Жаҳон | 14:55 / 15.01.2024
6338
3 дақиқада ўқилади

Bild: РФ қамоқхоналарида маҳкумларни фронтга ёллаш учун иситиш тизими ўчириляпти

Россия колонияларида нолдан паст ҳарорат фонида маҳбуслар Украинага жангга бориши учун чидаб бўлмас шароитлар яратилмоқда, деди журналистларга ҳуқуқ ҳимоячиси Олга Романова.

Фото: Filipp Kochetkov/Tass/imago images

Россиянинг кўплаб колонияларида қаттиқ совуқ ҳарорат фонида маъмуриятлар иситиш тизимини ўчириб қўйяпти ва шу тарзда «у ердаги эркаклар Украинага жанг қилиш учун жўнаб кетиши учун» чидаб бўлмас шароитларни яратяпти. Бу ҳақда 13 январ куни «Bild на русском» Telegram-канали «Русь сидящая» инсон ҳуқуқлари лойиҳаси асосчиси Олга Романовага таяниб хабар берди.

«Россияда аҳолининг уч гуруҳи борки, улар фронтда ҳалок бўлганида уларга раҳм-шафқат кўрсатилмайди. Булар - маҳбуслар, Москвадан узоқда жойлашган қашшоқ ҳудудларда яшовчи миллий озчиликлар ва янги фуқаролар. Украинада ушбу уч гуруҳ жанг қилиб, ҳалок бўлаётган экан, раҳбарият бошқалар учун ҳолат нормал экани бўйича иллюзияни яратиши мумкин», деди Романова журналистларга. 

Украинадаги урушда маҳбуслар

Унинг фикрича, «маҳбуслар шунчаки оммавий равишда Украинадаги фронт чизиғига жўнатилмоқда ва у ерда қурбон қилинмоқда». Айни пайтда, Россия қамоқхоналарида маҳкум аёлларни ёллаш ҳолатлари тобора кўпайиб бормоқда, дейди ҳуқуқ фаоли. «Bild на русском» ёзишича, ҳозирда Украинада 1000 га яқин россиялик аёл жанг қилмоқда.

Олга Романова 2023 йил август ойида Россияда маҳбус аёллар Украинага қарши урушда қатнашиш учун оммавий ёлланаётгани ҳақида гапирганди. Хусусан, у Украинанинг эгаллаб олинган ҳудудлари ва Россия жанубидаги колонияларда, хусусан, Липецк вилоятида аёлларнинг фаол ёлланишига ишора қилган.

2023 йил декабр ойида Gulagu.net инсон ҳуқуқлари лойиҳаси асосчиси Владимир Осечкин Newsweek нашрига РФ Жазони ижро этиш федерал хизмати (ФСИН)даги манбасига таяниб, Россиянинг Украинага кенг кўламли ҳужуми бошланганидан бери 100 минг маҳбус фронтга жўнатилганини айтганди.

ФСИН колонияларда иситиш тизими ўчирилгани ҳақидаги маълумотни рад этди 

Айни пайтда, Жазони ижро этиш федерал хизмати (ФСИН) Россия ахлоқ тузатиш колонияларида иситиш тизими ишламаётгани ҳақидаги хабарларни рад этди. «Интернет ахборот-телекоммуникация тармоғида озодликдан маҳрум қилиш жойларида иссиқлик таъминотидаги узилишлар ҳақида тарқалган маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди. АТИ тизимидаги барча муассасалар (ахлоқ тузатиш инспекциялари) белгиланган ҳарорат меъёрларига риоя қилган ҳолда нормал ишламоқда. Иситиш билан боғлиқ носозликлар ва авариялар содир бўлмаган ҳамда ҳозир ҳам кузатилмаяпти», — дейилади идора сайтидаги матбуот хизмати хабарида. 

Мавзуга оид