Жамият | 09:45 / 16.01.2024
6148
2 дақиқада ўқилади

Жиззахда электр таъминоти корхонаси электромонтёри ток уриши оқибатида вафот этди

У шериги билан электр таъминоти узилиб қолган жойда носозликни аниқлаш учун текширув ишларини ўтказаётганда юқори кучланишли ток урган.

Жиззах вилояти Бахмал туманида электромонтёр иш жараёнида ток уриб ҳалок бўлган. Бу ҳақда Kun.uz’га Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.

Ҳодиса 2024 йил 13 январ куни Бахмал туманида содир бўлган. Бахмал тумани, “Ўрмончи” МФЙ, Уйлуқма қишлоғида яшовчи 47 ёшли туман ЭТК электромонтёри “Ойқор” ҚФЙ, Сартюзи қишлоғи ҳудудида симёғочга чиққан вақтида ток уриб вафот этган.

Олиб борилаётган терговга қадар текширувда марҳум Бахмал тумани ЭТКнинг “Ойқор” ҚФЙ ҳудудига масъул бўлган ва ҳодиса жойига бирга ишловчи шериги билан боргани аниқланган.

Улар 13 январ куни “Ойқор” ҚФЙ ҳудудида электр таъминоти узилиб қолгани учун носоз жойни аниқлаш мақсадида текширув ишларини олиб бораётган бўлган.

Марҳум Т.У. судга оид тиббиёт экспертизасидан ўтказилиб, унинг ўлим ҳолати тананинг электр токи уриши ва ёниши оқибатида юзага келгани аниқланган.

Қайд этилишича, ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда.

Мавзуга оид