Афғонистонда бизнес-жет ҳалокати: тўрт киши омон қолган
Ҳозирча омон қолганлардан икки нафарининг шахси маълум - улар учувчи ва эвакуация шифокори, яна икки кишининг тақдири номаълум қолмоқда.
Афғонистонда бортида россияликлар бўлган Falcon 10 бизнес-жети ҳалокатидан тўрт киши омон қолган, деб хабар бермоқда Росавиация ва Россиянинг Кобулдаги элчихонаси.
Гая (Ҳиндистон) — Тошкент — Жуковский йўналиши бўйича чартер санитар рейсни амалга ошираётган самолёт якшанбага ўтар кечаси Афғонистон шимоли-шарқида радарлар экранидан ғойиб бўлган, тонгда уни қидириш ишлари бошланганди.
Маҳаллий полициячилардан бири Reuters билан суҳбатда Бадахшон вилояти ҳудудидаги авиаҳалокат тўғрисида хабар Шимолий Афғонистон полициясига келиб тушганини тасдиқлаган.
ОАВ маълумотига кўра, самолёт курсдан оғиб кетган ва Зебак уездида тоғга урилган — бу Тожикистон билан чегарадан тахминан 30-40 километр, Бадахшон вилояти маркази Файзобод шаҳридан эса 100 км масофада рўй берган. Ҳалокатдан олдин учувчи техник носозлик ҳақида хабар берган.
Росавиация маълумотига кўра, қуруқликдаги қидирув-қутқарув хизмати самолётни топган — бортда бўлган олти кишидан тўрт нафари турли жароҳатлар билан топилган, яна икки кишининг тақдири номаълумлигича қолмоқда.
Reuters агентлиги афғонистонлик мулозимларга асосланиб хабар беришича, икки киши ҳалокат қурбони бўлган. Аммо ҳозирча бу маълумот расман тасдиқланмаган.
ТАСС нашри ёзишича, омон қолганлар борлиги ҳақидаги маълумот Афғонистон транспорт ва авиация вазирлиги томонидан тасдиқланган. «Қидирув-қутқарув гуруҳи кеча кечқурун радарлардан йўқолган самолётни топди, тўрт киши, жумладан пилот тирик қолган», — дейилган вазирлик баёнотида.
Mash манбаси эса Falcon 10 ҳалокатидан омон қолганлардан бири тиббиёт ходими Игор Сивороткин эканини маълум қилди. Телеграм-канал унинг онаси билан боғланган ва аёл ўғли ҳалокатдан кейин қўнғироқ қилганини айтган. Унинг рафиқаси Вероника эса Игор Сивороткин бемор Анна Евсюкованинг олиб келиш учун Паттайяга хизмат сафари билан кетган бўлганини тасдиқлаган.
Afghanistan International хабарига кўра, омон қолганлардан бири яқин қишлоққача етиб борган ва имо-ишоралар орқали одамларга самолёт ҳалокати ҳақида хабар бериб, ёрдам сўраган.
Қишлоқ аҳолиси вакиллари уни «Толибон» ҳаракатига топширган. Айни вақтда мамлакатни назорат қилаётган ҳаракат расмийлари омон қолганлар уларда эканини тасдиқлаган.
Самолёт ноқулай об-ҳаво шароити ҳукм сураётган чекка ҳудудда қулаган, туман марказидан ҳалокат жойига қадар масофа пиёда бир неча соатда босиб ўтилади.
Бунгача Россия матбуоти самолёт Таиланддан учгани ва волгодонсклик бизнесмен Анатолий Евсюковнинг рафиқасининг тиббий эвакуациясини амалга ошириш учун жалб этилгани ҳақида хабар тарқатганди.
Катта эҳтимол билан, айнан эр-хотин ҳалокат қурбонига айланган.
ТАСС нашри оператив хизматларга таяниб ёзишича, ҳалокатга икки двигател ишдан чиққани сабаб бўлиши мумкин.
Ахборот агентлиги маълумотига кўра, самолёт Таиланддан Москага кетаётган бўлган ва Ҳиндистонда ёнилғи тўлдириш учун тўхтаган.
Телеграм-каналларда йўқолган самолёт экипажи ва йўловчилари рўйхати тарқалган, ундаги барча фамилиялар русларники.
Самолёт «Атлетик Групп» МЧЖ ва хусусий шахсга тегишли бўлган. Росавиация тасдиқлашича, у РФ фуқаролик ҳаво кемалари реестрида РА-09011 рақам билан рўйхатдан ўтган.
Россия Тергов қўмитаси бортида россияликлар бўлган самолёт ҳалокати факти бўйича жиноий иш қўзғатган.
Мавзуга оид
22:27 / 25.12.2024
Мустақил Қозоғистон тарихидаги энг йирик авиаҳалокатлар санаб ўтилди
21:32 / 25.12.2024
Azerbaijan Airlines самолётининг Қозоғистондаги ҳалокатида 38 киши вафот этди
20:54 / 25.12.2024
Қозоғистонда ҳалокатга учраган самолёт ердан уриб туширилгани ҳақида тахминлар янграмоқда
17:13 / 25.12.2024