Кулеба: ғарб Россиянинг қурол ишлаб чиқаришига тўсқинлик қилиши керак
Агар Россия санкциялардан қочиши бўйича барча яширин схемалар ва бўшлиқлар кузатилса ва бутунлай ёпилса, Украина камроқ ёрдамга муҳтож бўлади ва камроқ одамларни йўқотади, деди ТИВ раҳбари.
Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба ғарб давлатларини Россияда қурол ишлаб чиқариш учун бутловчи қисмлар етказиб бериш занжирини узиб, асосий компонентларни сотиб олишни давом эттириш имконини берувчи бўшлиқларни ёпишга чақирди. «Ғарб Россиянинг қурол ишлаб чиқариш қобилиятини бостиришга жиддий киришиши керак», деб ёзди Кулеба X (собиқ Twitter) ижтимоий тармоғида 19 январ, жума куни.
У Украинада йўқ қилинган Россия қуролларида топилган хорижда ишлаб чиқарилган муҳим таркибий қисмларнинг 95 фоизи ғарб давлатларидан келгани ҳақидаги далилларни келтирди. Бу ҳукуматнинг эмас, балки хусусий компанияларнинг хатти-ҳаракатлари, дея аниқлик киритди ТИВ раҳбари ва Россия Федерациясига кирувчи экспорт ҳарбий товарлар эмас, балки икки мақсадли маҳсулотлар, фуқаролик маҳсулотлари ва ҳатто маиший техника ҳисобланишини билдирди.
«Улар нима бўлишидан қатъий назар, охир-оқибат Украинага уруш жиноятларини содир этиш, одамларни ўлдириш ва муҳим инфратузилмани йўқ қилиш учун боради, деди Кулеба. - Агар санкциялардан қочиш бўйича барча яширин схемалар ва бўшлиқлар аниқланса, Украина камроқ ёрдамга муҳтож бўлади ва камроқ одамларни йўқотади».
ТИВ раҳбари таъкидлаганидек, Россияга тегишли компонентларни етказиб беришни тўхтатиш хусусий ва давлат секторлари томонидан кенг кўламли, мувофиқлаштирилган ҳаракатларни талаб қилади. «Аммо бу Украинадаги кўплаб тинч аҳолининг ҳаётини сақлаб қолади ва Россия ҳарбий машинасини ишдан чиқаради», деб таъкидлади Кулеба.
Россиянинг ғарб санкцияларини четлаб ўтиши
Киев иқтисодиёт институти ва Ермак-Макфол халқаро санкциялар гуруҳи экспертларининг ҳисоб-китобларига кўра, 2023 йил январ-октябр ойларида АҚШ, ЕИ, Британия ва Украинанинг бошқа ҳамкорлари жанговар операцияларда устувор деб белгилаган Россия товарлари импорти 8,77 миллиард долларга етган - бу санкциялар жорий этилишидан олдингидан атиги 10 фоизга кам. Россия ҳарбий саноати учун муҳим ҳисобланган барча товарлар учун бу кўрсаткич янада юқори - 22,23 миллиард доллар.
11 январда эълон қилинган тадқиқотга кўра, Россия ҳужумидан сўнг Украинани қўллаб-қувватловчи давлатлар коалицияси уруш олиб бориш учун муҳим ресурслардан маҳрум қилиш мақсадида Россия Федерациясига экспорт қилинадиган маҳсулотлар, жумладан, икки томонлама мақсадли маҳсулотларга мисли кўрилмаган назорат ўрнатди. Бироқ, Россия учинчи давлатлардан фойдаланиб, санкцияларни четлаб ўта олди.
Мавзуга оид
11:08 / 10.12.2024
2015 йилдан бери Сурияда 540 нафардан ортиқ Россия ҳарбийси ҳалок бўлди
21:19 / 09.12.2024
Украина расмийлари Telegram иловасидан фойдаланишни камайтирди – ОАВ
18:06 / 09.12.2024
«Мен ва Путин» - Туркия президенти дунёда фақат икки етакчи қолганини айтди
16:51 / 09.12.2024