенти тарафдорлари Беллоузнинг «даҳшатли» қарорига суд орқали эътироз билдиришини маълум қилганди. Ўз навбатида, Трамп Беллоуздан Демократик партиядан собиқ сенатор бўлгани ва 2021 йил 6 январдаги воқеаларни исён деб атагани сабабли праймериз масалани кўриб чиқишда унинг қатнашмаслигини талаб қилди. Оқ уй собиқ раҳбари нуқтайи назаридан, Беллоуз нохолис позицияда бўлиши мумкин.

Бир неча штатларда Трампнинг праймеризда қатнашмаслиги бўйича даъволар 

19 декабр куни Колорадо Олий суди Доналд Трампга штатда Республикачилар партиясидан бўлиб ўтадиган праймериз сайловида президентликка номзодини қўйишни тақиқлади. Судяларнинг қарори, худди Мэндаги каби, АҚШ Конституциясига киритилган 14-тузатишга асосланган.

Трампга қарши худди шундай даъволар яна бир қанча штатларда ҳам очилган. Ноябр ойида Миннесота Олий суди собиқ президентнинг сайловда қатнашишини тақиқлашдан бош тортди, Мичиган штатида эса суд Оқ уй собиқ раҳбари сайлов бюллетенида қолиш-қолмаслигини суд тизими эмас, Конгресс ҳал қилиши керак, деган қарорга келди.

АҚШ собиқ президентининг ўзи Капитолийга бостириб киришга алоқадорлигини рад этяпти.

Мавзуга оид