Жаҳон | 14:03 / 10.01.2024
4075
3 дақиқада ўқилади

Ҳуқуқ ҳимоячиси: РФда кузги чақирувда ўзбошимчалик бўйича рекорд ўрнатилди

Биргина Москванинг ўзида сўнгги чақирув натижаларига кўра чақирув комиссияси жавобгар бўлган 1117 та ҳолат қайд этилган.

Фото: Сергей Петров/NEWS.ru

Россияда 2023 йилги кузги муддатли ҳарбий хизматга чақирув ёшлар ҳуқуқларининг бузилиши сони бўйича мамлакат бутун замонавий тарихидаги энг жиддийси бўлди, деб хабар қилди фуқароларга сафарбарликдан қочишда ёрдам берадиган «Идите лесом» лойиҳаси Telegram-канали 9 январ, сешанба куни. Канал статистик маълумотларни тақдим этди, унга кўра, 1 октябрдан 31 декабргача хавфсизлик кучлари чақирув ёшидаги эркакларга нисбатан жами 90 та рейд ўтказган. Одамлар кўчада, метрода, савдо марказларида, клублар ва ётоқхоналарда ушланган. Шу билан бирга, кўпчилик соғлиғи билан боғлиқ муаммолар ва бошқа омилларни ҳисобга олмасдан, бир кунда ҳарбий хизматга рўйхатга олинган. Лойиҳа бундай ҳолатларнинг камида 65 тасини, шунингдек, ҳарбий комиссарликда мажбурий ушлаб туриш бўйича 109 та маълумотни ҳисоблаб чиқди.

Ҳарбий хизматга кузги чақирув даврида «Идите лесом» 2981 нафар чақирилувчига ҳуқуқий, психологик ва консултатив ёрдам кўрсатди. Шунингдек, лойиҳага Украина билан урушда қатнашиш учун шартнома имзолашга мажбур бўлган 15 чақирилувчидан шикоятлар келиб тушди. 

Россияликлар чақирув комиссияси қарорига судда эътироз билдирмоқда 

Кузги чақирув даврида ҳуқуқбузарликлар кенг тарқалганлигини суд статистикасида ҳам кўриш мумкин. The Moscow Times Москвада берилган даъволар реестридан қуйидаги маълумотларни тақдим этди: 1 октябрдан 31 декабрга қадар чақирув комиссияси жавобгар бўлган 1117 та ҳолат қайд этилган. Россияликлар хизматдан бўшатиш, кечиктириш ёки тиббий кўрикдан ўтказиш учун юборишдан бош тортилганига қарши чиққан. 

Шу билан бирга, қонунбузилишларнинг катта қисми Москва ва Москва вилоятида содир бўляпти. «Ушбу кузги чақирув ўзбошимчалик бўйича рекорд ўрнатди. Бу ўзбошимчалик айнан Москвада содир бўлмоқда», - дея «Школа призывника» инсон ҳуқуқлари ташкилоти директори Алексей Табалов сўзларидан иқтибос келтиради The Moscow Times. 

Россия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, кузги чақирувдан сўнг 130 минг киши армияга жўнатилган. Бу сўнгги тўрт йилга нисбатан ўртача 8 фоизга кўп: 2020-2022 йилларда бир чақирув давомида 120 минг киши қуролли кучлар сафига жалб қилинган. 2019 йилда муддатли ҳарбий хизматга чақирилганлар сони 135 минг нафарни ташкил этган. 

Мавзуга оид