Истанбулдаги отишма: бир киши ҳалок бўлган. Туркия расмийлари Россия ва Тожикистон фуқароларидан гумон қилмоқда
Якшанба куни икки нафар қуролланган шахс Истанбулдаги черковлардан бирида ибодат вақтида ўт очди. Натижада бир киши ҳалок бўлган. Туркия ҳукумати бу ҳужумда Россия ва Тожикистоннинг ИШИД гуруҳига алоқадор бўлган фуқаролари гумонланаётганини маълум қилди.
Отишма маҳаллий вақт билан соат 11:40 атрофида (Гринвич бўйича 08:40) Истанбулнинг Сариер тумани ҳудудидаги Авлиё Мария черковида бошланган.
Жиноят мотиви ҳозирча тўлиқ аниқ эмас, аммо, BBC Monitoring эксперти Мина ал-Ламийнинг фикрича, ИШИД ўз телеграм-каналларидан бирида бу қотиллик Туркиядаги бўлими аъзолари томонидан содир этилгани ва улар бу билан ИШИД раҳбариятининг насронийлар ва яҳудийларнинг танобини тортиб қўйиш тўғрисидаги буйруғини бажаришганини эълон қилди.
Кузатув камераларида ёзилган ва маҳаллий нашрлар томонидан тарқатилган кадрларга кўра, черковга қуролланган икки шахс кириб келганида диндорлар меҳробга (алтаръ) қараб турган бўлишган.
Гумонланувчилар черковга эндигина кириб келган қора кийимли кишини таъқиб қилиб келишган.
Ўт очилиб, жабрланувчи оғир жароҳат олгач, икки гумонланувчи ҳам хотиржамлик билан жиноят жойини тарк этишган.
Якшанба куни кечқурун Туркия ички ишлар вазири Али Ерлиқоя твиттердаги саҳифасида шундай хабар қолдирди: «Қотилликда гумонланаётган икки киши қўлга олинди».
Кейинроқ у Туркия полицияси ушбу қотиллик иши доирасида Истанбулдаги 30 манзил бўйлаб рейдлар уюштиргани ва 47 киши қўлга олингани ҳақида маълум қилди.
«Икки гумонланувчи ҳам — бошқа давлатлар фуқаролари. Улардан бири Тожикистондан, иккинчиси — россиялик, бизнинг ҳисоблашимизча, улар ИШИДга алоқадор бўлишган», — деган вазир.
Ҳалок бўлган шахс ҳақида кўп нарса маълум эмас. Воқеа жойига келган Ерлиқоя фақат унинг исми ва фамилиясининг бош ҳарфларини келтирди: С. T.
Қурбоннинг амакиси маҳаллий нашрларга интервюсида у 52 ёшда бўлгани ва яқин вақтлар ичида насронийликни қабул қилишни режалаштиргани, аммо чўқинишга улгурмаганини айтган. Яна бир қариндоши эса у руҳан хаста эди ва ҳужум нишони бўлиши мумкин эмасди.
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ҳодиса юзасидан ҳамдардлик билдириб, қотиллар «24 соат ичида топилиши»ни ваъда қилганди.
Қотиллик рўй берган черков XIX асрда қурилган ва Босфор бўғози соҳили яқинида, Истанбулнинг Европа қисмидаги балиқ бозори атрофида жойлашган.
Шаҳар мэри Акром Имомўғли твиттердаги саҳифасида шундай ёзган: «Биз шаҳримиздаги диний масканларга ҳужум қилиб, ҳамжиҳатлигимиз ва тинчлигимизни бузишга уринаётган кимсаларнинг ниятлари амалга ошишига ҳеч қачон йўл қўймаймиз».
Рим папаси Франциск ҳам Ватикандаги ҳар кунги ибодат вақтида Истанбулдаги ҳодиса юзасидан тўхталиб, Авлиё Мария черкови қавми билан бирдамлигини билдирган.
Туркияда насронийларга қарши ҳужумлар жуда кам учрайди. Имомўғлининг сўзларига кўра, бу тумандаги мусулмонлар ва христианлар тотувликда яшашади ва маҳаллий аҳоли бу қотилликдан ларзага тушган.
Мавзуга оид
00:45 / 23.12.2024
Туркия ТИВ раҳбари Сурияга қарши санкцияларни тезроқ бекор қилишга чақирди
17:50 / 19.12.2024
Абхазия парламенти олдида отишма юз берди. Бир депутат ҳалок бўлди
17:52 / 17.12.2024
WSJ: АҚШ Сурия чегарасида турк қўшинлари тўпланаётганидан хавотирда
16:47 / 17.12.2024